Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Соғлиқни сақлаш вазири эски йилни сарҳисоб қилиб, янги йил режалари ҳақида гапирди

Соғлиқни сақлаш вазири эски йилни сарҳисоб қилиб, янги йил режалари ҳақида гапирди

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов 2018 йилда тиббиёт соҳасида эришилган ютуқлар, бажарилган ишларни сарҳисоб қилди, 2019 йил учун режалари ҳақида гапириб ўтди.

"Якунланаётган 2018 йил ҳам тиббиётда ана шундай ўзига хос ислоҳот ва янгиланишлар йили бўлди, десак муболаға бўлмайди. Энг муҳими, бугунги кунга келиб тиббий хизмат самарадорлиги ва сифатига баҳо беришда мезонлар бутунлай ўзгарди. Эндиликда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг натижаси таҳлил қилинганда, статистик маълумотлар эмас, халқимиз фаолиятимизга қандай баҳо бераётгани, аҳоли давлат томонидан яратилган замонавий тиббий хизматлардан нечоғлик баҳраманд бўлаётганига асосий урғу берилмоқда. Табиийки, бу тиббиётнинг бирламчи бўғинидан тортиб юқори тузилмаларгача иш фаолиятини ташкил этишда асосий эътиборни инсон омилига йўналтириш, тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлигини оширишга замин яратмоқда", дейди Алишер Шодмонов.

Яна бир эътиборли жиҳати, давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга ажратилаётган маблағлар йилдан-йилга кўпаймоқда. 2018 йилда соҳага 9,6 триллион сўм йўналтирилди, бу 2017 йилдагига қараганда 1,4 баробар кўпдир. Давлат тиббиёт ташкилотларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш ҳам яхшиланаяпти. 2018 йилда бу мақсадларга 914,6 миллиард сўм, яъни 2017 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп маблағ ажратилди. Жорий йилда 382 та тиббиёт объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал олиб борилди. Бунинг учун давлат бюджетидан 1,2 триллион сўм маблағ йўналтирилди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳамда “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида ҳам қатор инвестиция дастурлари амалга оширилди.

2019 йилда ҳам халқимиз саломатлигини асраш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилиб, Давлат ривожлантириш дастури доирасида 231 та иншоотда 972 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

Жаҳон тиббиётида касалликни даволагандан кўра олдини олган афзал, деган тушунча тобора кенг қулоч ёймоқда. Бу айниқса, бугунги глобаллашув жараёнида долзарб тус олаётган юрак, қон-томир, асаб тизими, саратон, ўпка, нафас йўллари ва бошқа юқумсиз касалликларга қарши курашишда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўрганишлардан маълум бўлишича, юқумсиз касалликлар мамлакатимиз аҳолиси саломатлиги кўрсаткичига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Маълумотларга кўра, камҳаракатлилик ва нотўғри овқатланиш оқибатида Ўзбекистон аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга, одамларимизнинг 46 фоизида қон таркибида меъёридан ортиқ холестерин мавжуд, 31 фоизида қон босими юқори. Юртимизда деҳқончилик маҳсулотлари мўл-кўл етиштирилса-да, аҳоли кундалик овқат рационида мева-сабзавот истеъмоли етарли эмас. Ушбу муаммолар туфайли Ўзбекистонда йиллик ўлим ҳолатларининг 78 фоизи айнан юқумсиз касалликлар улушига тўғри келмоқда.

"Президентимизнинг 2018 йил 18 декабрда қабул қилинган “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шундай долзарб муаммолар ечими йўлида муҳим қадам бўлди. Ушбу қарорда тиббий-профилактика соҳасида олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланиш маданиятини кенг тарғиб этиш борасида тизимли вазифалар белгиланди", дейди Соғлиқни сақлаш вазири.

Хусусан, ушбу йўналишда 2019 – 2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш Концепцияси ва чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди. Унга мувофиқ, юқумли бўлмаган касалликлар ва уларнинг хавф омилларига қарши курашиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, саломатликка салбий таъсир этувчи ичиш, чекиш каби зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг тиббий маданиятини ривожлантириш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий спорт ҳаракатини тиббиёт профилактикаси билан уйғунлаштириш билан боғлиқ муҳим лойиҳалар амалга оширилади.

Бу бирламчи-тиббий профилактика муассасалари – қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникалари, туманлардаги марказий кўп тармоқли поликлиникалар зиммасига катта масъулият юклайди. Патронаж ишларини янада такомиллаштириш талаб этилади. Патронаж хизмати уйма-уй юриб, оиладаги ҳар бир инсон, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами – болалар, ўсмирлар, аёллар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан доимий хабар олиш, уларга ўз вақтида, зарур тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасида иш олиб бормоқда.

Эндиликда, патронаж ишлари уч босқичда амалга оширилмоқда. Бунда аҳолининг ҳар олти ойда хатловдан ўтказиш, хонадонларда мақсадли патронаж тадбирларини ташкил этиш орқали касалликларнинг олдини олиш, ихтисослашган тиббий кўмакка муҳтож беморларга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатиш асосий мақсад этиб белгиланган.

Шошилинч тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш, унинг фаолият самарадорлиги ва тезкорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар такомиллашиб боряпти. Сир эмаски, илгари шошилинч тиббий ёрдамга мўлжалланган автотранспортлар ҳатто 10-12 йиллаб ишлатиларди. Оқибатда манзилга ўз вақтида етиб бориш, беморни тиббиёт муассасасига етказиш каби вазифаларни бажаришда муаммолар кузатиларди. Бу камчиликларни бартараф қилиш мақсадида охирги икки йил ичида 1450 яқин янги автотранспорт харид қилинди. Жумладан, 91 та “Nissan”, 140 та “Hyundai”, шунингдек, гуманитар ёрдам сифатида жойларга 50 та “Tоyota” етказиб берилди. 231 та тез ёрдам машинаси замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Бу чора-тадбирлар тез ёрдам хизматини халқаро андозалар даражасига кўтаришга замин бўлмоқда.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам хизматини дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш уч баробарга ошди. Яъни, бугунги кунда ҳар бир чақириқ учун минимал харажатлар 5000 сўм миқдорида белгиланди. Бу кўрсаткич 2016 йилда 748 сўмни, 2017 йилда 1627 сўмни ташкил этарди.

Эътиборли жиҳати, тез тиббий ёрдам хизматини ривожлантиришга амалий кўмаклашиш ва унинг моддий-техника базасини яхшилаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси тузилди. 2019 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастури ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг намунавий индикаторлари тасдиқланди. Тез тиббий ёрдам хизматини авиация техникаси билан жиҳозлаш ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, аҳоли чақирувларини автоматик белгилаш каби муҳим вазифаларни бажариш мақсадида тез тиббий ёрдам бошқармасининг автоматлаштирилган тизимини яратиш, Сall марказларни халқаро талабларга кўра тўлиқ жиҳозлаш, тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар ва шифохонагача бўлган босқичда тиббий ёрдамни такомиллаштириш билан боғлиқ муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаяпти.

Аҳолига ихтисослаштирилган хизматни яқинлаштириш борасидаги ишлар ҳам изчил такомиллашиб бораяпти. Ҳозирда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари сони 16 тага етди. Шунингдек, туманларда 306 та ихтисослашган бўлимлар, вилоят марказларида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 10 та филиали ташкил қилинди.

Эътиборли томони, ихтисослаштирилган марказларнинг ушбу филиаллари ҳудудларда мавжуд касалликлар кўлами чуқур таҳлил этилган ҳолда, эҳтиёж юқори бўлган жойларда ташкил этилаётгани ҳам аҳоли саломатлиги йўлидаги улкан ғамхўрликдир. Жорий йил давомида республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари мутахассисларининг ҳудудларга сайёр чиқишлари ҳисобига бир юз ўттиз олти мингга яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди, икки ярим мингдан зиёд оператив муолажалар бажарилди, шулардан 1594 тасини юқори технологияли операциялар ташкил қилди.

Қувонарлиси, ихтисослаштирилган тиббиёт марказларда кейинги йилларда 500 дан ортиқ даволашнинг янги усуллари қўлланила бошлади, жарроҳлик муолажалар 50 фоизга, юқори технологик операциялар 52 фоизга ортган.

Замонавий фикрлайдиган, чуқур билимли, масъулиятни ҳис этадиган, ҳар жиҳатдан етук кадрлар билан таъминлаш масаласига ҳам давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Бу бежиз эмас. Зеро, соҳа истиқболи, аввало, кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Шу боис соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар жараёнида тиббий таълим ривожига ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда. Ҳозирда мамлакатимизда тиббиёт соҳаси учун 7 та олий тиббий таълим муассасаси ва уларнинг 4 та филиалида малакали кадрлар тайёрланмоқда. 2017 йили Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали, 2018 йили Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали очилиши ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш имкониятларини кенгайтирди. 2018 йил тиббий олий таълим муассасаларини бакалавриат йўналиши бўйича 2000 нафар талаба тугатиб ишга йўлланма олган бўлса, 4395 нафар йигит-қиз талаба бўлиш бахтига мушарраф бўлди.

Ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини малакали шифокорлар билан таъминлаш мақсадида 2018 йилда ҳам давлат грантлари асосида бакалавриатура йўналиши бўйича мақсадли қабул амалга оширилди. Ушбу квоталар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари буюртмаларига мувофиқ, юқори малакали тиббиёт кадрларига эҳтиёж катта бўлган ҳудудлар талабига кўра белгиланиб, 1548 та квота шакллантирилди. Мақсадли тайёрланаётган тиббий кадрлар 3 йилдан 10 йилгача муддатда тегишли худудларда ишлаб бериши тўғрисида қарор қабул қилингани жойлардаги тиббиёт муассасаларида шифокорлар етишмаслиги муаммоси ечимида қўл келаяпти.

Бундан ташқари, нафақага чиқиб иш фаолиятини давом эттираётган шифокорларга 2017 йилдан бошлаб пенсия пули тўлиқ тўлаб берилаяпти. Илгари бундай мутахассислар иш фаолиятини давом эттирган тақдирда пенсия пулинининг ярмини оларди. Қолаверса, шифокорлар икки ставкада ишлашига шароит яратилди.

Натижада Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Андижон, Сирдарё вилоятларида умумий амалиёт шифокорига бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланди. Қолган ҳудудларнинг ҳам бу борадаги эҳтиёжи 2019 йил битирувчилари ҳисобидан қопланади. Бирламчи тиббиёт муассасаларидаги тор мутахассислар етишмовчилиги клиник ординатура, магистратура, қисқа муддатли қайта тайёрлов курслари битирувчилари ҳисобига 2020 йилгача тўлиқ бартараф этилади.

Шифокорлар малакасини ошириш, тиббий таълим ва илм-фан соҳасида халқаро алоқаларни кенгайтириш ҳам доимий эътиборда. Ҳозирда мамлакатимиз тиббиёт олий ўқув юртлари ва хориждаги нуфузли тиббий таълим марказлари ўртасида 220 та ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Натижада биргина Тошкент давлат стоматология институтида жорий йилнинг ўзида 2 та халқаро факултет очилди.

Тиббиёт тизимида яратилаётган замонавий шароитлар туфайли сўнгги икки йил ичида юзга яқин чет эллардаги нуфузли клиникаларда ишлаётган ватандошларимиз юртимизга қайтиб халқимизга тиббий хизмат кўрсатаётганини ҳам тиббиётимизнинг яна бир ютуғидир.

Жорий йилда беш юз нафардан кўпроқ ёш мутахассисларнинг чет элда малака ошириши, 400 нафардан зиёд хорижлик мутахассислар юртимизга ташриф буюриб, тиббиёт муассасаларида маҳорат дарсларини ташкил этиши тиббиётимиз олдида турган долзарб вазифаларнинг ечими йўлида янада муҳим қадам бўлмоқда.

Жаҳон стандартлари асосида менежмент ва тиббий хизматлар сифатини бошқаришнинг энг намунали амалиётларини жорий этиш учун соҳада бошқарувни халқаро андозалар талаблари даражасига олиб чиқиш бугунги куннинг муҳим талабидир. Эндиликда бу вазифани ҳал этиш учун соғлиқни сақлаш тизимига “кластер” модели татбиқ этилади.

2019 йил 1 апрелдан айрим туманлардаги тиббиёт муассасаларида жаҳон тиббиётидаги энг илғор амалиётлардан бўлган киши бошига молиялаштириш бўйича тажриба-синов ишлари бошланади. Ушбу эксперимент чуқур таҳлил этилиб, ижобий натижалар 2020 йил 1 апрелдан бошлаб бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этилади.

Шунингдек, стационар соғлиқни сақлаш муассасаларида аралаш молиялаштириш механизмларини қўллаш, айрим даволаш-профилактика муассасаларини инвесторларга ишончли бошқарувга бериш, электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий этиш, 2021 йил 1 январдан мажбурий тиббий суғурталаш босқичма-босқич жорий этиш каби вазифалар ҳам белгилаб қўйилган. Жумладан, 2019 йил 1 июлга қадар “Мажбурий тиббий суғурталаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий ҳам режалаштирилган бўлиб, электрон тиббиёт картаси, электрон касаллик тарихи ва телемедицина каби йўналишлар уч босқичда амалга оширилади.

Яна бир янгилик Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этилганидир. Маълумки, мамлакатимизда кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича замонавий тизим яратилган. Янги агентликнинг ташкил этилиши ушбу йўналишдаги ишларни янада янги, юқори босқичга кўтариш, инсон манфаатларини муҳофалаш, алоҳида меҳр-эътибор, ижтимоий кўмакка муҳтож ҳар бир инсон давлат ва жамият эътиборидан четда қолмаслигини таъминлаш йўлида муҳим қадамдир.

Давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари 2018 йил 1 декабрдан 1,2 баравар ошган бўлса, 2019 йил 1 апрелдан 1,15 баравар ошириладиган бўлди. Бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш, тиббиёт ходимларининг меҳнатини муносиб раҳбатлантириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси тузилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг