Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«СOVID-19»нинг энг жиддий асорати ҳақида маълум қилинди

«СOVID-19»нинг энг жиддий асорати ҳақида маълум қилинди

СOVID-19 дан кейинги синдром бир неча ой ичида ўзини намоён қилиши мумкин. Бу ҳақда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов маълум қилди.

— Тромбоз тананинг бир ёки бир нечта қисми, масалан, оёқ, сон-чаноқ томирларида қон қуйқаси ҳосил бўлиши билан кечади. Улар қон оқимини қисман ёки тўлиқ тўсиб қўяди. Бу вақт ўтиши билан бир қатор касалликлар, ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкин.

Агар тромб узилиб, қон оқими бўйлаб бориб, ўпка артериясига тиқилиб қолса, ўпка тромбоэмболияси ривожланади.

Оёқларда тромбоз туфайли посттромбофлебит синдроми ҳам кучайиши мумкин. Бунда беморнинг оёғида қаттиқ шиш, зичлашиш, яллиғланиш ва кейинчалик яралар пайдо бўлади.

Замонавий тиббиёт CОVID-19 билан касалланганлар қон томирларида тромб ҳосил бўлиш хавфи юқори эканлигини тасдиқлади. Бу — коронавируснинг энг жиддий асоратларидан бири. Мазкур ҳолат ўртача 30 фоиз беморларда учрамоқда.

Кекса ёшли, тана вазни юқори, жисмоний фаоллиги чекланган, юрак-қон томир ва онкологик хаталикларга чалинган ҳамда ўпка эмболияси ёки чуқур томир тромбозидан азият чекувчилар хавф гуруҳига мансуб аҳоли тоифасига киради.

Кузатувларимизга кўра, СOVID-19  дан кейинги синдром кўпинча касалликнинг илк белгилари пайдо бўлган пайтдан бошлаб бир ой ичида ўзини намоён қилиши мумкин.

Ҳозир бу ҳолат шифокорларимизга яхши маълум ва шу боис тромбознинг олдини олиш учун даволаниш пайтида беморларга антикоагулянт терапия буюриляпти.

Бироқ касалликнинг енгил босқичида уй шароитида даволанаётганлар бу асоратлар пайдо бўлиши хавфига жиддий эътибор қаратмайди. Оқибатда маълум вақт ўтгач, улар саломатлигида ўзгаришлар кузатилаётганидан шикоят қилади.

Шу сабабли коронавирусдан тузалган беморларга вақти-вақти билан коагулограмма текширувларидан ўтиб туриш тавсия этилади. Бу орқали тромбоз хавфини самарали аниқлаш ва ўз вақтида даво чораларини кўриш мумкин, дейди мутахассис.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг