Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тафсилотлар ошкор қилинди: «Ёшлар куни» мутлақо янгича форматда ўтказилади

Тафсилотлар ошкор қилинди: «Ёшлар куни» мутлақо янгича форматда ўтказилади

Фото: «Fikr.uz»

25 июнь куни Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Йиғилишда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида қилинаётган ишлар, 30 июнь куни нишонланадиган «Ёшлар куни»ни муносиб кутиб олиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда иштирок этган «Xabar.uz» мухбирининг маълум қилишича, видеоселекторда ёшларнинг хоҳиш ва истаклари асосида, барча умумтаълим мактаблари 11 йиллик таълим тизимига ўтказилгани таъкидланди.

Коллеж ва лицейлар тизимини такомиллаштириш мақсадида катта ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тавсиясида асосида ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратиш тизими жорий этилди. «Ёшлар – Ўзбекистон келажаги» давлат дастури ишлаб чиқилди. Бу дастур ҳозирда Қуйичирчиқ ва Чилонзор туманларида синовдан ўтказилмоқда.

Дастурнинг қабул қилиниши билан ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, уларга имтиёзли кредит бериш ва бандлигини таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилиши қайд этилди. Бу бевосита бугунги кунда ёшларни қийнаб келаётган муаммолар, бандлик масаласи ҳамда уларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун яқиндан ёрдам бериш, имконият яратиш деганидир.

Йиғилишда Қуйичирчиқ ва Чилонзор туманида ўтказилган ўрганиш ва тажрибалар ҳақиқатда бугунги кунда кўплаб бинолар бўш тургани, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларимиз кўплигига гувоҳ бўлингани айтиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Хитойнинг Синдао шаҳрида, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг ёшларга мурожати ва уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастурининг қабул қилиниши таклифи билан чиққанди. Бу билан Ўзбекистон яна бир маротаба дунё ҳамжамиятида ёшларга оид давлат сиёсатида ўз ўрни билан ажралиб турганини кўрсатди. Шунингдек, БМТнинг 72-сессиясида Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш таклифи билан чиққан эди. Ушбу ёшлар форуми 26-30 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Йиғилишда юртимизда ёшлар аҳолининг умумий сонига нисбатан 55,3 фоизини, яъни 18 миллионни ташкил этиши қайд этилди. Бу эса барчадан ёшлар сиёсати борасида олиб бораётган ишларга маъсулият билан, янада теъранроқ қараш кераклигини англатиши таъкидланди.

Видеоселектор мажлисида юртимизда илк маротаба ўтказилаётган 30 июнь - «Ёшлар куни» байрамини янгича мазмун ва шаклда, халқимиз, айниқса ёшларимизга маъқул бўладиган тарзда ташкиллаштириш лозимлиги айтиб ўтилди.  «Ёшлар куни»га бағишланган тадбирлар «ёшлар келажагимиз» шиори остида тайёрланган концепция асосида амалга оширилади. Тадбирлар ўтказиш дастурлари ва сценарийлари қаторида ҳоким ва ёшлар учрашувлари бўлади. Намунавий тўйлар, галаконцерт ва меҳнат ярмаркасининг сценарийлари бўлади. Барчаси мутлақо янгича тайёрлаб қўйилган. Яъни, ҳар бир туманда 27-29 июнь кунлари, 30 июнь куни вилоят миқёсида ушбу тадбирлар ташкил этилади.

Йиғилишда «Ёшлар куни» байрамини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича мутасадди вазирлик ва идоралар, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, ҳудудий ишчи гуруҳлари аниқ ва мақсадли тадбирлар режасини ишлаб чиқишлари лозимлиги таъкидланди. «Бу байрам 18 миллион ёшларимиз ҳар бирининг қалбига жойлашиши керак. Бутун дунёда ҳали бирорта бунақа тадбир бўлган эмас», дейилди видеоселектор мажлисида.

Тадбир доирасида меҳрибонлик ва мурувват уйлари тарбияланувчилари, кам таминланган оилалар фарзандлари, имконияти чекланган ёшларга алоҳида эътибор қаратилиши ва улар учун ҳар бир туман ва шаҳарларда соат байрам дастурхонлари ташкил этилади.

Ҳоким ва ёшлар учрашувлари ташкил этилганда, ҳар битта вилоятдан икки нафардан ёшлар «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланади. Мукофотларни ҳамда Президент совғаларини вилоят ҳокимларининг шахсан ўзлари тақдирланувчиларга топширади.

«Ёшлар куни» муносабати билан ўтказиладиган галаконцертларнинг энг каттаси Тошкент шаҳридаги собиқ Бунёдкор ўйингоҳи, яъни Миллий ўйингиҳида 30 июнь куни соат 19:00 да ташкил этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг