Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда таралаётган бадбўй ҳид бўйича маълумот берилди

Тошкентда таралаётган бадбўй ҳид бўйича маълумот берилди

Пойтахтимизнинг айрим ҳудудларида асосан тунгги вақтларда таралаётган бадбўй ҳиднинг келиб чиқиш омиллари бўйича Давлат экология қўмитаси бош мутахассиси Ғолиб Шукуров қуйидагиларни маълум қилди:

— Бу муаммонинг сабабларини аниқлашга мазкур мавзу ижтимоий тармоқларда кўтарилишидан аввал киришилган. Модомики, «Экологлар қаёққа қараяпти?» деган гаплар жоиз эмас. Ҳали ҳидни кўпчилик сезмаган баҳор фаслининг бошларида Бектемир, Сергели, Чилонзор, Яккасарой, Миробод ва Учтепа туманлари ҳудудларидан ҳамда Тошкент шаҳар «Бўзсув аэрация станцияси», «Салар аэрация станцияси» ва «Бектемир оқова сув тозалаш иншооти»лари атрофида атмосфера ҳавоси ифлосланиши даражасини аниқлаш бўйича фон тарзда ўлчовлар амалга оширилди ва ташланаётган оқова сувлардан намуналар олинди.

Хусусан, атмосфера ҳавоси бўйича ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, оқова сув тозалаш иншоотлари атрофида олтингугурт водороди белгиланган меъёрдан бир неча баробар ошиқлиги аниқланди.

Оқова сув тозалаш иншоотларида ўтказилган таҳлил натижалари бўйича, «Салар аэрация станцияси»да 4 та, «Бўзсув аэрация станцияси»да 6 та ҳамда «Бектемир оқова сув тозалаш иншооти»да 6 та ифлослантирувчи моддаларнинг (жумладан, азот аммоний, сулфатлар, хлоридлар) белгиланган меъёрдан кўпайганлиги маълум бўлди.

Муаммони атрофлича ўрганган ишчи гуруҳимиз бадбўй ҳид асосан оқова сув тозалаш иншоотлари самарадорлигининг жуда пастлиги ҳамда тозалаш қурилмаларининг маънан эскирганлиги билан боғлиқ, деган хулосага келди. Шунингдек, айрим ишлаб чиқариш корхоналарида локал тозалаш иншоотларининг мавжуд эмаслиги ёки борларида ҳам бирламчи тозалаш ишлари ва зарарсизлантириш тадбирлари белгиланган тартибда сифатли бажарилмай, оқовалар тўғридан-тўғри канализация тармоқлари орқали оқова сув тозалаш иншоотларига ташланишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Шу муносабат билан, тилга олинган ҳудудлардаги 15 дан ортиқ турли корхоналарнинг фаолияти вақтинча тўхтатилди. Экологлар бу борада ўз ваколатлари доирасида қатъий назорат ўрнатган. Воқелар ривожи хусусида қўшимча маълумот бериб борилиши айтилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг