«Саховат» ва «Мурувват» уйларида бир кун...
Бемор билан мулоқот қилиш, парваришлаш ҳар бир мутахассисдан катта масъулият талаб қилади. Агар бемор ногирон бўлсачи, агар беморнинг хатти-ҳаракатлари ўзига бўйсунмасачи, юрак хуружидан кейин тилдан қолган бўлсачи, у туғма ногирон, ҳатто ўзининг ҳаракатлари учун жавоб беролмасачи?
Яқинда «Тиббий-ижтимоий муассасаларда ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатишнинг ҳолати ва келажакдаги режалар» мавзуида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Тошкент вилоятидаги тиббий-ижтимоий муассасаларга пресс-тур ташкил қилинди. Шу ташриф асносида шифокорларнинг жонкуярлиги ва шарт-шароит нечоғлиқ муҳим эканлигини англаб етдик.
«Бир сўз ва кичкина ҳаракат биз учун катта ютуқ»
Тошкент вилояти «Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази» Ангрен шаҳрига кираверишда шундоққина йўл четида жойлашган. Бу ерга илк инсултдан кейин «тузалармиканман», деган умидсиз ўйда келганлардан тортиб ўн йиллаб қатнаб муолажа олаётганлар бор.
Эргаш Ҳақназаров, шифокор: – Дастлаб келганида аравачада, кейин қўлиқтаёқда ва ниҳоят юриб кетган беморларимиз бор. Бошида улар жуда асабий ёки тушкун кайфиятда бўлади. Тасаввур қилинг, кечагина елиб-югуриб юрган одамнинг бирдан оёқлари, қўллари ўзига бўйсунмай қўйишини. Тасаввур қилинг, ҳаттоки, «она» ёки «болам» деган сўзни айтиши учун тиллари айланмаслигини. Кейинчалик улар бу ердаги тузалаётганларни кўриб умидланишади. «Инсултдан кейин реабилитаяция» деган мақоламда ёзганман, яъни бемор инсултни бошидан ўтказгач, тезда реабилитация қилиниши ва муолажа олиши лозим. Масалан, Европада шундай, Америкада шундай, бизда эса мана ижтимоий марказ агентлиги ташкил қилинди, ишонамизки, бундан кейин беморларимиз одатдагидан тезроқ тузаладилар. Булар учун шароит яратилмаса бари бекор. Улар учун атайлаб ҳовлию хоналарни гуллар билан безаймиз, кайфияти кўтарилсин, тезроқ тузалсин деймиз...
Массаж хонасида беморлар қўл ҳаракатларини тиклаш машқларини олиб боришмоқда.
– Чилла, айни саратонда икки кишининг ишини қилганман, тепага оғир-оғир ғиштларни отиш натижасида бошим айланиб йиқилганман, – дейди беморлардан бири, 58 ёшли Шаҳрам Ҳайдаров. – Саккиз йил бўлди, шу ерга қатнайман. Қаранг, мана атак-чечак қилиб юра бошладим.
Шаҳрам ака қувониб майда қадамлар билан юра олаётганидан фахрланади, қувончига биз ҳам шерик бўлишимизни истайди.
Ҳа, бу ерда ҳар бир беморнинг касаллик тарихи мавжуд. Англашиладики, кўпчилик оғир меҳнат, вақтида ўз соғлиғига эътибор бермаслик, вақтида дам олмаслик туфайли инсултни бошидан ўтказганлар.
– Мен асли Тошкентда яшайман, – дейди Ислом ота Ҳасанов. – 76 ёшдаман, узоқ йиллар қурилишда ишлаганман. Аммо шаҳарга эмас, мана шу марказга даволанишга келаман. Чунки фарқи бор. Бу ерда жамоа яхши, муомала, муолажа яхши, келган пайтим ётоқ ҳолатда эдим, кейин коляскага ўтдим, шифокорларнинг, ҳамшираларнинг хатти-ҳаракатлари билан даволанганимдан сўнг ҳассасиз юра бошлайман. Чарчаб қолсам, даволанишга эҳтиёж сезсам яна ҳассага таянаман, бу ерда даволаниб кетгач яна ҳассамни улоқтираман... Айтганча, бу ерда нафақат бирор касалликдан кейин ногиронликни орттирган, балки муҳтож фуқароларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминлашда ҳам анчагина хайрли ишлар амалга оширилган.
Хабарингиз бор, бундан ропп-роса бир йил олдин президентимизнинг бир қатор қарор ва фармонлари ижроси ўлароқ Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) қайта ташкил этилганди. Агентлик кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ваколатли давлат бошқаруви органи сифатида мана бир йилдирки «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларида сезиларли ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Уларнинг моддий-техника базаси ва моддий таъминоти даражаси ортди, муассасалардаги маънавий муҳит инсонпарварлик, меҳрибонлик, ҳаётга шукроналик ҳис-туйғулари билан сингдирилди. Муассасалардаги мавжуд шарт-шароитларни янада яхшилаш, қўшимча бино қуриш, мукаммал таъмирлаш, ногиронлиги бўлган шахслар учун кўтариш платформалари билан жиҳозлаш, кутубхоналарни ташкил этиш ва улар фондини бойитиш юзасидан маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 14,0 млрд. сўм маблағ сарфланди. Ногиронлиги бўлган болалар ва катталарда мустақил юриш функцияларини қайта тиклаш учун замонавий экзоскелет ускуналари харид қилинди.
«Кўзи ожиз болалар ва катталарга овозли термометр, овозли тонометр, Брайл алифбоси бўйича ёзув мосламаларини ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни оғир ва фавқулодда вазиятларга тушганда уларга тезкор ёрдам кўрсатиш ҳақида хабар бериш махсус функцияга эга «Ақлли соат»ларни харид қилиш ва муҳтож шахсларга етказиб берилади, – дейди Тошкент вилоят Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Ҳотам Мирзажонов...
Статистик маълумотларга кўра, дунёда 1,1 млрд. нафар «катта авлод» вакиллари ҳамда 1,0 млрд. – ногиронлиги бўлган шахслар бор. Ўзбекистонда эса «катта авлод» вакилларининг сони 3,0 млн. дан ортиқ, ногиронлиги бўлган шахсларнинг сони эса, қарийб 1,0 млн. нафарни ташкил қилади.
9,0 минг нафардан ортиқ ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар «Мурувват» ва «Саховат» уйларида давлат томонидан тўлиқ таъминотга олиниб, уларга стационар шароитда тиббий-ижтимоий, маиший ва реабилитация хизматлари кўрсатилмоқда.
Ана шундай уйлардан бири Оҳангарон саховат уйидамиз.
«Барибир ўз уйим бўлгани яхши»
– Мен Сирдарёдан келиб қолганман, беш ой бўлди, – дейди 62 ёшли Фурқат ака Тожибоев. – Шароитлар жуда яхши, аммо бир хоналигина уйим бўлганида бу ерда яшамасдим.
Яқинларингиз-чи?
– Яқинларим кўўўўп. Оилам йўқ. Пул ишлаб топган пайтим оиламга керак эдим, оёқ-қўлим ишламай ётиб қолганимдан кейин ажрашдим. Ҳокимиятга бир неча марта ариза ёздим уй масаласида, аммо менга уй беришмади. Ишга яроқлиман, мен ҳатто ишлай оламан. «Ватанпарвар»да бир пайтлар инструктор бўлиб ишлаганман. Армияда оёқларимни совуқ олдирганман, ўшанинг асорати энди чиқиб келаяпти...
– Мана шу ерда мен бахтимни топдим, – дейди оҳангаронлик Петр Бугров. – Сирдарёлик Назирахон билан турмуш қурдим. Турмуш ўртоғим туролмайди, мен унга қарайман, у жуда яхши шеърлар ёзади, жуда кўп китоб ўқийди. Агар мабодо фарзандимиз туғилса бизга уй беришаркан. Алоҳида уйимиз бўлса, бир оила бўлсак ундан ҳам яхши...
– Мен ўзим хоҳлаб келганман, – дейди 76 ёшли Розия буви. – Мана менинг қизларим, мана сизлар кўришга келдиларингиз, сизлар менинг болаларимсиз. Бу ерда жуда яхши қарашади. Қариндошларим гап-сўз қилади, ўзимиз қараймиз, дейишди, лекин ўзимга ўхшаган одамлар ёнига ўзим хоҳлаб келдим. Уларнинг вақти йўқ, мен уларга оғирлигим тушишини хоҳламайман. Мен туғруқхонада ҳамшира бўлиб ишлганаман, эҳҳе қанчадан-қанча болаларни дунёга келтирганман. Ўзимнинг лекин фарзандларим йўқ.
Ҳамшира Дилфуза Жўрахонова: – Бу ердаги отахону онахонларнинг шукроналиги кўпроқ. Инжиқлик ҳам қилаверишмайди. Уларга нафақат дори-дармон ёки муолажа, балки суҳбатлашиб ўтирадиган одам ҳам керак. Биз уларни эшитамиз, хотираларини, бахтли дамларини биз билан бўлишади, ҳатто оила қуриб бахтли бўлганлари ҳам бор.
Умрларининг сўнги бекати шу ер
Учинчи ташрифимиз «Оҳангарон ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар мурувват уйи». Улар ҳатто ўз хатти-ҳаракатларига жавоб беролмайди. Улар 397 нафар, мурувват уйида бўш жой йўқ, навбатда турганлар ҳам бисёр экан. Улар 18 ёшдан токи умрининг охиригача шу ерда қолишади. Агар қариндошлари томонидан ўз хоҳишларига биноан олиб кетилмаса. Биз Баҳром Ороловдан бундай ногиронлиги бор шахслар олдингига нисбатан кўп ёки камлигига қизиқдик.
«Аввало экология, кейин эса ота ёки онанинг гиёҳванд моддаларга ружу қўйиши ва яқин қариндошларнинг қуда бўлиши туфайли кўпайгани рост», деб жавоб берди.
Ҳа, улар учун шарт-шароитлар аъло даражада, айни пайтда таъмирлаш ишлари кетмоқда экан. Шу ерда ишлаётган усталарнинг айтишича, кўп нарсалар компютер орқали амалга ошириларкан. Масалан, розеткалар қўйилмаган. Чунки ўз хатти-ҳаракатига жавоб беролмайдиган одамлар учун электрдан ноўрин фойдаланиш хавфи юқори экан.
Ҳамширалардан бу ердагиларга қараш қийинмасми, ишлай олмай кетиб қолганлар ҳам борми, деган саволимизга «ҳа кетиб қолганлар ҳам бор, лекин биз уларга масъулмиз. Мана айнан шундай беморларга қарайдиганларнинг ойлиги кўтарилди, демак меҳнатимизга яраша ҳақ оламиз ва инсонийлик юзасидан биз буларга масъулмиз. Тўғри, булар орасида ўз хатти-ҳаракатиларига жавоб бера олмайдиган беморлар ҳам бор. Уларга муолажа тайинланади, шифокорлар улар билан ишлайди»...
Айтганча, «Саховат» ва «Мурувват» уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатининг раҳбар ва шифокорлар ойлик лавозим маоши 1,5 баробарга, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ойлик лавозим маоши 2 баробарга оширилган.
Биз пресс-тур доирасида турли тақдир эгалари билан учрашдик, кучли одамларни кўрдик, умидсизликдан қайта дунёга келганлар билан суҳбатлашдик. Яратилган шарт-шароитлар, кўрсатилаётган меҳрибонликнинг гувоҳи бўлдик. Бундай саховат ва мурувват уйларининг камайишини, соғлом ва бахти бутун одамлар кўпайишини чин дилдан истадик. Аслида шифокорлар – нажот фаришталарининг тилаги ҳам мана шу.
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter