Тошкентда янги туғилган чақалоқларда эшитиш қобилиятининг универсал скринингини ўтказиш синов лойиҳаси бошланди
15 ёшгача бўлган болаларда эшитиш қобилиятини йўқотиш ҳолатларининг 60%ини профилактика чоралари ёрдамида олдини олиш мумкин. Агар эшитиш қобилиятида нуқсони бор болага умрининг дастлабки уч йилида ёрдам кўрсатилмаса, бундай бола нутқ билан боғлиқ муаммоларга дуч келишининг эҳтимоли катта бўлганлиги боис, вақт ўтиб, кар ва соқов бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун эшитиш қобилиятидаги нуқсонларни ўз вақтида аниқлаш керак, бу йўналишдаги энг самарали усуллардан бири янги туғилган чақалоқларнинг эшитиш қобилиятини универсал скринингдан ўтказиш ҳисобланади.
Агар биринчи босқичда эшитиш қобилиятининг нуқсонлари аниқланса, болаларга эшита олишлари ва нутқни ривожлантира олишларига ёрдам бериш мумкин. Агар эшитиш қобилиятидаги нуқсон бола туғилгандан сўнг 3-5-кунида аниқланса, мутахассисларнинг тавсияларига кўра, 15-30-куни болани махсус текширувдан ўтказиш ва тегишли чораларни кўриш керак.
«Замин» фонди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази (РИПИАТМ) билан ҳамкорликда йилига 70 000 дан зиёд чақалоқ дунёга келадиган Тошкент шаҳрида синов лойиҳасини бошлади. Тиббиёт муассасаларида ўтказилаётган скринингни мониторинг ва таҳлил қилиш учун лойиҳа доирасида онлайн тизим ишга туширилди. 19 нафар шифокор ва 38 нафар ҳамшира Германиялик мутахассислар тарафидан ўтказилган тренинг-семинарларда муваффақиятли иштирок этди.
Янги туғилган чақалоқлар шаҳардаги 4 та болалар шифохонасида ва барча 15 та туғруқ марказларида эшитиш қобилиятининг скрининг текширувидан ўтказилиши мумкин. Эшитиш қобилиятининг нуқсони аниқланса, ҳар бир чақалоққа махсус диагностикадан ўтиш ҳамда эшитиш ва нутқни ривожлантиришга қаратилган зарур чора-тадбирларни кўриш учун РИПИАТМга йўлланма берилади. Эшитиш қобилиятининг скринингидан ўтган янги туғилган чақалоқлар тўғрисидаги маълумотлар РИПИАТМ қошида яратилган трекинг-марказда тўпланади ва қайта ишланади. Ушбу лойиҳа 1 йиллик синов муддатидан муваффақиятли ўтгандан сўнг республикамиздаги барча туғруқ марказларига тадбиқ қилинади.
2020 йил 2 декабрь куни Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида эшитиш қобилиятининг скринингини ўтказиш синов лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. «Замин» фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева лойиҳанинг дастлабки натижалари билан танишди, туғруқ марказлари шифокорлари ва янги туғилган чақалоқларнинг ота-оналари билан суҳбатлашди, уларга энг эзгу тилакларни билдирди. Шунингдек, тиббиёт ходимларига мардонавор меҳнатлари учун алоҳида миннатдорчилик билдирилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter