Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент вилоятида ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги текширилди

Тошкент вилоятида ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги текширилди

Фото: Мудофаа вазирлига Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли Тошкент вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида шахсий таркибнинг жанговар шайлиги яна бир бор синовдан ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлига Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди. 

«Тревога» сигнали билан бошланган кенг кўламли ўқув машғулотида ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги, мураккаб вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш, қўриқланаётган ўта муҳим объектнинг хавфсизлигини таъминлаш борасидаги билим ва тажрибаси бугунги кун талабига қай даражада мослиги текширилди.

Ушбу жанговар шайлик текширувида Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисм шахсий таркиби билан бирга Давлат хавфсизлиги хизмати, Ёнғин хавфсизлиги хизмати, Ички ишлар, Фавқулотда вазиятлар ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари иштирок этди.

Ўқув машғулоти режасига кўра, қўриқланаётган объектга уюштирилган «ҳужум» хабаридан сўнг дастлаб шахсий таркиб жанговар ҳолатга келтирилди. Шундан сўнг шартли душманни яксон этиш ва объект хавфсизлигини таъминлаш борасидаги куч тузилмаларининг биргаликдаги режаси ишлаб чиқилди.

Колонна бўлиб ҳаракатланаётган қўшинга шартли душман йўлнинг жанг олиб бориш учун ноқулай қисмида пистирмадан ҳужум қилди. Ҳарбий хизматчилар ушбу ҳужумни усталик билан бартараф этди. Воқеа жойига Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари етиб келиб, вазиятни ўз қўлларига олди. Қўшин эса йўлда давом этди.

Кейинги манзил сув омбори. У ерда объектга ҳужум қилган шартли душманни аниқлаш ва уни ер тишлатиш учун шахсий таркиб сувда ва қуруқликда жанг олиб борди. Моторли қайиқ ва жанговар қуролларга эга шартли душман огоҳлантиришга қарамай, ўз режасини амалга ошириш учун ҳаракатни давом эттирди. Юрт ҳимоячилари ҳам ўз навбатида моторли қайиқлар билан душман йўлини тўсди.

Моторли қайиқдаги шартли террорчилар ер тишлатилгач, уларнинг бошқа бир гуруҳи сув омборининг қуруқликдаги қисмидан ҳаракатга ўтди. Уларнинг ҳужуми ҳам бартараф этилди. Шу тариқа қўриқланаётган объектга ҳужум уюштирилганда уни бартараф этиш, объект хавфсизлигини таъминлаш борасидаги кўникмалар яна бир бор мустаҳкамланди.

Ўқув машғулоти доирасида шунингдек, фавқулотда вазиятлар: кўнгилсиз ҳодисалар, ёнғинни бартараф этиш борасида ҳам машғулотлар ўтказилди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг