Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Солиқ инспекциясининг 13 нафар ходими жаримага тортилди

Солиқ инспекциясининг 13 нафар ходими жаримага тортилди

Тадбиркорлик субъекти фаолияти юзасидан ўтказиладиган ноқонуний текширув ёки текширишда белгиланган қатъий талабларга амал қилмаслик ҳолатлари тадбиркорнинг интилиши, эмин-эркин иш олиб бориши, ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатади.

Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходимлари солиқ инспекциялари томонидан тадбиркорлик субъектларида ўтказилган текширишларнинг қонунийлигини ўрганди.

Ўрганишлар натижасида Андижон вилоятининг шаҳар ва туманлар солиқ инспекциялари инспекторлари томонидан тадбиркорлик субъектларида ўтказилган текширишларда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибларга риоя қилинмаганлик ҳолатлари аниқланди.

Ўрганишлар натижасида 2023 йил январь-февраль ойлари давомида солиқ инспекциясининг жами 13 нафар инспектори маъмурий жавобгарликка тортилган.

Биргина мисол, Бўстон тумани солиқ инспекцияси катта инспектори Н.Н.га нисбатан ўтказилган текшириш жараёнида белгиланган тартибларни бузганлиги учун Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ушбу маъмурий иш суд томонидан кўриб чиқилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравар миқдорида, яъни 12.000.000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Солиқ инспектори томонидан 13 та тадбиркорлик субъекти фаолиятида ўтказилган сайёр солиқ текшируви бўйича буйруқ, асос сифатида кўрсатилган жисмоний ёки юридик шахснинг қонунбузилиш ҳолатлари ҳақидаги мурожаати нусхаси ва текширув тугаганидан сўнг расмийлаштирилган якуний далолатнома, шунингдек тадбиркорлик субъектига нисбатан қўлланилган таъсир чоралари тўғрисидаги маълумотлар текширув тугаганидан сўнг орадан 3 ой ўтиб Ягона давлат назорати тизимига киритилган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 39-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сонли Фармонининг 5-бандида тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг ўтказилган текширувлари натижалари назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар тугатилгандан кейин уч кун ичида текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилиши белгиланган.

Маълумот ўрнида, «Ягона давлат назорати» ахборот тизими – тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширув ўтказиш ташаббусини (келишиш ёки хабардор этиш орқали), ўтказиладиган текширувларни ва улар натижаларини рўйхатга олишни таъминловчи электрон ахборот тизими.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг