Тошкентда рейд: яроқсиз автобусни ҳайдаб юрган ҳайдовчилар аниқланди
Жорий йилнинг 22-26 август кунлари жамоат транспорти ҳайдовчилари билан олиб борилган профилактика тадбирлари доирасида ҳайдовчилар ва масъул ходимлар томонидан қўпол қоидабузарликларга йўл қўйилгани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.
Аниқланишича, Чилонзор тумани Турсунқулов кўчасида «Кобальт» русумли такси машинаси тўхтатилганда унинг мажбурий техник кўрикдан ўтказилмагани маълум бўлди ва шу сабаб ҳайдовчи А.Ф. ва корхона раҳбари К.Х.га нисбатан маъмурий баённома тузилди.
Бектемир тумани Оҳангарон шоҳ кўчасида соат 6.00да «КИНГ ЛОНГ» микроавтобуси тўхтатилди. Маълум бўлишича, ҳайдовчи А.А. ушбу транспорт воситасини тегишли ҳужжатларсиз бошқарган. Шунинг учун ҳайдовчи ва транспорт воситасини йўналишга қўйишга масъул бўлган корхона ходими И.У.га нисбатан маъмурий баённома тузилди.
Шунингдек, Яшнобод тумани Чўлпон кўчасида соат 8.40да «Исузу» автобуси тўхтатилиб, ҳайдовчи Э.Б.га нисбатан автобусда бошқариш вақтида йўл чизиқларига амал қилмагани учун маъмурий баённома тузилди.
Олмазор тумани Янги Олмазор кўчасида соат 6.00да «Мерседес-Бенс» автобуси текширилганда, ҳайдовчи А.Ш. транспорт воситасини носоз ҳолатда бошқариб кетаётгани маълум бўлди. Ҳолат юзасидан ҳайдовчи ва корхона масъул ходими Х.Б.га нисбатан маъмурий баённома тузилди.
Сергели тумани Чоштепа кўчасида эрталаб соат 6.00да «Мерседес-Бенс» автобуси тўхтатилди. Текширув натижасида транспорт воситаси носоз ҳолатда экани аниқланди. Ҳайдовчи А.С. ва корхона масъул ходими Ю.Б. маъмурий жавобгарликка тортилди.
Бектемир тумани Оҳангарон шоҳкўчасида соат 6.00да «Мерседес-Бенс» автобуси текширувдан ўтказилди ва унда ҳам носозлик аниқланди. Автобус ҳайдовчиси С.Т. ва корхона ходими Ж.Н.га нисбатан маъмурий баённома тузилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter