Собиқ Бош прокурорнинг ўғли қидирувга берилди
Собиқ бош прокурор Рашиджон Қодировнинг 39 ёшли ўғли Алишер Қодиров Ички ишлар вазирлиги томонидан халқаро қидирувга берилди. Бу ҳақда «UzNews.uz» нашри хабар берди.
Хабарда қайд этилишича, Алишер Қодиров Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-3-қисмларининг «а» банди, 168-моддаси 3-4-қисмларининг «а» банди бўйича гумонланмоқда.
«Xabar.uz» ушбу маълумотга ойдинлик киритиш учун Интерпол Миллий маркази (231-45-07) билан боғланди. Навбатчилик қисмида қўнғироғимизга жавоб берган Худойназаров (исмини айтишни истамади) исмли шахс бу маълумотни тасдиқлаш ёки рад этиш ваколатига эга эмаслиги, марказ Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги ташкилот экани, марказ фаолиятига оид маълумотларни ИИВ матбуот хизмати орқали олишимиз мумкинлигини билдирди. ИИВ Матбуот хизмати бошлиғи Қутбидин Бурхонов (231 45-50) билан боғланишнинг иложи бўлмади.
Очиқ манбалардаги маълумотларда келтирилишича, Алишер Қодиров отаси ҳибсга олинишидан 10 кунча муқаддам мамлакатдан қочиб кетган. Собиқ Бош прокурорнинг бошқа оила аъзолари терговга жалб этилган ёки этилмагани ҳақида бошқа маълумотлар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров 2018 йилнинг 22 февраль куни ҳибсга олинган эди. 24 февраль куни Бош прокуратура мазкур хабарни расман тасдиқлади.
Ушбу хабар эълон қилингандан сўнг ИИВ расмий сайтида Алишер Қодиров қидирувга берилгани ҳақида расман эълон қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter