Шавкат Мирзиёев Жумабой Исмоилов хонадонида меҳмон бўлди (фото)
Давлатимиз раҳбари Қўштепа туманидаги Намуна маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан танишди.
Халқимизнинг миллий деҳқончилик маданияти, қадриятларидан бири – узумчилик. Айниқса, Фарғона водийсида деярли ҳар бир кўчада, хонадонда ток бор.
Намуна маҳалласида ҳам шундай. Аксарият оилаларнинг асосий даромади узумчиликдан. Шунингдек, намуналиклар мебелсозлик, дўппидўзлик, чеварлик, чорвачилик, асаларичилик ва қуён боқиш билан шуғулланади. Маҳаллада уч мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Шавкат Мирзиёев шу ерлик Жумабой Исмоилов хонадонида меҳмон бўлди.
Оила бошлиғи уста деҳқон. Турмуш ўртоғи Фотима ая тикувчи. Улар катта фарзандларни уй-жойли қилгани, ўз уйида ишлаб, қўшимча даромад топаётгани ҳақида сўзлади. 15 сотих томорқада 100 туп узум ва бошқа мевали дарахтлар экилган. Ўтган йили биргина узумнинг ўзидан 21 миллион сўм даромад олинган.
Президент келгусида маҳалла тизимига янада кенг имкониятлар берилиши, бу жойлардаги муаммоларни манзилли ҳал этиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда муҳим омил бўлишини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятига ташрифини якунлаб, Андижонга жўнаб кетди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter