Тошкентда «БАД» масаласида халқаро анжуман ўтказилмоқда
2019 йилнинг 25-26 октябрь кунлари «City Palase Hotel Tashkent» ва «International Hotel Tashkent»нинг анжуманлар залида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги ташаббуси билан «Биологик фаол қўшимчалар: фан, ишлаб чиқариш ва бошқариш» мавзуида халқаро илмий-амалий тадбир ўтказилмоқда. Уни агентлик директори Б.И.Алматов тантанали равишда очиб берди.
Анжуманда юртимизнинг тажрибали профессорлари А.С Худайберганов, Г.И.Шайхова, Н.Ж.Эрматов, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари, хусусан, В.Н.Шабалин (Россия), Бенсу Карахалил (Туркия), Канг Даежин (Жанубий Корея), Малаян Юлия Суреновна (Қозоғистон) ва бошқалар сўзга чиқиб, иштирокчилар билан фикр алмашди.
Унда эришилган ютуқлар билан бирга ҳали йўлга қўйилиши керак бўлган муаммолар ҳам айтиб ўтилди.
Жумладан:
- биологик фаол моддаларни рўйхатга олишда уларнинг дори воситаларига тааллуқлилигини белгилашда, уларнинг чегарасини аниқ белгиловчи норматив ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги;
- биологик фаол моддаларни қайта рўйхатга олишда уларнинг барча процедуралардан қайта ўтиши ҳолатлари мавжуд бўлиб, ушбу бюрократик тўсиқлар бартараф этилмаганлиги, шунингдек, биологик фаол моддалар реализацияси бўйича ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар мавжуд эмаслиги;
- республикамизга олиб кирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган биологик фаол моддаларни ҳисобга олиб, уларнинг реализацияси, маҳсулот ҳажми ва хусусиятини инобатга олган ҳолда мазкур маҳсулотнинг соҳа классификатори мавжуд эмаслиги;
- рўйхатга олиш тизими шаффоф эмаслиги, рухсат этиш амалиётида муддатларга риоя этилиши юзасидан жиддий муаммолар мавжудлиги ва ҳоказо.
Мазкур камчиликларни инобатга олган ҳолда ҳукуматимиз томонидан халқаро тажрибани ўрганиш, уларни амалиётга жорий этиш, фаолият шаффофлигини таъминлаш юзасидан халқаро конференция ташкил этиш топшириғи берилган.
Ташкиллаштирилган анжуманда берилган таклиф, фикр ва мулоҳазалар республикамизда биологик фаол моддаларни рўйхатга олиш, ишлаб чиқариш ва реализация масаласида мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича муҳим қадам саналиб, бу соҳада қабул қилиниши жоиз деб топилган ҳуқуқий-норматив ҳужжатларга асос бўлиши кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter