Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Танзила Норбоевага қилинган мурожаат дарҳол тармоқдан ўчиртирилди. Ёки яна Андижон ҳақида

Танзила Норбоевага қилинган мурожаат дарҳол тармоқдан ўчиртирилди. Ёки яна Андижон ҳақида

Фото: Даракчи

Шифокорнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали Сенат раиси Танзила Норбоевага қилинган мурожаати кўп ўтмай ўчиртирилди. Бу ҳолат Xabar.uz мухбири мурожаатчи билан телефон орқали боғланиб, қисқа мулоқот қилгунча содир бўлсами?!

«Ака, гапларимга жавоб бераман, бироқ, илтимос, исми-шарифимни очиқ ёзманг», деди суҳбат якунида парламент юқори палатаси раисига мурожаат қилган шифокор.

«И-е, нега? Мурожаатингиз тармоқдаги саҳифангизда турибди, исм-шарифни яширишдан не маъно?»

«Ўчиртиришди-да?!»

«Ки-им?»

«...»

...Хуллас, Андижон вилояти Шаҳрихон тумани (Танзила Камоловна туғилган маскан!) Марказий поликлиникаси бўлим мудири О. А. Сенат раисига мурожаат қилиб, иссиқ овқатсиз ишлашаётгани, зарур (сифатли) ҳимоя воситаларини ўзлари сотиб олишга (!) мажбур бўлаётганини айтиб, айни муаммога эътибор қаратишни сўрайди. Гап орасида ўзга давлатларга кўрсатилаётган гуманитар ёрдамни ҳам «бирров» қистириб, мурожаат орқали нолимаётганини ҳам таъкидлашни унутмайди.

Ўзаро мулоқотда эса шифокор халат-у қалпоқлар не, ҳатто иш жараёнида зарур бўладиган дафтар-қоғоз-қаламгача маошдан сотиб олиш аллақачон одат тусига айланганини оғриқ билан айтди.

Пировардида, кутилмаган ҳолат: мурожаат тармоқдан ўчиртирилган!

Бироқ мурожаат тармоқдан олинсин-олинмасин, муаммо кўндаланг турибди барибир.

Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади, деган гап бежиз эмас. Андижон вилояти соғлиқни сақлаш тизимидаги аҳволга оид чиқаётган хабарлар мантиқ тарозисига солинса, айни мақол такрор-такрор ёдга тушадигандек.

Ёддан кўтарилгани йўқ: шу ой (апрел) бошида ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасига эски ҳимоя кийимлари берилгани ва улар ҳам етарли эмаслиги ҳақида хабарлар тарқалди. Кўп ўтмай соғлиқни сақлаш вазирлиги айни хабарни инкор этиб, жорий йил март ойи давомида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасаларига бир ва кўп маротабалик ишлатиладиган ҳимоя кийимлари тарқатилгани, қўшимча равишда яна 3 минг донадан зиёд комбинезонлар етказиб берилганини билдирди.

Орадан кўп ўтмай Андижон ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов нохуш статистика келтирдики, у вазирликнинг инкорини катта шубҳа остига қўяди:  вилоят бўйича коронавирусга чалинган (12 апрель ҳолати) 90 беморнинг 78 нафари тиббиёт ходимларидир!

Энди оддий мантиқ тарозига қўйинг: етрлича ҳимоя воситалари билан таъминланган экан, нега вилоятда короновирус инфекцияси юқтирган шифокор кўп?! Ҳаддан зиёд кўп?!

Беморлар ҳаёти учун жон олиб-жон бераётган шифокорларни етарлича ҳимоя қилмай туриб, бу балони даф қилиш мумкинми ўзи?!

Хулоса чиқариш ўзингизга тан!

Шу ўринда ўтган йили вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасидаги «можаро»ни эсламай илож йўқ. Ёдингизда бўлса, 2019 йилнинг июн ойида ҳоким вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига қўшиб, тўғридан тўғри вазирни ҳам очиқдан-очиқ ҳақорат қилган аудиоси тарқалганди.

Ўшанда Андижонда (ҳоким ташаббуси билан) молия бошқармаси пул маблағларини тиббиёт муассасаларидан йиғиб олиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳисоб-рақамига марказлаштириш ҳамда (ушбу пул маблағларига) тўғридан-тўғри тузилган шартномаларга мувофиқ, шприц, инфузион система ва тиббий қўлқоплар сотиб олингани вазирлик эътирозига сабаб бўлиб, бу ҳақда Бош прокуратурага мурожаат қилингани Шуҳрат Абдураҳмоновни жазавага туширганди.

Ўз навбатида вилоят ҳокимининг ҳақоратларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги босиқлик билан муносабат билдириб, бундай «амалиёт» қонунга тамоман зид эканига қарамай тўғридан-тўғри тузилган шартномалар асосида жами 6,3 млрд сўмлик мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган шприц ва системалар, шунингдек, яна ноқонуний равишда  жами 20,1 миллиард сўмлик мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган (!) тиббий қўлқоп маҳсулотлари харид қилинганини билдирган эди.

Шунга қарамай масала қайта кўтарилмади: ҳар ҳолда, ваколатли органлар бу борада оммавий ахборот воситаларига айтарли маълумот бергани йўқ. Жимжитлик.

...Юқоридагилардан келиб чиқилса, бугунги синовли кунларда, хусусан, Андижонда тиббиёт ходимларининг муаммога дуч келишаётгани ҳақида унда-бунда янграётган хабарларда мантиқ ва ҳақиқат учқунлари йўқ эмасдек кўринаверади.

Шамол бўлмаса дарахт учи қимирлавермайди, ахир?!

Нима дедингиз, Танзила Камоловна?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг