Саудия Арабистони ва Ўзбекистон Ҳаж битими имзолади
Саудия Арабистони ва Ўзбекистон 1444 ҳижрий йил Ҳаж мавсумига тайёргарлик доирасида битим имзолади. Бу ҳақда Саудия элчихонаси матбуот хизмати «Xabar.uz»га маълум қилди.
Жидда шаҳрида 8 январь куни бўлиб ўтган расмий учрашувда маъқулланган ушбу ҳужжатда «Нигоҳ–2030» дастури ижроси йўлида Раҳмоннинг меҳмонлари – ҳожиларнинг зиёратини енгиллаштириш ва уларга кўрсатиладиган хизмат сифатини ошириш кўзда тутилган.
Жидда шаҳрида Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа ҳамда Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари учрашган. Унда ўзаро алоқаларнинг истиқболлари, хусусан, 2023 йилги Ҳаж мавсумини юқори даражада ташкил этиш масалалари муҳокама қилинган.
Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов сўнгги йилларда ўзаро алоқалар тараққий этаётгани, президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил август ойида подшоҳликка давлат ташрифини амалга оширганини ёдга олган.
Ўз навбатида Саудия вазири подшоҳлик фуқаролари учун Ўзбекистонга сафар қилишда визасиз тизим жорий этилганини ижобий баҳолаган.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Икки муқаддас масжид ходими, подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Саудга зиёратчиларга кўрасатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирган.
Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматига кўра, музокараларда Мадина шаҳридаги Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларига оид инновацион музей каби Самарқанд вилояти Имом Бухорий мажмуасида ҳам буюк муҳаддис ҳаёти ва ижодига бағишланган музей барпо этиш ишлари жадал давом эттирилаётгани баён қилинган. Саудия вазири музейнинг очилиш маросимига бориш ниятида эканини маълум қилган.
Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил сентябрь ойида Саудия Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа мамлакатимизга ташриф буюрган эди. Юқори мартабали меҳмонни президент Шавкат Мирзиёев қабул қилганди.
Суҳбат чоғи Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик ҳаж квотасини икки баробар – 24 минг нафаргача, умра квотасини эса 100 минг нафаргача ошириш юзасидан келишувга эришилган.
Саудия вазири подшоҳликда ҳам Ўзбекистондаги тарихий масканларни зиёрат қилишга қизиқиш ошиб бораётганини таъкидлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter