Сайғоқлар камайди, чўл тошбақаларининг бир неча тури йўқолди, қор қоплони хавф остида – Экология огоҳлантирмоқда
Тошкентда 2024 йил 4-5 март кунлари «Марказий Осиёда ёввойи табиат жиноятларига қарши курашишда салоҳиятни ошириш ва кўмаклашиш» халқаро лойиҳаси бўйича ишчи учрашув бўлиб ўтмоқда. Ушбу лойиҳа Марказий Осиёда ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдосига қарши кураш бўйича Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонни бирлаштириши кўзда тутилган.
Тадбирни Экология вазирлигининг Биологик хилма-хиллик сиёсатини юритиш бўлими бошлиғи Абдурашид Содиқов кириш сўзи билан очди ва йиғилиш кун тартибининг долзарблигини таъкидлади.
«Ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси ҳозирда дунёда даромад бўйича тўртинчи ўринда туради, афсуски, ҳайвонларни ноқонуний равишда сотаётганлар етарлича. Бу биохилма-хилликнинг асоси бўлган ёввойи табиат савдосига қарши курашиш учун кўпроқ ҳаракат қилишимиз кераклигини англатади. Биз ушбу мақсад йўлида маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйдик. Мақсадимиз ҳаво, темир йўл ва бошқа транспорт йўллар орқали ҳайвонларни ноқонуний олиб кириш ёки олиб чиқиб кетишнинг олдини олишдир», — деди Абдурашид Содиқов.
Яширин бизнес
Тадбирда маълум қилинишича, ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ноқонуний савдоси яширин бизнесининг энг даромадли турларидан биридир. Дунё миқёсида ушбу фаолият пул айланмаси бўйича гиёҳванд моддалар, қурол-яроғ ва одам савдосидан кейин тўртинчи ўринни эгаллаб, йилига қарийб 8,5 миллиард долларни ташкил этади.
Ташкилотчилар
Лойиҳанинг асосий ташкилотчилари ва ижрочилари – Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Fauna and Flora (Буюк Британия) халқаро ташкилоти, «EKOMAKTAB» республика экология ресурс маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти, TRAFFIC халқаро ташкилоти (Буюк Британия), Қозоғистон биохилма-хиллигини сақлаш ассоциацияси бўлиб, тажриба алмашиш, ўқув тадбирлари ва ахборот салоҳиятини ошириш учун Божхона қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси Миллий кинология маркази, Олий ҳарбий божхона институти ва Ўзбекистон Республикаси прокуратураси билан ҳамкорлик қилинмоқда.
Даҳшатли рақамлар
Марказий Осиёда ёввойи табиатнинг ноқонуний савдосининг салбий оқибатлари дунё бўйлаб барча турларнинг кескин камайишига олиб келмоқда. Жумладан, 1990 йилларнинг охири ва 2000 йилларнинг бошларида сайғоқлар сонининг 90% камайиши; чўл тошбақаларининг бир нечта популяциясининг бутунлай йўқолиши; қор қоплони сони, айниқса Марказий Осиё ҳудудида яшаётган турларининг камайиши, шунингдек, қизилмия илдизи, каперс, сассиқ Ферула ва шу каби доривор ўсимликларни ҳаддан ташқари эксплуатация қилиниши ва деярли бутунлай йўқ қилиниши хавфи кузатилмоқда.
Табиат кўмак сўрамоқда
Ёввойи табиат бундай кенг кўламда вайрон этилиши шундоқ ҳам заиф тоғ, дашт ва чўл экотизимларининг саломатлиги ва фаолиятига таъсир ўтказмоқда. Табиатга яқин жойлашган қишлоқ ҳудудларида экологик хизматлар кўрсатиш ва турмуш тарзини таъминлаш қобилияти пасайиб кетган, бу эса ижтимоий-иқтисодий тенгсизлик ва низоларга олиб келиши мумкин. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг етишмаслиги ҳам кенг жиноий тармоқларга ушбу чекка қишлоқ жойларида фаолият юритиш имконини беради, бу эса маҳаллий ва минтақавий даражада барқарорлик ҳамда хавфсизликни янада пасайтиради.
Ёввойи импорт
Табиат учун яна бир хавф – ноқонуний олиб кирилаётган ёввойи ҳайвонлардир. Ўзбекистоннинг бетакрор табиати учун ҳақиқий хавф туғдирадиган инвазив турлар фуқаролар томонидан юртимизга олиб кирилмоқда. Бу эса дарёларимиз, кўлларимиз, ўрмонларимиз ва даштларимизда турли таҳдидларни келтириб чиқариши мумкин.
Дарёларда йиртқич балиқлар ёки бутазорлардаги питонлар ёхуд аҳоли пунктлари яқинида ёки даштларда ёввойи шерларни тасаввур қилиш қўрқинчли. Эҳтимол, юртимизнинг иқлим шароити экзотик флора ва фаунанинг баъзи вакиллари учун жуда мос эмасдир, аммо шунга қарамай баъзи масъулиятсиз фуқаролар турли ёввойи ҳайвонларни сотиб олиш ва шахсий уйларида сақлашни хуш кўрадилар.
Нохуш тарих
Дунё тарихида инвазив турларнинг маҳаллий иқлимга мослашиш ҳолатлари учраб туради. Масалан, 20 йилдан ортиқ вақт давомида «йўлбарс питонлари» билан «уруш» олиб бораётган Флорида штати бунга мисол бўла олади. Ватани Жануби-Шарқий Осиё бўлган бу илонлар АҚШга кўп йиллар олдин экзотик фаунани севувчилар томонидан олиб келинган. Бахтга қарши, баъзи урғочи питонлар сақлаш жойларидан қочишга муваффақ бўлган ва Флориданинг илиқ, нам иқлимида кўпайиб кетган. Маҳаллий фауна эса очкўз ва йиртқич мигрантларга тайёр эмас эди. Натижада кўплаб маҳаллий турлар йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолган.
Маҳаллий аҳоли илонларни қўлга олиш ва йўқ қилишга уринмоқда, аммо питонларни тутиш унчалик осон иш эмас. 2023 йилнинг баҳорида олимлар штат учун «жанг»да одамлар питонларга ютқазаётганини тан олишга мажбур бўлди. Илонлар одам учун катта хавф туғдиради. Дарё бўйларида рўй берган бир қатор бахтсиз ҳолатлар буни тасдиқлаб турибди.
Ҳамкорлик
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёввойи табиатнинг ноқонуний савдосини аниқлаш ва уларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш Марказий Осиё учун жиддий логистика муаммоси бўлиб, идоралар ўртасида салоҳият ва самарали мувофиқлаштиришга катта сармоя киритишни талаб қилади. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон қуруқликда 19 193 км умумий чегарага эга бўлиб, ҳамкорликда фаолият олиб бориш талаб қилинади.
Афсуски ёввойи табиат зоналарида жойлашган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, транспорт йўллари ва ноқонуний маршрутлар бўйлаб ўрнатилган назорат-ўтказиш пунктлари ходимлари зарур билим, ахборот ва технологиялардан камдан-кам фойдаланиш имкониятига эга. Бу эса уларга ёввойи ҳайвонлар савдосига қарши тезкор чора кўриш, олдини олиш ва бартараф этиш учун жуда зарурдир.
Тадбирлар
СИТЕС конвенциялари рўйхатига киритилган ёввойи табиат объектларини ноёб ва ёрдамга муҳтожлигини аниқлаш бўйича билим ва кўникмаларни ошириш мақсадида бир қатор семинар ва тренинглар ташкил этилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишлар Ўзбекистон Республикаси божхона қўмитаси, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идораси, фан ва жамоат экологик ташкилотларининг маъмурий салоҳияти ва ресурсларини бирлаштирган ҳамкорликдаги ишларнинг биринчи ва илғор шакли ҳисобланади.
Эътироф
Марказий Осиёда ёввойи табиатнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш дастури менежери Мэтт Лоутон ўз нутқида Ўзбекистон ҳукуматининг экологик барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашдаги салмоқли ҳиссасини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, СИТЕС Конвенцияси (ёввойи фауна ва флоранинг йўқолиб бораётган турлари бўйича халқаро савдо тўғрисидаги Конвенция) бўйича мажбуриятларни бажариш шартларини таъминлашда ҳам Ўзбекистон эришган ютуқларга тўхталиб ўтди.
«Биз лойиҳанинг биринчи босқичидан ўтдик ва яхши натижаларга эришдик. Асосий идоралар ўртасида алоқа ўрнатилмоқда, тажриба ва маълумотлар алмашилмоқда, давлат тилларида маълумотнома ва ахборот адабиётлари тайёрланди, изқувар итлар ҳайвонлар ва уларнинг ҳосилалари (шохлари, терилари) билан контрабандани аниқлашга ўргатилмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида трансчегаравий минтақавий ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда, қонунбузарларни аниқлаш, ушлаш, тергов қилиш ва қонуний чора кўриш, прокуратура ва суд салоҳиятини мустаҳкамлаш вазифалари кучайтирилмоқда» , – деди Мэтт Лоутон.
Тошкентдаги ишчи учрашувда лойиҳанинг биринчи босқичи натижаларини лойиҳанинг миллий ҳамкорлари вакиллари билан ўртоқлашиш, эришилган ютуқлар ва олинган сабоқларни муҳокама қилиш, шунингдек, ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси муаммоларини ҳал қилишнинг кейинги босқичларини аниқлаш ва СИТЕС Конвенцияси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишига кўмаклашиш вазифаси қўйилди.
Ушбу вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги ПФ-81-сонли «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда ПҚ-171-сонли «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган мақсадларга жавоб беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter