Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда жиҳодчилар ушланди

Тошкентда жиҳодчилар ушланди

Иллюстратив сурат

2019 йилнинг 23 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган “Жиҳодчилар” ДЭОнинг бир гуруҳ аъзолари жиноий фаолиятига чек қўйилган.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, ушбу шахсларнинг бир неча нафари муқаддам таъкидланган оқим сифатида ноқонуний фаолият билан шуғуллангани боис жазо муддатини ўтаб чиққан бўлиб, Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрсатилаётган ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий кўмакка қарамасдан жиноий тил бириктирган. Улар аҳоли орасида ноқонуний тарғибот олиб бориб, “Жиҳодчилар” ДЭО ғояларини тарқатганлар ҳамда шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни содир этганлар.

Шунингдек, улар ёшлар онгини заҳарлаб, ўзларининг ақидапарастлик ғояларини сингдириб, жиноят содир этишга чорлаганлар.

Ҳибсга олинган шахсларнинг яшаш манзилларида экстремистик мазмундаги адабиётлар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.

Маълумот учун, “Жиҳодчилар” ДЭО ғояларида кишилар онгидан миллий урф-одатларни йўқ қилиш, қабристон ва зиёратгоҳларга боришни ман этиш, барча қонун-қоидаларни фақат Қуръон ва шариат асосида ўз талқинларида бўлишини таъминлаш ҳамда мавжуд сиёсий тузумни ағдариб ташлаш ва шариатга асосланган давлатни қуриш акс этган.

Олий суднинг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқими ташкилоти фаолияти Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Ички ишлар вазирлиги фуқаролар, айниқса, ёшларни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўраган.

Шунингдек, Адлия вазирлигининг веб-сайтида экстремистик ва террористик ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар эълон қилиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг