Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев уйига қайтган одамлар билан учрашди (фото)

Шавкат Мирзиёев уйига қайтган одамлар билан учрашди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари кеча сув тошқинига дуч келган қишлоқларда бўлиб, ҳудудни тозалаш, инфратузилма объектларини тиклаш, аҳоли учун шароит яратиш бўйича топшириқлар берган эди.

Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Сув хўжалиги вазирликлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, қурилиш-таъмирлаш ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг ўзаро мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари натижасида бу йўналишда жадал ишлар олиб борилмоқда. Тошқин туфайли ҳосил бўлган чиқиндилар йиғиштирилиб, ҳудуд дезинфекция қилинмоқда. Ўт ўчириш машиналари ёрдамида кўлмаклардаги сув тортиб олинмоқда. Йўллар очилиб, муҳандислик-коммуникация тармоқлари тикланмоқда.

Натижада бугун айрим маҳаллаларда оилалар ўз уйларига қайта бошлади. Бошқа жойларда тозалаш-таъмирлаш ишлари тезкор суръатларда давом этмоқда. Яқин вақтларда уларда ҳам зарур шароитлар яратилиб, ҳаёт яна ўз изига тушади.

Президентимиз Сардоба туманидаги Қўрғонтепа маҳалласини бориб кўрди. Ҳукумат комиссияси мутасаддилари амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.

Ушбу маҳалла фуқаролар йиғинида 530 та хонадон бўлиб, 4200 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуд сув тошқинига биринчи бўлиб дуч келган, одамлар тезкор равишда хавфсиз жойларга кўчирилган эди.

Катта куч ва техника воситалари, аскарлар, ходимлар жалб қилиниб, амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида табиий офат оқибатлари бартараф этиляпти, одамлар ўз уйларига қайта бошлади.

Давлатимиз раҳбари шундай уйлардан бирига кириб, хонадон эгаларидан ҳол-аҳвол сўради. Барча қатори уларга ҳам моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши, ҳеч ким эътибор ва ғамхўрликдан четда қолмаслигини яна бир бор таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев қадрдон маконига қайтган маҳалла аҳолиси билан мулоқотда бўлди.

***

Президент Шавкат Мирзиёев Оқолтин туманида ҳам бўлди. Мутасадди ходимлар фавқулодда ҳодиса етказган зарар, уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида ахборот берди.

Сув тошқини туманнинг Шодлик ва Аҳиллик маҳаллалари ҳудудини ҳам босган эди. Уларда яшаётган 11 мингдан зиёд аҳоли Гулистон шаҳри ҳамда Жиззах вилоятининг Мирзачўл ва Дўстлик туманларига эвакуация қилинди. Ушбу нохуш воқеа оқибатида тумандаги жами 13 минг 397 гектар пахта, ғалла ва полиз экинларига зарар етган.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга ҳар бир хонадон эгалари билан гаплашиб, уларнинг уй-жойларини таъмирлаш, яхши шароити мавжуд хонадонларга аҳолини қайтариш бўйича кўрсатмалар берди. 

Навбатдаги манзил – Мирзаобод тумани. Бу ерда нуронийлар, маҳалла оқсоқоллари ва  фаоллари, жамоатчилик вакиллари билан учрашув бўлди.

 

 

Бу ҳудуд ҳам сув тошқини катта таъсир кўрсатган ҳудудлардан бири. Навбаҳор, Ҳақиқат, Баҳористон ҳамда Йўлдошобод маҳллаларида яшовчи қарийб 15 минг аҳоли туманнинг Янгиобод маҳалласи ҳамда Янгиер шаҳрига жойлаштирилган. Жами 7084 гектар қишлоқ хўжалиги майдонига зарар етган.

Президентимиз қурилиш-таъмирлаш ишларини халқ билан маслаҳатлашиб амалга ошириш, деҳқон ва фермерлар муаммоларини жойига чиққан ҳолда ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.

Аҳоли вакиллари давлатимиз раҳбарига шундай қийин вазиятда халқ билан бирга бўлгани, қисқа вақтда катта ишлар қилиниб, ҳаёт изга тушаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Шу ерда ҳукумат аъзолари, мутасадди раҳбарлар билан қишлоқ хўжалиги майдонларини қайта фойдаланишга киритиш, шикаст етган йўл ва кўприкларни таъмирлаш масалалари муҳокама қилиниб, чора-тадбирлар белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг