«Самарқандда ичкиликка ружу қўйган эркаклар рўйхатини тузиб, даволатдик» — Хотин-қизлар қўмитаси
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Оиладаги зўравонлик масалалари, турли вазиятлар таҳлили ва бу борада олиб борилаётган чора-тадбирлар» мавзусида брифинг ҳамда журналистлар билан мулоқот бўлиб ўтди.
Унда 21 июнь куни Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларида масъулларнинг иштироки етарли даражада сезилмаётганини танқид қилгани қайд этилди.
«Давлатимиз раҳбари аёлларимизга мутлақо ярашмайдиган салбий иллатлар, яъни, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик, одам савдоси, оилавий ажримлар, эрта никоҳларнинг, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш доимий эътиборимиз марказида бўлиши зарурлигини таъкидладилар, — деди Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова. — Ҳозирда қўмитамиз томонидан Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ билан биргаликда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилди».
Элмира Боситхонованинг билдиришича, Президент «Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятлари кафолатлари тўғрисида»ги қонунни қабул қилишни давр талаби, дея айтиб ўтган.
«Самарқанд вилоятида ичкиликка ружу қўйган эркакларнинг рўйхатини тузиб чиқдик, — деди Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова. — Кейин уларни стационарларда даволатдик, саъй-ҳаракатларимиз натижасида шунга эришдик. Ўйлайманки, бу ҳам оилалардаги нотинч вазиятларнинг олдини олишга ҳисса қўшади».
Маълум қилинишича, яқин кунларда Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида Республика аёллар ижтимоий мослашув Маркази очилади.
«Бу масканда эри билан жанжаллашган, қайнонаси ҳайдаб юборган аёлларни жойлаштириш мумкин бўлади», — деди Мукаррам Нурматова.
Маълумот: Президентнинг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни меъёрий ҳаётга қайтариб, уларнинг фарзандларига ижтимоий-психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳудудларда Аёллар ижтимоий мослашув маслаҳат марказлари иш бошлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter