Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сенат сабоқлари

Сенат сабоқлари

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нутқи ҳақида.

Давлатни самарали бошқариш, қонун чиқариш жараёнини тўғри йўлга қўйиш ва халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, шу хусусдаги қонун ва қарорларни қабул қилиш, халқ ва давлатни ташкиллаштирувчи орган сифатида Сенатнинг алоҳида ўрни бор.

Яқинда Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида худди шу масалаларга эътибор қилинди.

Президент ҳукуматнинг, вазирлик ва идоралар, жойлардаги ҳокимлар, бутун давлат бошқаруви тизимининг асосий вазифаси – ислоҳотлар доирасида қабул қилинган ушбу дастурий ҳужжатлар ижросини қатъий таъминлаш, реал натижадорликка эришишдан иборат эканини алоҳида уқтириб бу борада кўп муаммоли масалалар мавжудлигини эътироф этди.

Нутқда халқ хўжалиги ва саноатнинг турли жабҳаларидаги ютуқ ва камчиликлар аниқ рақамлар асосида келтирилди. Одатда, кўпгина масалалар қоғозларда «бажарилиб», амалда эса йўқлигидан кўз юмиб бўлмаслиги ҳам таъкидланди. Эндиликда ҳукумат тизимидаги янги таркибнинг янги тартиб билан ишлаши давр тақозоси. Шунинг учун ҳам нутқда янги баҳоланиш мезони қатъий талаблар билан қўйилди. «Энди ҳар бир топшириқнинг ижро этилгани қоғозга қараб эмас, эришилган пировард натижага қараб баҳоланади», деди Президент.

Табиийки, бу масалалар ечими тартиб-интизом билан боғлиқ. Президент бу борада ҳам ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди. «Барча даражадаги ижро органларида интизомни кучайтириш, белгиланган вазифа ва топшириқлар натижадорлигини танқидий таҳлил қилишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш зарур».

Давлатимиз раҳбари таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси бир ой муддатда ижрони назорат қилиш борасидаги ёндашувларини тубдан такомиллаштирилишига, Вазирлик ва идораларнинг қуйи тузилмалари билан биргаликдаги фаолияти устидан вертикал назорат ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. 

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган, лекин йиғилмасдан ва реал муҳокама ўтказмасдан қарор қабул қиладиган комиссия ва ишчи гуруҳларни тугатиш вақти етганлиги ҳам ўринли эътироф этилди.

Айниқса, электрон портал, ижтимоий тармоқларда махсус саҳифалар ташкил этиб, аҳоли билан «қайта алоқа» тизимини йўлга қўйиш масаласи фаолиятимизнинг сифати ва натижадорлигига сабаб бўлиши аниқ.

Ҳар қандай фаолиятнинг сифати, самараси ва натижадорлиги эса, табиийки, ушбу мезонларни билиш ва амал қилиш билан боғлиқ.

Аввало, фаолиятни ташкил этувчиларнинг соҳавий билим ва кўникмалари етарли бўлиши керак.

Иккинчидан, ресурслар ва имкониятлар – зарур ресурслар (молиявий, моддий, инсон) мавжудлиги ва уларни самарали тақсимланиши лозим.

Учинчидан, унумдорлик ва тартиб – фаолиятнинг режалаштирилиши, унумдорлик ва рефлексив тизимларнинг ишлаши зарур.

Тўртинчидан, мотивация, руҳлантириш ва жамоавий ишлаш, ўзаро юксак ишонч ва бирликда ишлаш керак.

Бешинчидан, мақсадлар ва стратегия аниқ бўлиши ҳамда стратегик ёндошув фаолиятни тўғри ташкил қила олишимиз керак.

Олтинчидан, қабул қилинган қарорлар ва ҳаракатлар тезлиги – қарорларнинг тўғри ва вақтли қабул қилиниши натижаларни ҳосил қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Булар эътиборга олинган ҳолда, қилинган ҳаракат сифат, самара ва натижадорликнинг муҳим тамойилидир.

Давлатимиз раҳбари қатъий ишонч ва умид билан ўз нутқини  «Ватанимиз тараққиёти йўлида бир тану бир жон бўлиб, белни маҳкам боғлаб ҳаракат қилиш» зарурлигини эътироф этиш билан якунлади.

Эндиликда гап сенат сабоқлари ҳаммамизга йўлланма ва қўлланма бўлишида.

Раҳимбой Жуманиёзов,
«ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университети профессори.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг