Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Судьяларнинг қай бири ўғри?

Судьяларнинг қай бири ўғри?

Куни кеча Xabar.uz сайтидаги «Икки йилда беш марта судланган аёл» сарлавҳали мақолага кўзингиз тушган бўлса керак. ЖИБ (жиноят ишлари бўйича) Сирдарё вилоят суди судьяси А. Кураматов ва ЖИБ Ховос туман суди судьяси А. Мадаминов «ҳаммуаллифлигида ёзилган» мазкур мақолани «Sirdaryo xabarlari» телеграм-каналидан олинганди. 

Орадан бир кун ўтмай, мақоланинг «миси» чиққанига нима дейсиз?! Яъни, ушбу мақола роппа-роса бир ой бурун «Куч – адолат»да газетасида босилган экан (2020 йил, 20 ноябрь). Энг қизиғи, газетада мақола муаллифи сифатида ЖИБ Зангиота туман суди судьяси А. Нурматов кўрсатилган!

«Куч – адолат»да газетаси.

Зангиота қаерда-ю Сирдарё қаерда? Иккита маскан бир вилоятда бўлсаям тушуниш мумкин: битта ҳукм ҳақида бир неча нафар судья мақола ёзибди-да, деб...

У ёғини сўрсангиз, сарлавҳа ва мақолада тилга олинган шахсларнинг исми-шарифи ўзгартирилганини айтмаса, матн (нуқта, вергулигача) бир хил?!

Муҳтарам судьялар муаллифлик ҳуқуқини даъво қилиб, бир-бирининг ёқасидан олиши эҳтимоли йўқ даражада, албатта. Чунки, суриштириб келинса, «сермуаллиф» мақоланинг асл муаллифи бирорта қаламкаш бўлиб чиқиши аниқ. 

Аммо ҳозир гап бунда эмас.

Гап судьяларнинг бевосита вазифаси ҳисобланган ишга ўта-ўта юзаки ёндошаётганида.

Маълумки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳуқуқий тарғибот ишларига ҳам масъул ҳисобланади. Жумладан, судьялар ҳам. Улар бундай вазифани оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилиш орқали амалга оширади одатда. Чунки, вақти-вақти билан топшириладиган ҳисоботида асосий фаолият йўланишлари қатори ҳуқуқий тарғибот борасида нималар қилгани ҳам сўралади-да. Эътиборлиси, ОАВда қандай чиқиш қилинди, мавзу нима, ундан ўқувчи маънавий-ҳуқуқий озуқа оладими-йўқми – аҳамиятсиз, бирор нашрда исм-фамилия-ю лавозими кўринса бас, шунинг ўзи «отчёт учун»ин етарли...

Ҳолбуки, бугун суд-ҳуқуқ тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда соҳа ходимларидан юзаки эмас, балки салмоқли чиқишлар талаб қилмоқда. Бу борадаги ишлар дўндириб қўйилмаётганига яраша битта мақола муаллифлигига «навбатда туриб», кўз бўяш, жуда юмшоқ айтганда, уят эмасми?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг