Сергелидаги портлаш сабаб 4 киши қамоққа олинди
Шу йилнинг сентябр ойида Сергелида юз берган портлашдан сўнг 4 киши қамоққа олинди. Бу ҳақда ҳукумат комиссияси маълумотида айтилади.
Сергелидаги фавқулодда вазият сабабларини ўрганиш жараёнида ёнғин бошланган жой ва портлаш ўчоғи металл ва сэндвич панеллардан қурилган омборда юз берганлиги аниқланди. Ёнғин ва портлаш оқибатида омборнинг металл конструкциялари деформацияга учраб, қулаб тушган.
Ёнғин содир бўлган омборхонада катта миқдорда кимёвий моддалар, қурилиш ва бошқа маҳсулотлар белгиланган талабларга риоя қилинмасдан аралаш ҳолда сақлаб келинган.
Ҳодиса жойидан олинган намуналар асосида ўтказилган кимёвий тадқиқотлар натижасида полиэфирлар, ксилол, углеводородлар, натрий гидроксид, водород пероксиди, этилен гликол ва юқори молекуляр карбон кислота эфирлари каби кимёвий моддалар мавжудлиги аниқланди.
Бу моддалар омборхонада сақланаётган водород пероксиди, алкид смоласи, алкилбензолсульфон кислотаси, латех, полиэфир смоласи, каустик сода моддалари ва лак маҳсулотларининг таркибий қисмлари бўлиб, ёнғин ва портлаш хавфи юқори ҳисобланади.
Ҳодиса жойи ўрганилганда айнан водород пероксиди сақланган жой яқинида гул қоғозлар ва бошқа ёнувчи материаллар сақлангани аниқланди.
Ўрганиш натижасига кўра, омборхонада сақланаётган кимёвий модда ва материалларнинг ўзаро таъсирланиши ва кимёвий ўз-ўзидан ёниши юзага келиб, портлаш содир бўлган.
Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича 4 нафар шахсга нисбатан «қамоққа олиш», 1 нафарига нисбатан «гаров» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда 28 сентябр куни кучли портлаш содир бўлди.
Ушбу ҳодиса оқибатида бир ўсмир вафот этди, кўплаб уйларга зарар етди. Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter