Шавкат Мирзиёев: «Коронавирус пандемияси 10 йил давом этиши тахмин қилинмоқда»
Президент Шавкат Мирзиёев видеоселекторда Ўзбекистондаги эпидемиологик ҳолат мураккаблашганига тўхталиб, вакцинацияни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.
«Мен жаҳоннинг етакчи олимлари тадқиқотлари билан қизиқдим: коронавирус пандемияси 10 йил давом этиши тахмин қилинмоқда. Биз энди бу вирус билан яшашни ўрганишимиз зарур.
Афсуски, касаллик тарқалиши яна кучайиб кетди. Вазият мураккаб, бундай вазиятда эса асосий чора — вакцинацияни кучайтириш. 3 млн доза Moderna вакцинасини 4 августда эмас, эртароқ олиб келяпмиз. Ўзимизда «Спутник» вакцинасини ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз.
Энди фаол эмланиш зарур. Мени ҳайрон қолдираётгани зиёли одамлар ҳам вакцина олишдан қайтаришяпти. Халқимиз саломатлигини сақлаш учун барча чораларни кўрамиз», — деди Президент.
Давлат раҳбари ҳукумат ҳар бир фуқаро ҳаёти учун курашишда ва бунинг учун зарур воситаларни йўналтиришда давом этишини таъкидлаб, фуқаролар ўз ҳаётлари ва саломатликлари учун масъул эканликларини яна бир бор эслатиб ўтган.
«Вакцина олганлар шифохонадан тўрт кунда чиқяпти, эмланмаганларга эса жуда оғир бўляпти. Ҳа, вакцина олгандан кейин касалланиш мумкин, лекин касаллик енгил формада кечяпти», — дея қайд этган давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX дастури орқали ажратилган Moderna вакцинасининг 3 миллион дозаси 29 июл куни махсус рейс билан Ўзбекистонга етказилиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter