Тошкентда халқаро пиёз боғи маркази очилади
Хитой Фанлар академияси Кунминг институти ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти олимлари ҳамкорликда 2017 йил 22 ноябрь куни дунёда биринчи бўлиб илк маротаба Хитойнинг Кунминг шарида «Халқаро пиёз боғи Кунминг маркази» ни ташкил этган эдилар. Ушбу пиёз марказида шу вақтгача дунёда мавжуд бўлган пиёз турларининг 90 фоизи жамланган эди.
Режага кўра Тошкент шаҳрида ҳам ана шундай марказ ташкил этиш белгиланган эди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ва Хитой Фанлар академияси Кунминг институти етакчи ботаник олимлари ҳамкорликда Халқаро пиёз боғи Тошкент марказини ташкил этиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди. Эртага 30 апрель куни Тошкент Ботаника боғи ҳудудида «Global Allium Garden Tashkent Center» нинг очилиш маросими бўлиб ўтади.
Халқаро пиёз боғи Тошкент марказининг очилиш маросимида юртимиздаги соҳа мутахассислари билан биргаликда Хитойнинг Кунминг институти профессорлари Сун Ҳанг ва Тао Денгларнинг қатнашиши кутилмоқда. Бу ҳақида Xabar.uzга Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институти директори академик Комилжон Тожибоев маълум қилди.
Айни вақтда ер юзида ёввойи пиёз турларининг 972 тури мавжуд бўлиб, юртимизнинг турли минтақаларида уларнинг 137 тури ўсади. Ўзбекистон ёввойи пиёз турларининг келиб чиқиш марказларидан бири сифатида дунё ботаникларининг диққат эътиборида бўлиб келмоқда. Айни вақтда Ботаника институти ботаник олимлари томонидан ана шу пиёз турларини илмий асосда тадқиқ этиш, уларнинг хилма-хиллигини сақлаб қолиш бўйича тизимли тадбирлар режасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Ташкил этилган Халқаро пиёз боғи Тошкент марказида Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлар ҳудудида ва Эрон, Ўрта Ер денгизи ҳудудларида ўсувчи 100 дан ортиқ ёввойи пиёз турлари жамланган. Ушбу марказ айни вақтда дунёдаги ана шундай марказларнинг иккинчиси ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter