Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ССВ ҳайъат йиғилишида беморга қўполлик қилган тиббиёт ходимлари ва уларнинг раҳбарлари вазифасидан озод қилинди

ССВ ҳайъат йиғилишида беморга қўполлик қилган тиббиёт ходимлари ва уларнинг раҳбарлари вазифасидан озод қилинди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Бугун, 5 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдан ташқари ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилиш соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов раислигида ўтказилган. Видеоселектор тарзида ўтган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва вилоятлардаги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари, республика тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари директорлари иштирок этган.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари билан бўлиб ўтган йиғилишларда шифохоналардаги ҳолатлар, тиббиёт ходимларининг касбий этикаси ва аҳолининг эҳтиёжлари ва ҳақли талабларига бефарқ муносабатда бўлаётган айрим раҳбар-ходимлар масъулиятини оширишда ижро интизоми ва назорати алоҳида ўрин тутиши таъкидланганди.Шу муносабат билан ҳайъат йиғилишининг биринчи масаласи аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлилига бағишланди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Таъкидланганидек, Президент виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатларнинг тиббиётга тегишли қисми ўрганилганда, уларнинг 12,6 фоизи айнан соғлиқни сақлаш ходимлари ҳаракати, бемор ва унинг қариндошларига нисбатан қўпол муомалада бўлинаётгани ҳақида экани маълум бўлди.

Хусусан, Тошкент шаҳридаги 4-сонли клиник шифохонанинг травматология бўлимида даволанаётган бемор томонидан юборилган мурожаат ўрганилганда ҳам травматология бўлими мудири Т.Тоғаев ва ҳамшира М.Толипова ҳақиқатан ҳам тиббиёт ходими деонтологияси талабларини қўпол равишда бузиб келгани маълум бўлди.

— Бугун биз Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида янгича ишлаш тизимига ўтаяпмиз. Яъни ишимизга баҳони халқ берадиган, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қиладиган тизимга, — дейди соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов. — Ҳаётнинг ўзи олдимизга энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Давлатимиз раҳбарининг қатъий талаби ҳам шу. Ҳар бир раҳбар ходим халқ дарди, халқнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиши шарт. Шу каби ҳолат бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам содир бўлмаслиги, барча ўзига тегишли хулоса чиқариши учун мазкур масала муҳокамасини бугунги навбатдан ташқари бўлаётган ҳайъат йиғилишимизнинг бош масаласи сифатида олиб чиқдик.

Юқорида кўрсатилган камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳамда шифохонада маънавий муҳит бузилганлиги, тиббиёт ходимлари ўртасида этика, деонтология масалалари талабга жавоб бермаганлиги учун Тошкент шаҳридаги 4-сонли клиник шифохона бош шифокори С.Алимов, шифохонанинг бош ҳамшираси Ш.Алимова, травматология бўлими мудири Т.Тоғаев ва травматология бўлими ҳамшираси М.Толипова ўз вазифаларидан озод этилди.

Йиғилиш якунида ҳар бир тиббиёт ходимининг асосий вазифаси аҳоли саломатлигини янада яхшилаш, оилаларга кириб борган ҳолда мулоқот ўрнатиш, кафолатланган ҳамда бошқа тиббий хизмат турларининг ўз вақтида ва кўнгилдагидек кўрсатилишини таъминлаш экани яна бир бор таъкидланди. Тиббиёт ходими фаолияти самараси халқ фикри орқали баҳоланадиган тизим шакллантириш, бунда тиббиётнинг барча бўғинини комплекс ривожлантириш лозимлигига эътибор қаратилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг