Шавкат Мирзиёев Насафий мақбарасини зиёрат қилди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашиш ҳамда давлат раҳбари сифатида бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида 11 октябрь куни Қашқадарё вилоятига борди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари аввало Қарши туманидаги Абу Муин Насафий мақбарасини зиёрат қилган. Қуръон тиловат этилган.
Бу улуғ мутафаккир ХI асрда яшаган. Мотуридия таълимотининг давомчиси, ақида илмининг етук билимдони сифатида динимиз софлигини сақлаган, адашганларни маърифат билан тўғри йўлга бошлаган. Лекин узоқ йиллар унинг мероси ҳам, қадамжоси ҳам эътибордан четда қолиб кетган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аллома мақбараси обод ва улкан зиёратгоҳга айлантирилди. Давлатимиз раҳбари ушбу бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Бу ерда янги масжид, музей, кутубхона ва маъмурий бинолар қурилган. Дарахтлар, гуллар экилиб, сўлим боғ ташкил этилган. Абу Муин Насафий китобларининг номи ва ўгитлари ёзиб қўйилган. Зиёратгоҳда XI асрга оид ёдгорлик ва қудуқ, XIII асрда қурилган эски масжид ҳам сақланиб қолган.
Президентимиз янги масжид ва музейни кириб кўрди. Музейда Абу Муин Насафийнинг ҳаёти ва асарлари мультимедиа воситалари орқали акс эттирилган. Бу ерда қадимги Самарқанд қоғозига битилган Қуръони каримнинг асл нусхаси, матога тўқиб ёзилган муқаддас оятлар ҳам сақланмоқда.
Шавкат Мирзиёев аллома асарлари бугунги кунда ҳам долзарблигини, уларнинг мағзини халқимизга, ёшларга етказиш кераклигини таъкидлади. Шу мақсадда Қарши давлат университети қошида Абу Муин Насафий номида илмий марказ ташкил этиш таклифини билдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter