Сафар завқидан зафар шавқи сари
Ўз ҳаётини, истиқболини мамлакат тақдири билан боғлаган ҳар бир инсон иқбол ва юксак толе эгаси бўлиши аниқ. Бу эса юрт қисматига дахлдорлик туйғуси ҳамда фуқаролик бурчини ҳис этиш билан чамбарчас боғлиқдир. Табиийки, ватан туйғуси, оила қайғуси билан яшамаган инсонда ватанпарварлик, миллатпарварлик ҳам бўлмайди. Демак, кундалик турмушимизда давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти билан боғлиқ жараёнларга бефарқ бўлмаслик, аксинча фаол бўлиш давр талаби, бу қолаверса, халқ онгу тафаккуридаги кескин бурилиш ва юксалиш ифодасидир. Буни халқимизнинг Референдумга бўлган юксак эътибори ва муносабати мисолида ҳам кўриш мумкин.
Биз Қорақалпоғистон диёрига йўл олган профессор Абдухалил Маврулов бошчилигидаги 33 та зиёлилардан таркиб топган тарғиботчилар гуруҳи ҳам худди шу руҳ ва мазмунни ҳис этдик.
Самолёт тун ярмида Нукус халқаро аэропортига қўнгач, биз қорақалпоғистонлик элдошларимиз билан учрашишга ошиқдик. Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази бўлимининг раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Ёшлар мураббийи Татлимурод оға Атамуратов бошлиқ бир гуруҳ қадрдонларимиз бизни очиқ чеҳра билан қаршилашди. Эртасига туманларга бириктирилган махсус жадвал асосида ўз ишимизни бошладик. Психология фанлари номзоди, доцент Феруза Акромова, фалсафа фанлари доктори Мунира Қаҳҳорова, Республика Маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилар жамияти бўлим бошлиғи Наимжон Ниёзов, таниқли санъаткорлардан Алишер Рўзметов, Рустамжон Мирминов ва камина Кегейли туманига бириктирилдик. Биргина Кегейли мисолида ҳам Қорақалпоғистондаги ўзгариш ва янгиликларни англаш мумкин.
Даставвал, Кегейлидаги «АКТУБА» тўқимачилик корхонасига бордик. Ўтган йили 5 декабрда Президентимизнинг ташрифи куни уларнинг ташаббуси билан ташкил этилган ушбу текстил корхонаси бугунги кунда илғор кўрсаткичларга эга бўлаётганининг шоҳиди бўлдик. Андижон текстил билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётган ушбу комбинатда ишлаётганларнинг кўнгли тўқ ва руҳияти баланд. Ходимлар бўлими бошлиғи Саида Таджибаева жорий йилнинг 30 март куни Президентимизнинг корхонага қайта ташриф буюргани, ишлаб чиқариш жараёни ва кўрсаткичлар билан танишгани ҳозирда 300 та хотин-қиз иш билан таъминланганини, яқинда қўшимча янги ишлаб чиқариш қувватлари, техник дастгоҳлар ишга туширилса, 1000 та ходим иш билан банд бўлиши ҳақида тўлқинланиб сўзлади. «Биз учун яратилган шароитлар, бежирим иш либослари, текин тушлик тарқатилишидан мамнунмиз» - дейди Гулнора исмли тикувчилардан бири. Муҳими, бу ерда ўқув машғулотлари ҳам мунтазам равишда тизимли йўлга қўйилгани эътиборга молик. Андижондан келган иш усталари бичув-тикув техникасини уларга ўргатгани ҳамда ўзларидан ҳам шу йўналиш бўйича мутахассислар етишиб чиқаётганини эътироф этишди. Ҳозирда кунига 5000 та трикотаж маҳсулотлари тайёрланишини, ҳатто экспортга чиқазишни ҳам бошлашаётганини эшитиб мамнун бўлдик.
Биз қайси маҳалла, таълим муассасаси ёки маданият марказларида бўлмайлик, аҳолининг Президент ташрифидаги эътиборга молик мулоҳазалари ҳақида сўз очилади. Ҳозирги кунда "Ғарезсизлик" МФЙда жойлашган Ёшлар технопаркида 1200 нафардан ортиқ ёшлар 9 турдаги ўқув курсларида таҳсил олаётгани, давлатимиз раҳбарининг "Олтин соҳил" маҳалласида юзу кўзларидан нур ёғилиб турган отахонлар ва онахонлар билан қурган дилкаш суҳбатлари борасида айрича завқ билан сўзлашади. Янги Ўзбекистон етакчисининг мамлакатнинг яшариш, яшнаш стартини Мўйноқдан бошлаб берганини, буюк қомусий аллома Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050, келгуси йили атоқли маърифатпарвар шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонланишини эътироф этишди.
Халқпарвар адиб Бердақ бир пайтлари «Менинг мусофир халқимга, Яйраб-яшнар замон керак», — деб ёзганди. Бугунги кунда унинг орзулари ушалганини қорақалпоқ қардошларимиз теран ҳис этаётганларидан мамнунмиз. Зероки, Бердимурод Қарғабой ўғли Бердақнинг ўзи бунга жавобан инсон шижоати, ҳаёт ва тараққиёт моҳиятини ўтли сатрларда ёзиб кетганди.
Йигит бўлсанг арслон каби туғилган,
Ҳамиша сен хизмат этгил халқ учун,
Йигит бўлсанг арслон каби туғилган,
Ўзим демай, ғамхўрлик қил халқ учун.
Дўстлик, қардошлик риштасини бузиб, фисқу фасод билан иш кўрувчилардан огоҳ қилиш даъвати бор унда. Иттифоқликка нифоқ солувчилар ризқ-рўз, баракани учириб, эзгулик илдизига болта урувчилар эканини уқтирмоқчи бўлади адиб, гўё.
Йигит кирмас фосиқларнинг сўзига,
Асло тушмас манманликнинг изига,
Ғайрат бериб ўлганича ўзига,
Хизмат этар мудом қондош халқ учун…
Халқчил адиб умумбашарий ғоялардан сўз очади, тинчлик, дўстлик туйғуларини қадрлайди. Буни эса кўнгил эҳтиёжи, жону тан ва қалб озиғи деб билади.
Дўстлик билан ҳар бир ишда шай турсанг,
Жон аямай эл-юрт учун иш қилсанг,
Қайғуланмай, улуғ ишга қўл урсанг,
Шунда менинг кўнглим ўсар халқ учун.
Ўзи орзу қилган замонни кўришни тақдир унга насиб этмаган бўлсада, унинг авлодларига, издошларига кўриш ва ҳузурланиш бахти насиб этишига ишонч бўлганини сезиш қийин эмас. Унинг қўлидаги қалами дилидаги аламига элчи бўлгани ҳақ.
Шоир эдим, кўзим кўрганин ёздим,
Кўнглимнинг билганин, сезганин ёздим,
Замон жафосидан сарғайдим, оздим,
Келурму деб яхши кунлар халқ учун.
Халқпарвар адибнинг шеърияти, дунёқараши билан танишган инсон халқчиллик тушунчасининг моҳиятини ҳис этиш асносида «Халқ конституцияси халқчил давлат сари» шиорининг мазмун-моҳиятини ҳам теран идрок этади.
Адиб номидаги Қорақалпоқ давлат университетида таҳсил олаётган талабалардан тортиб Ибройим Юсупов номидаги Ижод мактабининг ижодкор ўқувчиларигача барчаси адиб ижодиётининг давомчилари эканига шубҳа йўқ.
Иқтидорли ижодкорлар Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, профессор, шоира Сайёра Тўйчиева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомуродлар билан Руслан Ташимов директорлик қилаётган ижод мактабида бўлганимизда худди шу фикрга амин бўлдик. Назму насрда ижод қилаётган ижодкор ўқувчиларнинг шеъриятга, адабёт ва санъатга бўлган меҳрини уларнинг ижод намуналари билан танишиш асносида яна бир карра ҳис этдик. Ижод мактаби директори Руслан Ташимов ижодкор ўқувчиларнинг шеърларидан тузилган «Аёзий боғидан гулдаста» деб номланган китобни тақдим этаркан бошимиз кўкка етди, умидли ёшларимизнинг истиқболига ишонч ҳосил қилдик.
Беруний, Элликқалъа ва Хўжайли туманларида бўлганимизда ҳам ана шундай кўтаринки руҳ ва янгиланишларни, юрт истиқболи учун фидойи ва якдилликни ҳис этдик. Таниқли санъаткорлар Алишер Рўзметов ва Рустам Мирминовларнинг дилгир тароналари қорақалпоқ қардошларимизнинг кайфиятларини кўтаринки, руҳиятини тетик қилгани ҳақ.
Биз республикамиз пойтахтига сафарларимиз зафарларимизга айланганига ишонч ҳосил қилган ҳолда қайтиб келдик.
Раҳимбой Жуманиёзов
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, профессор, «ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университети Матбуот хизмати раҳбари
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter