Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев: «Ижро тизимидаги энг катта муаммо — дунёқараш ўзгармаётгани, билимсизлик ва масъулиятсизлик»

Шавкат Мирзиёев: «Ижро тизимидаги энг катта муаммо — дунёқараш ўзгармаётгани, билимсизлик ва масъулиятсизлик»

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрдаги Мурожаатномасида ислоҳотлар самарасини ҳар бир инсон ўз ҳаётида ҳис этиши учун ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш лозимлигини таъкидлаган эди. Шу боис Адлия вазирлигига қабул қилинган ҳужжатларни масъулларга етказиш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилиш бўйича янги тизим жорий этиш вазифаси топширилган эди.

Президент ҳузурида бугун ўтказилган йиғилишда амалдаги ҳолат таҳлили ва илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, самарали ижро тизимини йўлга қўйиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилганидек, сўнгги 4 йилда 2 мингга яқин фармон ва қарорлар қабул қилинган. Лекин ҳудуд ва ташкилотларда уларнинг бажарилиши қониқарли эмас.

Коронавирус пандемияси, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари қатор йўналишларда муаммолар борлигини кўрсатди. Олий таълим, транспорт, сув хўжалиги, давлат мулкини бошқариш соҳаларидаги ислоҳотлар кутилган натижани бермаяпти. Шу сабабли мазкур соҳалар раҳбарлари ишдан олинди. Яна бир қатор вазир ва вазир ўринбосарлари фаолияти қониқарсиз деб топилиб, уларга интизомий жазо қўлланилди.

— Ижро тизимидаги энг катта муаммо — дунёқараш ўзгармаётгани, билимсизлик ва масъулиятсизлик, — деди давлатимиз раҳбари. 

Йиғилишда 4 босқичли самарали ижро тизимини ташкил этиш чоралари муҳокама қилинди. Булар ижрони лойиҳа босқичида режалаштириш, ижрони ташкил этиш ва кўмаклашиш, ижрони баҳолаш, ижрони назорат қилишдир.

Ҳужжатларни амалиётда қўллашга кўмаклашиш мақсадида адлия вазири ўринбосарлари марказий идораларга бириктирилади. Ўрта ва қуйи бўғин ходимларини ҳар бир соҳага оид қарор бўйича ўқитиш ташкил этилади. Адлия вазирлиги вилоят бошқармалари, шаҳар ва туман бўлимлари бошлиқлари эса қарорларни тадбиркор ва фуқароларга тушунтиришга масъул бўлади.

Президент қабул қилинаётган ҳужжатлар халқ манфаатига қаратилганини, шунинг учун уларнинг мазмунини аҳолига етказиш зарурлигини таъкидлади.

Ҳужжатларнинг нафақат ижроси, балки натижадорлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Мисол учун, 2020 йил 1 майда ерости суви захираси бор жойларда давлат ҳисобидан қудуқ қазиб, уларни аҳолига имтиёзли шартларда бериш бўйича қарор қабул қилинган эди. Бу мақсадларга Инқирозга қарши жамғармадан ажратилган 300 миллиард сўм ҳисобига 95 минг гектар ер фойдаланишга киритилди, 70 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.

Мутасаддиларга жойларга чиқиб, қарорлар ижроси юзасидан манзилли ва тематик ўрганишлар ўтказиш бўйича топшириқ берилди. Бунда қонунчиликдаги камчиликлардан тортиб, инвестиция лойиҳалари аҳволигача барча масалалар комплекс ўрганилади, муаммолар бўлса аниқланиб, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Қарорлар ижросини назорат қилишнинг энг унумли воситаси — жамоатчилик иштироки ва назорати. Шу боис, «жамоатчилик эшитувлари», «жамоатчилик мониторинги» тизимини жорий қилиш, бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларни фаол жалб этиш муҳимлиги таъкидланди. Жисмоний ва юридик шахсларга Президент ҳужжатлари ижроси юзасидан мурожаат қилиш имконини берадиган мобил илова ишга туширилиши белгиланди.

Адлия вазирлигига Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, «Ижтимоий фикр» маркази билан бирга аҳоли ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказиш, қарорлар ижроси ва бунга халқнинг муносабатини ўрганиш вазифаси қўйилди. Бу мақсадлар учун алоҳида грантлар жорий қилинади.

Шунингдек, давлат идоралари томонидан қарорлар ижроси юзасидан матбуот анжуманлари ташкил қилиб борилади. Бажарилмаган ишларни танқидий муҳокама қилиш билан бирга, ижроси самарали бўлган қарорлар бўйича ижобий тажрибалар ҳам ёритилади.

Барча таҳлиллар, ахборотлар Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида танқидий кўриб чиқилиб, тегишли чоралар белгиланади, дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг