Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқандда яна бир аёл таҳқирланди

Самарқандда яна бир аёл таҳқирланди

Видеолавҳадан скриншот

Янги йил арафасида аёл кишини таҳқирлаш билан боғлиқ видеолавҳа ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган эди. Унда Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги «Қум ота бува» фермер хўжалиги раҳбарининг укаси экани айтилаёган норғул йигит бир аёлнинг қўлларини орқасига қайириб, ерга юзтубан ёқизган ҳолда қийнаётгани акс этади.

Маълум бўлишича, аёл — уч фарзанднинг онаси, ўттиз беш ёшли Ф.У. бўлиб, воқелик «Қум ота бува» фермер хўжалиги раҳбари унга иш ҳақини чиқариб олиши учун оғзаки равишда берган ерга эккан мошини тераётган пайтда юз берган. Аввалроқ аёл йил бўйи қилган меҳнати учун пулини ололмаётгани сабаб Оқдарё туман прокуратурасига фермер устида шикоят натижасида ҳақининг яримини олишга муваффақ бўлган, қолганини хўжаликнинг бўш ер майдонига мош экиб олиш эвазига қоплаш таклифига рози бўлгани айтилади. Аёлнинг прокуратурага мурожаат қилгани фермернинг укаларига ёқмайди, натижада уни мош экилган даланинг ўзида уриб, ерга юзтубан ётқизиб, таҳқирлашади.

Бу жараённи қўл телефонида ўзлари тасвирга олишади...

Айни ҳолат ички ишлар ходимлари томонидан ўрганилганда вазият кескин ўзгаради: аёл ва унинг турмуш ўртоғи «мош ўғриси» тариқасида жарима жазосига тортилади. Аёлни қийнаган фермернинг укаларига эса «енгил тан жароҳати етказиш» айблови билан энг кам иш ҳақининг икки баробари миқдорида жарима солинади, холос.

Ушбу воқелик юзасидан ҳозирча Бош прокуратура расмий баёнот бергани йўқ. Бироқ Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг «Фейсбук» ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали билдирилишича, аллақчон амалий ҳаракатлар бошлаб юборилган кўринади:

«Самарқанд вилояти, Оқдарё туманидаги «Қум ота бува» фермер хўжалиги ҳудудида бўлиб ўтган воқеа юзасидан фуқаро Ф.У.нинг мурожаати асосида 25.12.2018 йилда жиноят иши қўзғатилганлиги ва аввал чиқарилган маъмурий суднинг қарорини бекор қилиш тўғрисида прокуратура протести киритилганлигини маълум қиламиз.

Мазкур жиноят ишининг судда кўрилишида Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитасининг вакиллари жамоатчи ҳимоячи сифатида иштирок этиши белгиланди...»

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг