Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Советлар даврида вайрон бўлган мадрасанинг тарихий кўриниши тикланди

Советлар даврида вайрон бўлган мадрасанинг тарихий кўриниши тикланди

«Қардошимиз – Бухоро замини етти пирларидан бири Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи бу шариф диёрнинг юраги, десам адашмайман. Тарихий йўлаклар қурилиб, музей ва таҳоратхоналар барпо этилибди. Айниқса, зиёратгоҳда қадим Дониёлбий мадрасасининг тиклангани ҳайратга сазовор. Ғоятда фусункор»,-дейди Бухорога ташриф буюрган Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Нуман Куртулмуш зиёрат чоғида.

Дарҳақиқат, Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси беш юз йил мобайнида шаклланган. Унинг илк тарихи тўғрисида маълумотлар оз бўлса-да, Баҳоуддин Нақшбанд қабрлари олдидаги дастлабки бинолар, тахминан ҳазрат вафотларидан кейин қурилган. Меъморий-археологик тадқиқотлар даврида илк биноларнинг қолдиқлари ва асослари топилган. Баҳоуддин Нақшбанд вафотларидан кўп ўтмай, ҳазрат мақбараларининг ғарбий томонида қабристон пайдо бўлиб, унда ҳазратнинг мурид-мухлислари дафн қилина бошлаган. Кейинчалик бу ерда Бухоронинг ҳукмрон сулола вакиллари дафн қилинадиган «Дахмаи шоҳон» ташкил топган. XV аср охирида Баҳоуддин Нақшбанд қабрлари устига дахма қурилиб, у мармар қоплама ва ўлчамлари бўйича бир-бирига мос келадиган гўзал нақшинкор мармар панжара билан безатилган.

«XVI аср биринчи ярмида шайбоний Абдулазизхон (1540-1590) буйруғи билан Баҳоуддин Нақшбанд қабрлари атрофи ўраб олинади, унинг шимолий-ғарбий бурчагида эса 1545 йилларда хонақоҳ барпо этилади. Мақбаранинг шимолий томонидаги ҳовуз ҳам шу пайтда қурилган бўлиши тахмин қилинади. Мажмуада XV асрда қурилган «Амир Абдулазизхон” хонақо масжиди, XIX асрда қурилган «Амир Музаффархон” масжиди, XIX асрда қурилган «Ҳаким Қушбеги” масжиди, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг волидалари «Биби Орифа» мажмуасида яна бир масжид ҳамда Биби Орифа даҳмалари ва айвон мавжуд. Мажмуа ҳудудида 3 та катта дарвоза - Дарвозаи Тоқи Миёна, Дарвозаи Диловар, Дарвозаи Боби Салом ва Дахмаи шоҳон (Бу ерда темурийлар, шайбонийлар ва аштархонийларнинг авлодлари дафн қилинган). Зиёратчилар учун шароитлар яратиш мақсадида 5 та шарқона усулда айвонлар қурилди. Мажмуа ҳудудида ёритгичлар ўрнатилиб, масжидлар иситгич ва совутгичлар билан жиҳозланди. XVIII асрда қурилган мадрасада «Баҳоуддин Нақшбанд» тарихий музейи хизмат кўрсатмоқда. Ҳудуднинг 13 гектар майдонида боғ барпо этилди. Ўтган йили бошланган қурилиш, таъмирлаш, реставрация ишлари ҳозирда ҳам айни қизғин паллада давом этмоқда. Бу ерда Маданий мерос агентлиги буюртмачилигида Тоқи Миёна ва Диловар дарвозалари, Дониёл бий Оталиқ мадрасасининг тарихий кўриниши тикланди. Зиёратчиларни ҳайратга солаётгани рост. Зиёратгоҳ атрофи деворлари тубдан янгиланди, мажмуа ичкарисидаги йўлаклар тўлиқ таъмирланиб, янги кўриниш касб этмоқда»,-дейди Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази раиси Фармон Аминов.

Билдирилишича, қурилиш жараёнида мажмуанинг эски чизмалари асос қилиб олинган. XV асрда қурила бошланган объект меъморий жиҳатдан мукаммал бўлган. Зиёратгоҳ ҳудудига ғарб томондан Тоқи миёна дарвозасидан кирилган. Дарвозадан чап қўлда кичкина бино бўлиб, бу кейинчалик мактаб вазифасини ўтаган. Қадимда Бухоро шаҳрининг 11 дарвозаларидан бири Мозори Шариф дарвозасидан тўғри йўл бўлиб, Дарвозаи Тоқи Миёна дарвозасидан Мўътабар Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳларига кирилган.

Совет даврида вайронага айланган мадраса

Икккинчи дарвоза, Диловар яъни «Диллар қулфини очувчи» дарвозанинг ёнида Дониёлбий мадраса ва мақбараси бўлиб, у XVIII асрда қурилган. Бу ерда ўша даврларда ҳам талабалар ўқитилган. Талабаларнинг яшаши учун барча шароитлар яратилган. Касалларга бепул озиқ-овқат, кийим-бош, даволаниш учун дори-дармонлар берилиб, керакли муолажалар кўрсатилган.

«Оғриқлиси шуки, ушбу мадраса ўтган асрнинг 30-йилларида, аниқроғи, совет даврида тўлиқ вайрон қилинган. Бугунги кунда мадрасанинг бизгача етиб келган пойдевори археологлар томонидан аниқланиб, сақланиб қолган эски фотосуратлар, чизмалар ва мутахассислар томонидан ўрганилди. Вақф ҳужжатларига асосан, янгидан барпо этилмоқда. Ундан ўтиб, Долони дароз, яъни Узун йўлакка чиқилади. Шоҳлар авлодлари дахмасига бориш йўлида қабрлар ҳам зиёрат қилинади. Ва ундан сўнг «Бобои салом» дарвозаси бор. “Бобои салом”дан Ҳазира яъни Ҳазрат Нақшбанд дахмасига чиқилади. Қурилиш ишларини олиб боришда айнан мана шу тартиб сақланди»,-сўзида давом этди маркази раиси.

Мазкур мажмуа қурилишда миллийлик ва тарихийликни сақлаб қолишга алоғида урғу берилган. Бино ташқи кўринишидан эстетик гўзаллик ва замонавий архитектуранинг мукаммал намунаси бўлиб, қулайлик ва шинамлик жиҳатдан номига муносиб.

Маълумотга ўрнида: Дарвозаи Диловар комплексида Амир Дониёл бий (1758-1785 йилларда Бухоро амири Муҳаммад Раҳимхон вафотидан сўнг Бухорода подшоҳлик қилган) 75 ёшида вафот этган. Дониёлбий Амир Муҳаммад Раҳимхон даврида унинг сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси бўлган. Мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, савдо-сотиқни, ҳунармандчиликни ривожлантиришга муваффақ бўлган. Сўфийлик таълимотнга катта аҳамият қаратган.

Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасининг ҳозирги ҳолатдаги кўринишини ташкил этувчи бинолардан ташқари бизгача сақланмаган айрим иншоотлар мавжуд бўлгани тўғрисида вақф ҳужжатлари орқали маълумотга эга бўлиш мумкин.

Ўлимидан олдин ўзи учун дахма солдирган амир

Бухоро ҳукмдори амир Дониёл-бий оталиққа тегишли маълумотлар вақф ҳужжати орқали бухоролик шарқшунос Б.А.Қазоқов томонидан чуқур тадқиқ қилиниб, рус тилида нашрга тайёрланган.

«Амир Дониёл-бий вафотидан бир неча йил олдин Баҳоуддин Нақшбанд мозори яқинида у ўзи учун дахма, шунингдек, мадраса ва масжид солдиради. Иншоотлар битгач, ҳукмдор улар учун вақф таъсис қилган. Бухоронинг Султонобод (ҳозирги Шофиркон), Комот (ҳозирги Вобкент), Пойирщд (ҳозирги Бухоро) туманлари ҳудудидан 3 минг тилла ашрафи тангасига 1292 таноб (320 гектар) ер сотиб олиб, уларни юқоридаги бинолар фойдасига вақфга айлантиради. Вақф шартларига кўра, таъсисчи вақф даромадининг 1/10 қисмини ўз учун сарфлаши, қолган қисмини вақфга айлантирилган бинолар таъмироти, уларда хизмат қилувчи шахслар, мадраса талабалари, шунингдек, етим-есир, муҳтожларга сарфлаши керак бўлган. Вақф ҳужжатида кимга қанча маблағ ажратилиши тўғрисида аниқ рақамлар келтирилган. Вақфга айлантирилган бу бинолар қошида ожизлар ва касалманд кишилар, бир сўз билан айтганда, ногиронлар учун яна уч хона барпо этилган. Ногиронларнинг ҳар бирига йилида 5 манн (800 кг) буғдой бериш кўзда тутилган. Вақф ҳужжатига кейинроқ қўшимча равишда киритилган ёзувга кўра, мадраса ўз кутубхонасига эга бўлиб, 51 дона қўлёзма асарнинг рўйхати келтирилади. Булар орасида Абдураҳмон Жомий, қози Байвазий, Бурҳониддин Марғиғоний, Абу Ҳафс Насафий, Хўжа Муҳаммад Порсо каби ислом уламолари асарлари мавжуд. Эътиборга молик томони, кутубхонага берилган Хўжа Муҳаммад Порсонинг тафсирга оид асари автограф (дастхат) бўлиб, у муаллифнинг ўзи томонидан китобат қилинган»,-дейди суҳбатдош.

Айтилишича, вақф ҳужжатида тилга олинган бинолар бизгача сақланмаган экан. Улар Баҳоуддин Нақшбанд мозорига олиб кирадиган эски ғарбий дарвозадан ўтгандан кейин чап томонда, яъни «Дахмаи шоҳон»нинг ғарбида жойлашган. Чунки, ўша даврда қабристон ҳудудига олиб кирадиган асосий дарвоза ғарб томонда бўлган. Дарвозадан ўтиб, қабристонни ғарбдан шарққа қараб кесиб ўтадиган йўлак орқали Баҳоуддин Нақшбанд ҳазирасига олиб кирадиган дарвозага келинган.

«Мантиқан ҳукм чиқарадиган бўлсак, зиёратчилар Баҳоуддин Нақшбанд ҳазираси томон ўтишдан олдин Бухоро ҳукмдорлари дахмаларини зиёрат қилишган. Ҳужжатда тилга олинган мадраса – бу ҳозирда тасаввуф музейи жойлашган эски ўрта аср биносими, ёки бунда бошқа иншоот назарда тутилганми, айтиш қийин. Лекин, амир Дониёл-бий тарафидан қурилган дахма ва масжид сақланмаганлиги аниқ. Унинг қайта бунёд бўлиб, аҳли зиёратчиларга топширилгани шариф ўлканинг яна бир карра нурга тўлганидан далолат»-деди Фармон Аминов.


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг