Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик қилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик қилади

Фото: «Тараққиёт стратегияси» маркази матбуот хизмати

Шу кунларда «Тараққиёт стратегияси» маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Исроил давлатида расмий ташриф билан бўлиб турибди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад – соғлиқни сақлаш тизимидаги энг сўнгги ўзгаришлар, бошқарувнинг самарали усуллари, замонавий тиббиёт ускуналари ва технологиялари билан танишиш, хорижий муассаса ва мутахассислар билан яқин алоқаларни ўрнатиш, деб хабар бермоқда «Тараққиёт стратегияси» маркази матбуот хизмати.

Делегация аъзолари Тель-Авив, Иерусалим ва Холон шаҳарларига ташриф буюриб, соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказдилар ҳамда етакчи тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишдилар. Исроил соғлиқни сақлаш вазирлиги, тез тиббий ёрдам, миллий тиббий суғурта тизими, давлат тиббиёт маркази, хусусий шифохоналар, болалар ва аёллар учун ихтисослашган бўлимлар фаолияти ўрганилди.

Бундан ташқари, юрак-қон томирлари ва онкологик касалликларга ихтисослашган ҳамда ҳалқаро стандартлар асосида юқори сифатли хизматлар кўрсатувчи тиббиёт муассасаларда бўлдилар. У ерда шифокор ва етакчи мутахассислар билан фикр алмашиб, кўплаб фойдали маълумотлар ва тажрибаларни ўргандилар.

Замонавий инновацион технологиялар, энг сўнгги русумдаги тиббиёт ускуналари имкониятлари, телемедицина, электрон тиббиёт картаси, маълумотлар базаси каби Исроил соғлиқни сақлаш тизимининг асоси ҳисобланувчи восита ва тизимлар ҳам эътибордан четда қолмади. Шифохоналарда йўлга қўйилган логистика ва оператив ҳаракатланиш усуллари ҳам ўрганилди.

Вакилларимиз Холон шаҳрига ташриф давомида «Вольфсон» шифохонаси қошида ташкил этилган «Save Childs Heart» лойиҳаси иштирокчилари билан учрашишди.

Исроил давлатида ўтказилган дастлабки музокаралар натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги дунёга машҳур ва етакчи тиббиёт муассасалари ҳисобланувчи «Sheba» давлат тиббиёт маркази, «Schneider» болалар тиббиёт маркази, «Magen David Adon» тез тиббий хизмати ҳамда «LR group» компаниялари билан ҳамкорлик меморандумлари, шунингдек, икки давлат вазирликлари ўртасида телемедицина йўналишида келишув ҳужжати имзоланди.

Ҳамкорликлар доирасида Исроил клиникалари томонидан ўзбекистонлик шифокорларга бепул маслаҳатлар берилади ҳамда мутахассислар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш йўлга қўйилади. Шунингдек, телемедицина йўналишида ўзбекистонлик энг яхши болалар шифокорлари, шу жумладан анколог ва трансплантологлар Исроил давлатида малака оширадилар ҳамда доимий равишда етакчи шифокорлар билан онлайн мулоқотлар ташкил этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг