Сенат раиси Танзила Норбоевага мактуб — 2
Ҳа, ўтган йили шу пайтлари 20 йилдан бери уйсиз яшаётган хоразмлик аёлнинг мурожаатига на хотин-қизлар қўмитаси на маҳалла қулоқ солмагач, сизга мактуб ёзиб, сиз туфайли ўша аёл уйли бўлганди.
У аёл, мана бир йилга яқинлашиб қолдики, ҳали ҳамон сизни дуо қилади. Ҳазилакам гапми, 20 йил деганда уйли-жойли бўлиш ва азалий орзунинг ушалиши... Икки нафар фарзандининг хурсандлигинику чеки чегараси йўқ.
Мен сизга яна мактуб ёзишга мажбур бўлдим. Зеро, бошқа йўл кўрмаяпман. Тошкент вилояти, Янгийўл шаҳар, Рамадон маҳалласи, Лаззат кўчаси 6-уйда истиқомат қиладиган Саодат Азизова ҳақида бундан роппа роса бир йил олдин «Ўзимни аёл эмас, зараркунандадай ҳис қилдим» сарлавҳали мақола ёзгандим.
Саодатнинг ҳаётида қандай ўзгариш бўлди? Ҳеч қандай! Ўша-ўша текстилга ишга борса, ёшинг катта (40) деб ишга олишмаган. Бир нафар ўғли бор. 14 йил деганда ҳокимият томонидан эскигина таъмирталаб уй берилган имтиёзли равишда, лекин бу уйни Саодат «меники» деёлмайди. Сабаби ҳали ҳам ҳужжатлаштириш ишлари ортга суриб келинмоқда. Уй ҳокимият балансида.
Саодат ҳозир яна бир ўзига ўхшаган ёлғиз аёлнинг боласига қарайди ва кунлик 25 минг сўм олади. Яъни, ўзига ўхшаган ёлғиз аёл Саодатни қийин аҳволдан сақлаб турибди. У аёл ҳам қаердадир ишлайди. Саодат «Яхшиям шу гўдак бор, бизни боқиб турибди», дейди. Кўряпсизми? Икки ёлғиз аёл бир-бирини қўллаяпти. Энди мана шу кунлик тушумга Саодат ўз фарзанди билан яшаши керак. Яқинда унинг ўғли касалхонада ётиб чиқди, қора талоғи шишган, кўзлари сарғайган, нимага қора талоқ шишганлигини ва кўзларнинг сариқлигини билишнинг имкони бўлмаяпти, сабаби тўхтовсиз анализлар олиш ва аниқ ташхис қўйиш учун яна ўша пул керак. Айни пайтда Худоберган оилавий шароит туфайли мактабга ҳам боролмаяпти. Аммо унинг ўғли жуда истеъдодли ва жуда яхши бола. Қўлидаги охирги нонини бозор олдидаги оёғи йўқ инсон билан бўлишиб ейдиган ва яхши расмлар чизадиган бола. Унинг ҳаётдан умидлари катта.
Энди ўзингиз ўйланг, муаммоларга қоришиб ётган онасини, етишмовчиликни, ўғли учун намунали аёл бўлишга ҳаракат қилаётган онанинг ночор аҳволини кўрган бу ўсмирнинг ҳаётдан кўнгли қолмайдими, қалбида Ватанига, юртига, одамларга ишончсизлик уйғонмайдими?
Саодат яна бир гапни айтди: «Аёлга жиноятга қўл урмасидан олдин, яъни ўғирлик қилмасдан, фоҳишага айланмасдан олдин ёрдам қўлини чўзиш керак эмасми?» У яқинда маҳаллага ёрдам пули сўраб чиқибди. Унга эса маҳалла фаоллари шундай жавоб беришибди: «Сен ёрдам пули олишинг учун ишлашинг ва ойлигинг етмаётганини кўрсатадиган ҳужжатинг бўлиши керак». Кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам учун ишлаб чиқилган нақадар хом-хатала низом бу. Саодат агар ишлаётган бўлганида ёрдам пули сўрармиди? Умуман, кам таъминланган оила қандай бўлади? Саодат 800 минг сўм билан оиласини, боласини боқаяпти, у кам таъминланган оилага кирмайдими? Ёки у давлат ишида ишламаяпти, демак яхши пул топаяпти деган ишонч борми? Ишлаши учун қатор қатор заводларда вакант ўринларнинг ўзи борми? Маҳалладан бирорта одам келиб унинг яшаш шароитини, бир кунлик ишини кузатиб, унга ёрдам пули ёзишнинг имкони йўқми? Аслида бериладиган ёрдам пули бир ойлик рўзғорини тебратишга етса ҳам катта гап. Кейинчи?
Саодат қора қозони учун эмас, фарзандининг соғлиғи учун 14 йил деганда маҳаллага илк марта пул сўраб чиққан эди. (Ҳа айтганча, бир пайтлар кўча супурувчи бўлиб ишлаганида уч ойлик ойлигини неча бор ҳокимиятга арз қилиб олганди.) Бу фақат Саодатнинг дарди эмас. Бу ҳалол яшамоқчи бўлган, хорижда ишлаш учун фарзандини ташлаб кетгиси келмаётган, фоҳишалик қилишни хоҳламаётган ва ҳалоллиги билан фарзандига ўрнак бўлишни истаётган барча ёлғиз аёлларнинг юртимиздаги қисмати шундай. Агар олий маълумот олган бўлса, озгина маош билан кун кўраётганлари ҳақида гапирмадим. Мен арзимаган маошга — бир млн. сўмга ҳам етмаётган ойликка ишлаётган ёлғиз оналарнинг чорасизлиги ҳақида айтаяпман.
Айтингчи, кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдамнинг низомини қайта кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқмайдиган маҳалла тизими бизга керакми? Аёлларнинг, ёлғиз оналарга тўланадиган компенсацияларнинг йўқлигини ёки камлигини катта масала қилиб сенат ва депутатлар олдига кўндаланг қўя олмайдиган хотин-қизлар билан ишлайдиган ташкилотлар бизга керакми?
Бир аёлнинг ҳаёти учун сизни безовта қилиб журналистни мактуб ёзишга мажбур қиладиган маҳалла, хотин-қизлар каби ташкилотларни ёпиб уларга ажратиладиган, ходимларига тўланадиган миллардлаб пуллар эвазига мана шундай аёллар қўллаб-қувватлаб борилса, шу пулларга аёллар учун нормал ойликлар тўланадиган завод, фабрикалар очилса, камбағалликка барҳам берилармиди?
Саодат «охирги умидим сиздан» деб менга ёзиб юборибди. Менинг эса охирги умидим сиздан Танзила опа!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter