Тошкентда аҳоли норозилигига сабаб бўлган муаммога барҳам берилди
Тошкент шаҳар ҳокимияти «Чўпон ота» маҳалласидаги қурилиш ишлари натижасида аҳоли норозилигига сабаб бўлган ўзгаришлар масаласини ўрганиб чиқди.
Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизматининг хабар беришича, тадбиркор Абдураҳмон Бобохонов кўзи ожизлар яшаётган маҳалланинг эски гузари ўрнига янгисини қуриб бермоқда. Бунинг эвасига эса Чилонзор туман ҳокимлиги томонидан тадбиркорга маҳалла гузари ёнида уч қаватли бино қуришга рухсат берилган. Бино қурилиши оқибатида маҳалла йўлларига ўзгартириш киритилмоқда, унинг атрофидаги ариқ ҳам бошқа жойга кўчирилиши мумкин. Бу эса аҳолининг эътирозларига сабаб бўлган.
Маълум қилинишича, тадбиркор тегишли мутасаддилардан берилган рухсат, қонуний ҳужжатлар асосида иш бошлаган. Буни Чилонзор туман ҳокими ўринбосари Баҳодир Поёнов ҳам тасдиқлади.
Абдураҳмон Бобохоновнинг айтишича, бу ерда фақатгина янги маҳалла гузари ва бино қурилмайди. Янги болалар майдони, фавворалар, аҳолининг дам олиши учун бошқа шароитлар ҳам яратилади. Маҳаллада фақат кўзи ожизлар яшамайди. Маҳалла фуқаролар йиғини раисининг сўзларига кўра, кўзи ожизлар маҳалланинг 10 фоизинигина ташкил этади. Демак, маҳаллада 1836 нафар аҳоли яшаса, уларнинг орасида соғлом фуқаролар ҳам кўп.
Фуқаролар норозилигининг асосий сабаби бино қурилиши эмас, балки ариқнинг аҳоли турар жойига яқин қилиб ўз жойидан кўчирилиши эканлиги маълум қилинган. Аҳолини ташвишлантираётган муаммо ариқ уларнинг уйлари ёнига кўчирилса, шундоқ ҳам авария ҳолатидаги уй-жойларига зарар етиши мумкин.
Маҳалла раиси Улуғбек Жавлоновнинг айтишича, ариқ кўчирилиши мўлжалланган жойда фуқароларнинг ўзбошимчалик билан ўзлаштирилган томорқалари мавжуд. Улар шу томорқаларни сақлаб қолиш мақсадида норозилик билдиришмоқда. Айтилишича, уларнинг бу талаби қондирилган. Маҳалладан ўтувчи ариқ ҳам кўчирилмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter