Соч эктириш нархлари қанча, нега каллик ёшлар орасида кенг тарқалмоқда?
Бугунги кунга келиб соч тўкилиши муаммоси анча оммалашиб кетди. Ундан азият чекаётган беморлар ушбу муаммодан қутулиш учун соч экдиради. Ҳўш, бу амалиёт қанчалик самарали? ССВ матбуот хизмати Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий амалий текшириш маркази дерматовенеролог, трихолог Хожиакбар Нурматов билан суҳбатни эълон қилди.
— Соч эктиришнинг ўртача нархлари қанча?
— Бир дона графт нархи 5 минг сўм. Графтда 1 донадан 4 тагача соч жойлашади. Нарх клиникаларда турлича белгиланган.
— Соч тўкилишининг ёшлар орасида ҳам кенг тарқалишига сабаб нима?
— Ҳақиқаттан мижозлар орасида 20 ёшли йигитлар ҳам учрайди. Тепакаллик-ёшараётган касалликлар сирасига киради. Сочнинг муддатидан олдин тўкилиб қайтиб чиқмаслиги-ирсиятга, генетик мойилликка боғлиқ. Баъзи эркакларда ёш бўлишига қарамай соч тўкилишини кузатиш мумкин. Суҳбат давомида маълум бўладики, дадаси ёки амакисида тепакаллик кузатилган. Шунингдек, соч фолликулаларининг эркаклик гормонларига чидамсизлиги, стресс экологик омиллар ҳам тепакалликка сабаб бўлиши мумкин. Каллик наслдан-наслга ўтади.
— Қайси касб соҳибларининг сочи тез тўкилади ва бунинг сабаби нимада?
— Кўп асабийлашадиган инсонларнинг сочи тез тўкилади. Нерв системасининг бузилиши ҳам соч толаларига, эркаклик гормонларига таъсир қилмасдан қолмайди. Аммо айнан мана шу касб эгаларининг сочи тўкилади деб айтиб бўлмайди.
— Экилган соч қанча муддатга тўкилмаслигига кафолат бор?
—Соч экиш амалиётидан кейин бизни тавсияларимизга амал қилиб, бошланғич муддатидан яхши ўтиб олса соч тўкилиш ҳолати кузатилмайди.
— Соч экишга қарши кўрсатмалар борми? Қайси касалликларда мумкинмас?
— Айрим ҳолатларда соч экиш мумкин эмас. Масалан, қон ивиш тизимидаги касалликлар, аллергек реакциялар ҳамда қандли диабетнинг хавфли турларида соч экиб бўлмайди. Қолаверса, 15 ёшдан кичик болаларда ҳам бу амалиётни қўллаш тавсия этилмайди. Соч экиш амалиёти жуда ҳам нозик иш ва малакали мутахассис бажаришини талаб этади. Агар соч экишдан кейинги асоратлардан ҳимояланишни истасангиз малакали мутахассисни танланг.
—Ижтимоий тармоқларда сочга мўлжалланган имбирли ниқобларнинг савдоси авж олди. Ўзи умуман соч ниқобларини ўзида синаётганлар қандай тавсияларга амал қилгани афзал?
— Имбирнинг фойдали неъмат эканлиги барчага аён. Ундан тайёрланган ниқоб агар асл ҳолатда бўлса ишлатса натижаси яхши бўлади. Замонавий тиббиёт билан ишласакда, мижозларимизга табиий ниқоблар тайёрлаб сочга суришни тавсия этамиз. Юқорида айтганимдек барчанинг организми бир хил эмас, кимгадир гиёҳ бўлиб ёққан неъмат бошқага акс таъсир қилиши мумкин. Бу борада ҳам, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.
Сочлар тўкилмаслиги учун салбий омиллардан қочиш керак бўлади: нурланишидан, нерв толалари зараланишидан, микроэлементлар етишмовчилиги, витаминлар танқислиги каби ҳолатлардан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter