Сафлан! Текислан! Олға бос!
Армия нима ўзи?
Бор-йўғи чорак аср муқаддам Армия дегани қанақа эди? Ўзбек фарзандлари ҳарбий хизматни қаерда ўтар эди-ю, нима учун кўксини ўққа тутар эди?
Мустақиллик фарзандларининг бахти шунда-ки, улар ҳур Ватанда туғилиб, тинч давлатда, осуда мамлакатда вояга етдилар. Мустақил бўлган кунларимизда туғилган болалар ҳам йигирма олтига кирдилар. Вояга етган болалар Мустақил Ватанда ҳарбий хизматни ҳам ўтадилар.
Мустақиллик фарзандлари биз, катталар кўрган Армияни кўрмади, Худога шукур!
Армия деганига кузатиш бир маърака, аскарни кутиб олиш бир маросим бўларди. Армиядан келган аскарнинг оёғи остига қўй сўйиларди. Олиб келган такси ҳайдовчиси ҳам бир қўйлик бўларди, аскар келганини биринчи айтган одамга берилган суюнчи ҳам бир қўй бўларди.
Нега? Чунки собиқ Шўро замонида боланг Армиядан тирик келганинининг ўзи катта бахт бўлса, боланг қайтганининг хабари дунёдаги энг қувончли хушхабар бўларди.
Шўро замонида ўзбек болалари асосан, Россиянинг совуқ ўлкаларига хизматга олинар, улар жуда камситилар, ҳақиқий жанговар қисмларга олинмас, кўпинча “Стройбат” деб машҳур бўлган қурилиш қисмларида эзилиб хизмат қиларди. Ўзбекистондан борган саноқлигина йигитлар ҳарбий кемаларда, ракета қисмларида, танкчилар қисмларида хизмат қилишар, ҳарбий десантчиликни орзу қилган ўзбек йигитлари бу қисмларга яқин йўлатилмасди.
Аввалига уч йил бўлган ҳарбий хизмат кейинчалик икки йиллик бўлган эди. Йилига икки марта армияга чақирилар эди. Икки йил давомида бир қисмда тўрт марта таркиб алмашиши натижасида ҳарбий қисмларда “Дедовшина” деган ярамас иллат шу қадар томир отиб кетган эди-ки, буни, яъни янги келганлар “молодой” бўлиши, олдингилар “дед” бўлишини зобитлар ҳам яхши билишар, қисмлардаги ички интизомни зобитлар эмас, аслида ўша, эски “дед”лар бошқарар эди. Зобитларга ҳам бу маъқул эди ва “дед”лардан баракали фойдаланишар эди.
“Дед”ликдан ташқари айрим ҳудудларда айрим миллатларнинг ҳукмронлиги “ўрнатилган” бўларди. Бир қисмни чеченлар “қўлга олган” бўлса, бошқасини арманлар, бирини озарбойжонлар “эгаллаган” бўлса, яна бирини грузинлар “бошқарарди”. Табиийки, ҳаммасида руслар нуфузга эга бўларди, чунки, марказий бошқариш Москвадан, руслар тарафидан бўларди.
“Дед”ларнинг таҳқирлашидан безор бўлган, борганидан келганигача ҳожатхоналарни тиш чўткаси билан ювган ўзбек болаларининг айримлари камситишга чидай олмай, ўша “дед”ларни ёки уни таҳқирлаган, баъзан ориятига тегадиган ишни қилган айрим бошқа миллатга мансуб зўравонларни отиб ҳам қўяр, узоқ муддатга қамалиб ҳам кетар эди. Айримлари ўз жонига қасд қиларди.
Ўзбек болаларини камситиш, азоб бериш шу даражага етган эди-ки, саксонинчи йилларнинг охирида ҳар куни самолётларда, поездларда ўнлаб ўзбек болаларнинг жасадлари солинган темир тобутлар келарди. Боласидан айрилган оналарнинг фарёдига чидаб бўлмасди. Оталар Ўзбекистон Олий Советига, Республиканинг биринчи раҳбарига учрашиб, болаларини топиб беришини сўрашар, “Фарзандларимиз ўзимизнинг Ўзбекистонимизда хизмат қилсин!” деб ёлворишарди. Афсуски, Ўзбекистонда руслар, белоруслар, украинлар, латишлар, эстонлар, ... хизмат қилишарди.
Ўша йиллари Карим Баҳриевнинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чиққан бир бетлик “Ой бориб, омон қайтмаган болам” номли мақоласи момақалдироқдек гумбурлаган эди...
Ватан буюрди – кетдик!
Шундай бўлди, биз ўша буйруқни Ватан буюрди, дедик ва Афғонистонга кетдик! Неча-неча минглаб ўзбек ўғлонлари Афғон тупроғида қолиб кетди. Нечалаб минги майиб-мажруҳ бўлиб қайтиб келди. Тани соғларининг ҳам онги, руҳи мажруҳ бўлди.
Бугун Афғон уруши бемақсад уруш деб баҳоланмоқда, Совет давлати раҳбарларининг аҳмоқона буйруғи билан бўлган телбалик деб аталмоқда. Аммо бу уруш ўн йил давом этди. Бу уруш четлаб ўтмаган хонадон Ўзбекистонда кам қолди. Мен шундай укаларимни биламан-ки, улар ота-онасининг ёлғиз фарзандлари, кўзларининг оқу-қораси эдилар. Афсуски, уларнинг ота-оналари ўша ёлғиз фарзандларининг жасадини ҳам кўрмадилар. Кўп йигитларнинг темир тобутини зобитлар олиб келиб, тобутини очирмасдан кўмдирдилар. Тобутларнинг эса, ҳаммасининг ҳам ичида жасад бўлмасди...
Афғонда миналардан, бомбалардан портлаб кетганлар кўп эди. Жанг пайти йўқолиб қолган аскарлар кўп эди. Асирликка тушиб қолганлар кўп эди. Уйидагилар жанозасини ўқиб юбориб, олти-етти йилдан кейин асирликдан қутулиб, уйларига кириб келганлар ҳам бўлди.
Бугун Совет давлати раҳбарларининг аҳмоқона буйруқлари билан Чехословакиядаги, Польшадаги, Эфиопия, ҳатто Кубадаги ҳарбий можароларда бошқалар қатори ўзбек ўғлонлари қатнашгани, кўплари ҳалок бўлгани гапирилмайди ҳам, буни ўша жангларда қатнашган аскарлардан бошқа одамлар билишмайди ҳам.
Ана шунақа эди Мустақилликдан олдинги Армия!
Мустақил юрт армияси
Кечаю-кундуз тинмасдан шукрона айтсак ҳам оз-ки, она Ўзбекистонимиз Мустақил бўлди. Мустақиллик бизга берган беҳисоб неъматлардан бири шуки, президентнинг 1992 йил 14 январда қабул қилган қарорига мувофиқ, мамлакатимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикаси тасарруфига ўтказилди. Ўша кундан эътиборан миллий армиямизга асос солинди. Ана шу тарихий кун – 14 январь мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни бўлиб қолди.
Ўзбек ўғлонлари энди она Ўзбекистонимизда ҳарбий хизматни ўтайдиган, ўз Ватанимиз сарҳадларини қўриқлайдиган бўлишди.
Миллий армиямиз тузилган илк кунларданоқ собиқ иттифоқ давридаги бошқарув усулларидан воз кечиб, ҳарбий қисмларда пок муҳит шакллантиришга ҳаракат қилинди. Энг аввал қисмларни ўзимизнинг миллий зобитлар билан таъминлашга катта эътибор қаратилди. Ҳарбий хизматга энг муносиб ўғлонларни жалб қилиш мақсадида ҳарбий хизматга танлов асосида чақириш йўлга қўйилди. Зобитларга, аскарларга шундай шароитлар яратиб берилди-ки, бугун бизнинг армиямиз ҳавас қилса арзигулик армияга айланди.
Энг муҳими, Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафига бир марта чақириладиган бўлди ва бирга бориб, бирга қайтадиган тенгдошлар орасида аҳиллик, ҳамжиҳатлик туйғулари шаклланди. Совет даврида бўлган “Дед”лик иллати таг-томири билан йўқотилди.
Чорак аср муқаддам нима қилиб бўлса ҳам боласини ҳарбий хизматдан олиб қолиш пайида бўлган ота-оналар ўзлари фарзандларини чиниқтириб, билимларини бойитиб, Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафларига олиб бормоқдалар. Бугун Ватан ҳимоясига отланиш, ҳарбий хизматга бориш ҳар бир ўзбек йигити учун шон-шарафга айланди. “Мен ҳарбий бўламан!” деётган ёшлар кўпайди.
Бир ғурур туйдим...
Менинг ўғлим ҳам кўп ҳаракат қилиб, охирида ҳарбий ҳайдовчилик ўқишини битириб, Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиш шарафиги эга бўлди. Мен унинг Ҳарбий Қасамёд қабул қилиш маросимига бордим. “Шагом марш”, “Раз, два, левий”, “Шире шаг”, “Запевай” деган буйруқларни эшитсам керак, деб ўйлагандим. Ҳаммаси бошқача бўлибди, ҳаммаси ўзбекона.
Зобитларнинг “Сафлан!” “Текислан!” “Олға бос!” деган буйруқларини эшитиб, очиғи, баданим жимирлаб кетди. Фарзандларимиз ўзбекча саф қўшиқларини куйлаб, ёнимиздан ўтиб боришар экан, кўзларим ёшланди.
Бу севинч ёшлари, қувонч ёшлари эди. Ахир биз бу кунларни орзу қилар эдик. Мана шундай бўлармикан, деб хаёл қилар эдик.
Ўғлим сафнинг олдига чиқиб, қуролини бағрига маҳкам босганча “Она Ватанимга хизмат қилишга, уни кўзим қорачиғидай асрашга қасамёд қиламан!” деганида мен осмонларда учдим!
Ана шунда мен ўзимнинг Ватанимдан фахрландим!
Ана шунда мен Ватаним Қуролли Кучлари билан ғурурландим!
Ана шунда мен ўзбекона Миллий армиямиз борлигидан керилдим!
Ана шунда мен бундай армиямиз бор экан, юртимиз тинч бўлади, осмонимиз бехавотир бўлади, ҳаётимиз осойишта бўлади, бахтимиз тугал бўлади, дея ишондим!
Тилак
Азиз Ватанимизнинг асл ўғлонлари!
Барчангизни Ватан ҳимоячилари куни муборак бўлсин!
Билагингиз бақувват, кўзингиз ўткир бўлсин!
Қадамингиздан ўт чақнасин!
Бахтимизга омон бўлинг!
Юртимиз тинчлигига кўз тегмасин!
Тўра Мурод
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter