Тезюрар поезд Нукусгача боради
Бугун, 28 ноябр куни Бухоро – Урганч – Хива темир йўлини электрлаштириш лойиҳаси бўйича тақдимот билан танишган Ўзбекистон президенти лойиҳанинг сифатли бўлишига алоҳида аҳамият қаратди.
«Аввалги лойиҳаларда мутахассисларимиз анча тажриба орттирди, чет эллик консултантлар ҳам жалб этилди. Энди асосийси — ишни сифатли бажариш. Бу йўлни қанча яхши қилсак, халқимизга шароит, туристлар учун қулайлик, иқтисодиётимизга манфаат бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Бухоро ва Хоразм вилояти ҳокимларига тезюрар поезд ўтадиган туман ва шаҳарларда йўл бўйи хизматларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.
«Темир йўл борган жойга маданият боради, ҳаёт жонланади. Шундай экан, бекатлар атрофида, ҳудди автомобил йўлларида бўлганидек, савдо ва хизмат шохобчаларини кўпайтириш керак. Яна бир вазифа — темир йўл бўйлаб чўл иқлимига мос дарахт ва буталар экиш зарур. Бу ҳам ҳудуд экологиясига таъсир қилади, ҳам йўл бўйларига кўрк бағишлайди, — деди Президент.
Президентимиз мутасаддиларга ҳозирги лойиҳага ҳамоҳанг тарзда, Нукус шаҳригача бўлган темир йўлни ҳам электрлаштириш бўйича кўрсатма берди. Бунинг натижасида Тошкент билан Нукус ўртасидаги қатнов вақти 16 соатдан 7 соатгача қисқаради.
Тадбирда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, давлат ташкилотлари биноларида қуёш панеллари ўрнатиш, аҳолини бу борада рағбатлантириш масалалари бўйича ҳам топшириқлар берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter