Самарқанд гўшт бозорларида. Бефарқликми, бефаросатлик?..
Гўшт харид қилинаётганда одатда қассобларга ёки сотувчига бир хил савол берилади: нархи ва унинг мол ёки қўй гўшти эканлиги. Кейин имкониятингиз ва эҳтиёжингизга қараб сотиб олаверасиз.
Бирон марта эшитганмисиз, ё гувоҳи бўлдингизми, ким қизиққан — қаерда ва қандай шароитларда сўйилган, истеъмолга яроқли ё яроқсизлиги, мутахассислар таъбири билан айтганда, сизга таклиф қилинаётган гўштнинг ҳужжати борми, у лаборатория текширувларидан ўтганми ва ҳоказо.
Гўшт нархининг қимматлашиб бораётганлиги ҳақида жуда кўп ва хўп айтиляпти. Нима ҳам дердик, бозор иқтисодиёти, ем-хашак фалон пул, мол боқиш кундан-кунга қийинлашиб боряпти...
Аммо бир нарса аниқки, 40-46 минг сўмга гўшт харид қиларкансиз, у соғлиғингизга зарар келтирмаслиги кафолатланиши зарур. Аммо ўша кафолатни сизга ким беради. Супермаркетдаги сотувчими? Қассобми? Ё молнинг эгаси?
Самарқанд шаҳри ва вилоятнинг 14 та туманида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси томонидан ва ДСЭНМ, Давлат Ветеринария хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар натижасида қўлга киритилган маълумотлар анча мулоҳазали ва ... ачинарли.
Маълумотларга эътиборингизни тортамиз:
Самарқанд шаҳридаги марказий Сиёб ва Темирйўл деҳқон бозорларидаги гўшт расталари ва қассобхоналарнинг деярли 70 фоизида (!) антисанитария ҳолати қайд этилди. Қассоблар махсус кийимда эмас, тиббий кўрикдан ўтганликни тасдиқловчи ҳужжатлар йўқ, айримларининг жиҳозлари (асбоблар, кунда, илгич ва ҳоказолар) нотоза, қўл ювиш учун шароитлар яратилмаган. Дўконларда сотилаётган гўшт миқдори билан бозор таҳлилхонаси берган маълумотлар бир бирига мутлақо тўғри келмайди...
«Мармар» бозори ҳудудидаги мавжуд 4 та гўшт дўконидан фаолият кўрсатаётган иккитасида сотувчи учун ҳам, ҳаридор учун ҳам ҳеч қандай шароитлар яратилмаган, санитария талабларига мутлақо жавоб бермайди, ҳатто дўконларнинг ҳужжати ҳам йўқ.
Шаҳарда шундай бўлгач, туманларда аҳвол қандай экан?
Самарқанд туманидаги Равонак, Толлибарзу, Обод, Андижони маҳаллаларидаги Б.Саидов, С.Ҳотамов, Т.Исоқов, М.Болтаевларга қарашли дўконларда сотилаётган гўшт маҳсулотлари лаборатория текширувидан ўтказилганида, истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланди ва сотувдан дарҳол олиниб, қассобларга нисбатан қонунда белгиланган чоралар кўрилди.
Мазкур туман ҳудудида сотилаётган гўшт маҳсулотларининг 44 фоизи аҳоли хонадонларида ноқонуний ва антисанитария ҳолатларида сўйилаётган молларнинг гўштлари эканлиги аниқланди.
Тан олиш керак, махсус кушхоналар Самарқанд вилоятининг барча туманлари ҳудудида ҳам йўқ. Аммо вақтинчалик майдончалар яратилиб, мослаштирилган шароитларда, ветеринария хизмати назорати остида гўшт дўконлари ва қассобларга чиқарилаётган маҳсулотлар ишончли ва истеъмолга яроқли бўлиши кундек равшан. Ўрганишлардан маълум бўлишича, туманларни қўя турайлик, Самарқанд шаҳридаги мавжуд ички бозорлар ва маҳаллалар ҳудудидаги қассобхоналарда сотилаётган гўшт маҳсулотларининг деярли ярми қаердан келгани мутлақо номаълумлигича қолмоқда.
Давом этамиз, Оқдарё туманидаги қишлоқ жойларида фаолият кўрсатаётган 91 нафар қассобнинг 23 нафарида гўшт маҳсулотларини сотишга руҳсатнома бор. Уларнинг аксарияти молни ўз хонадонларида ёки молнинг эгасиникида сўйишларини маълум қилишди. Лойиш шаҳрида яшовчи Ф.Файзиев ўз уйининг қўшимча биносидан сўйиш майдончаси қуриб олган. Ҳар бир сўйилган мол учун хизмат ҳақи сифатида 1 килодан гўшт олиб қолади. Аммо тадбиркор сифатида ҳужжат расмийлаштирилмаган, солиқлар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Кушхона талабга мутлақо жавоб бермайди. Ахлатлар вақтида олинмаганидан атрофга бадбўй ҳид таралиб турибди. Энди ёз кунларида кушхона атрофида яшайдиганларнинг ҳолини тасаввур қилаверинг...
Гапираверсак, гап ҳам, иш ҳам кўп. Нима бўлганда ҳам, «қиммат» дея оғриниб-оғриниб сотиб олаётган маҳсулотимиз ошқозонимизга тушгач, зараримизга ишламасин! Балки таъсири бирдан билинмас. Аммо таъсир қилиши аниқ!..
Ҳеч ким билмаса-да айнан биз гўштнинг фарқини жуда яхши англаймиз. Бутун дунёни арзон фаст-фудлар эгаллаб олса-да, қўй гўштидан тайёрланган қайноққина шўрвани, ёғлиққина паловни, сергўшт манти-ю, чучвараларимизни ҳеч қайси хот догларга алишмасдикк-ку?! Нега қадимда ҳатто янги туғилган чақалоқларга «илиги тўқ бўлсин» деб илик ялатишган, нега янгидан бўшанган аёлга қўчқор сўйиб едирганлар, нега «чимилдиқ»даги келин-куёвга дастлаб янги сўйилган қўйнинг калласини пишириб киритишган... Ўлмас қадриятларимиз бизга кўп нарсани англатиши мумкин. Буларни унутиб бўладими?
Еб-ичаётган ҳар бир маҳсулот бевосита миллат генофондига таъсир қилиши бор гап экан-да.
Хизмат юзасидан оиламиз билан Қашқадарёда яшаган пайтимизда улардаги бир ҳолатга жуда ҳавас қилгандик. Қайси бир супермаркетга кирсангиз (ҳатто бозорларда ҳам шундай), гўштнинг «юз хили»ни топасиз. Қўй, мол, эчки, улоқ, товуқ, курка ё барра дейсизми, яна уларнинг истаган қисмидан харид қилишингиз мумкин. Улар асосан қўй гўштини маъқул кўришаркан. «Туёқ керакми — марҳамат, қийма керакми — ёғлик бўлсинми, ёғсизми», деб сўрашарди. Қизиқчиларимизнинг антиқа гапи ёдга тушди: «Қашқадарёликлар гўшт ейиш бўйича иккинчи ўринда туришади, биринчи ўринда — бўри...»
Бу албатта ҳазил.
Ҳа шунақа, биз сифатли гўштнинг фарқига борардик. Аммо нима бўлдики, қассобхоналарда сотилаётган истеъмолга яроқсиз маҳсулотларни-да сотиб олиб, бола-чақамизга едириб ётибмиз. Бу бефарқликми, ё бефаросатлик...
Мулоҳаза қилиб кўрайлик...
Гулчеҳра Бердиёрова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter