Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сенатор Божхона қўмитаси раисига сўров юборди

Сенатор Божхона қўмитаси раисига сўров юборди

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлоновга сенатор сўровини юборди.

Пиротехника воситаларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш тақиқланади. Шунга қарамай,  Янги йил байрами кунларида Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб оммавий мушакбозлик ва пақилдоқбозлик кузатилди. Аввал хабар берганимиздек, бу ҳол ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Блогерлар пиротехника воситалари ёппасига отилганини божхона хизмати вакиллари ўз вазифасини тўлақонли бажармагани оқибати деб баҳолади.

Сенатор томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси раисига йўлланган сўровда ҳам пиротехника воситалари билан боғлиқ ҳолатлардан, айниқса, кексалар, беморлар, ёш болалар ва бошқа тоифадаги фуқароларнинг тинчлиги бузилгани, бу ҳолат аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлгани баён қилинган. Шунингдек, божхона органлари томонидан пиротехника воситалари билан боғлиқ кўплаб қонунбузарликлар бартараф этилгани ҳақида ОАВ орқали чиқишлар қилинган бўлса-да, бу чоралар кутилган самарани бермагани қайд этилган.

«Шулардан келиб чиқиб, сенатор Божхона қўмитаси раисидан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда мамлакатимизга олиб кириш ва олиб чиқиш ёки ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатлар нима сабабдан тўлиқ бартараф этилмаётгани, мазкур воситаларнинг ноқонуний айланишига қандай омиллар сабаб бўлаётгани юзасидан маълумот тақдим этишини сўраган», – дейилади Сенат матбуот хизмати хабарида.

Қўмитадан қонунчиликда бу борада қандай бўшлиқлар мавжудлиги, қайд этилган қонунбузарликларни тўлиқ бартараф этиш бўйича божхона органлари томонидан тезкор равишда амалга ошириладиган чоралар ҳақида маълумот ва таклифлар ҳам талаб қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг