Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рустам Обиднинг сўнгги кунлари

Рустам Обиднинг сўнгги кунлари

«Аллоҳ менга илмни қарз қилиб берган. Мен шу қарзни узиш учун ҳам илмий журналистика билан шуғулландим ва бу йўлда озми-кўпми нималардир қилдим. Кейин эса, қариялар уйида яшаб ҳам тинимсиз изланиб асарлар ёздим. Парапсихология, телепатия бўйича 4-5 та китоб тайёрлаб, нашриётга топширдим. Аммо нашриётнинг иқтисоди унчалик яхши бўлмаганидан китобларимнинг чиқиши кечикиб кетди. Бу ёқда таржима қилиб қўйган қанча асарларим бор. Уларни ҳам нашр эттиришга улгуришим керак. Аллоҳ мени бу дунёга боғлаб қўйгани йўқ. Ёзган китобларимнинг чиқишини кўрармиканман? Шукрки сиз, Гўзал Бегим, Абдусаид Кўчимов, Мурод Хидир, Ҳамдам Содиқов каби дўстларим кўнглимни кўтариб, мени маънан қўллаб турибсизлар. Шунгаям шукр... Гоҳида ўйлаб қоламан: мана шу ноутбугимдаги асарларимни кимгадир мерос қолдиришим керак-ку!..»

Бу — 2022 йил 2 январь куни вафот этган таниқли журналист Рустам Обиднинг сўнгги сўзлари. У билан 2021 йилнинг 31 декабрь куни кечки соат 20:30 ларда телефон орқали суҳбатлашган эдик.

Мен Рустам аканинг кўнглини кўтариб соғлиқ тиладим. «Ҳали неча-неча сайланма китобларингиз чиқади. Ажаб эмас, кейинги туғилган кунингизгача алоҳида уйли ҳам бўлиб қолсангиз. Ўшанда ижодни уйда бемалол давом этдираверасиз», дедим.

«Гўзал Бегим Хоразмга — акасиникига, тўйга кетибди. Қайтиб келгач, у билан китобларимни нашрга тайёрлайдиган бўлдик. Тошкентга келсангиз, ўзингизда сақланаётган «Фан ва турмуш», «Сирли олам», «Саодат» журналларидаги мақолаларим нусхасини олиб келинг. Афсуски, мен учун қадрдон бўлган кунлардаги мақолаларимни сақлай олмаганман, — деди Рустам Обид.

Мен бунга ваъда бердим. Бироқ, афсуски... мақолаларни у кишига етказиш армон бўлиб қолди. Ўзбек журналистикаси катта йўқотишни бошдан кечирди..

Рустам Обид номи бугун кўпчилик ёшларга маълум бўлмаслиги мумкин. Зеро, интернет ва ижтимоий тармоқлардан бу инсон ҳақида маълумот топиш қийин. Аммо мутолаага берилган ўрта авлод, айниқса кекса газетхон-журналхонлар, телетомошабинлар учун бу исм-шариф жуда қадрли. Негаки, Рустам Обиднинг 1970-йиллардан 1993 йилгача бўлган меҳнат фаолияти ўз даврининг машҳур журнали — «Фан ва турмуш»да кечган, шунингдек, «Оламга саёҳат» кўрсатувининг муаллифи сифатида 1985–1991 йилларда ЎзТВда фаолият олиб борган эди. «Қайта қуриш», «жадаллаштириш» ва мустақилликнинг илк йилларида Рустам Обид энг машҳур илмий журналист бўлиб, у ва сафдошларининг фидойилиги, эркин фаолият юритиши туфайли «Фан ва турмуш» нафақат Ўзбекистонда, балки Ўрта Осиёда ҳам энг кўп нашр этилувчи журналга айланган эди.

Ўзининг изланишлари ҳақида Рустам ака шундай ёзган: «Журналистнинг илмий тадқиқот ўтказиши ажойиб ва мароқли бўлар экан. Чунки у олим эмаслиги учун ҳам қуруқ далил-исботларнинг ўзи билан ўралашиб қолмайди, ўқувчига яқинроқ эканлиги боис унга билим бера оладиган энг керакли маълумотларни ахтаради. Олим сифатида бир андозага тушмай, фикрлар хилма-хиллигига асосланиб изланади. Тўғри, бу хил изланиш оғир, машаққатли, майда иш, лекин бағоят қизиқарли: худди саргузашт асарда изқувар жумбоқни қадам-бақадам очиб боришига ўхшайди. Ўзингизни баайни Шерлок Холмс деб биласиз, жумбоқ маълум муддат кўнглингизга яқин бўлиб қолади, оҳанрабодай ўзига тортиб туради. Ҳамма нарса ҳал бўлганидан кейин эса бутун борлиғингизни қамраб олган қизиқиш туйғуси ҳам йўқолади, навбатдаги жумбоққа дуч келгунча Шерлок Холмсдай зерикиб юрасиз».

Рустам Обид «Аура нима?», «Нумерология қандай фан?», «Девор бўлса ҳам...», «Ўлимдан кейинги ҳаёт», «У дунёдан хабарлар», «Инсон вужудига саёҳат», «Дуонинг кучи», «Жуна бўлишни хоҳлайсизми?», «Табиатнинг янги жумбоғи», «Буюк кишилар ишқибозлиги», «Юзни ўқиш санъати», «Марҳумлар нега қайтаётир?», «Бехосият ва хосиятли жойлар», «Ўзбекистон осмонида учар ликопчалар» сингари мақолалари билан кўплаб мухлисларга эга бўлди. Ушбу мақолаларнинг сарлавҳаларини ўқиб, «олди-қочди ҳам ёзган экан-да», дея ўйламанг. Улардаги илмий фикр, далил ва таққослаш услуби мақолаларнинг юксак савияда эканлигини кўрсатиб турарди.

Бундан ташқари Рустам Обид ўзбек матбуотида биринчи бўлиб ўша даврнинг машҳур халқ табиби Жуна Давиташвили ва ҳозирда дунё мамлакатларида серқирра фаолияти билан танилган Мирзакарим Норбековлар ҳақидаги мақолалар ёзди. Мазкур мақолаларда бу инсонларнинг ҳаёти ҳақида сўз юритиб қолмай, уларнинг фаолиятига боғлиқ оғриқли муаммоларни ҳам қаламга олди. «Фан ва турмуш»нинг 1989 йил 8-сонидаги «Қўл тегизмай даволаш» мақоласи Мирзакарим Норбеков учун очилган истиқболли йўл бўлиб хизмат қилган. «Нажот — учинчи дарёда» номли («Фан ва турмуш», 1988 йил июль) суҳбат-мақоласида Орол ва Оролбўйидаги оғриқли муаммоларни давлат даражасига кўтариб чиққанди. Шунингдек, Москва ва Тошкентда фантастик адабиёт семинарлари, халқ табобати анжуманлари ташкил этилишида ҳам фаоллик кўрсатган, уларнинг ишини матуботда ёритиб ўтганди.

ЎзТВдаги «Оламга саёҳат»да эса Узоқ Шарқ, Владивосток шаҳри, Япон, Баренц денгизлари, Кола яримороли, Шимолий Кавказ, Ставрополь ўлкаси, Кабардин-Болқор, Қорачой-Черкес ва бошқа ҳудудлардан қизиқарли кўрсатувлар тайёрларди. Бу диёрлар ҳақидаги мақолаларни «Фан ва турмуш»да эълон қилиб борган. Бу туркум кўрсатув ва мақолалар фақат сафар тассуротлари бўлиб қолмай, география, этнографияга хос илмий тадқиқот ишилари эди.

Рустам Обид таржимон сифатида машҳур Жуна Давиташвилининг «Қўлларимни тинглайман», Роберт Мёрлнинг «Таити оролидаги учрашув», Спартак Аҳмедовнинг «Шоҳ» олмосининг саргузаштлари» ва бошқа асарларни ўзбекчага ўгириб нашр қилдирди. Ўзининг «Дуонинг кучи» илмий рисоласини чиқаришга улгурганди.

Афсуски, бозор иқтисодиётига ўтиш давридаги муаммолар Рустам Обид ҳаёти ва касбий фаолиятига ҳам таъсир қилди. Унинг ҳаёти турли қийичиликларда ўтди. Шу боис матбуотда умуман кўринмай қолди.

Мен бу журналистнинг қариялар уйида эканлиги тўғрисида таниқли адиб Анвар Намозовдан эшитиб, ҳайрон бўлгандим. Шундан сўнг «Сизни соғиндик, Рустам Обид» номли мақола ёзиб, «Маърифат саодати» газетасининг 2019 йил июль сонида чоп эттирдим. Бу пайтда Рустам ака қариялар уйидаги тўловлар боис қийналиб яшаётган экан.

2021 йилнинг 13 март куни Тошкентнинг Қорақамишидаги қариялар уйини шоира Гўзал Бегим билан излаб топиб бордик. Ниҳоят машҳур журналист Рустам Обидни кўрдик. Карантин сабабли у билан кириш жойидаги учрашув хонасида суҳбатлашишга тўғри келди. Ўшанда Рустам ака пансионатдаги ҳаёт тарзидан ҳам, оиласи ва бу ерга келиб қолишидан ҳам ўкинмаган, «тақдир» деб қўя қолганди. Кўп ўтмай «Ҳуррият» газетасида Гўзал Бегимнинг ушбу учрашувимиз ҳақидаги мақоласи чоп этилди ва яхшигина шов-шув бўлди...

Хуллас, 13 мартдан 31 декабргача кечган суҳбатларнинг ўзи алоҳида китоб. Бу орада мен Хоразмда туриб, Тошкентга борадиган танишлардан «Фан ва турмуш»даги мақолаларининг нусхаларини Рустам акага юбориб турдим.

«Шайх ҳазратлари билан «Ислом — илм демакдир» номли суҳбатимизнинг «Фан ва турмуш»даги нусхасини излаб кўринг. У киши ҳақида хотираларимни ёзиш учун журнал менга керак бўлиб турибди. Афсуски, карантин боис Миллий кутубхонага боришнинг имконияти йўқ», — деган эди Рустам Обид.

Сўнгги, 31 декабрдаги суҳбатда у яна ўша мақолани сўради. Мен журнални топганимни, Тошкентга борсам ўзим элтишим ёки кимдандир бериб юборишимни айтдим. Афсуски, бунга улгурмадим.

Бугун негадир Рустам ака билан гаплашгим келди. Соат 14:32 да қўнғироқ қилдим. Олдинлари Рустам ака дарҳол телефонни оларди. Бу гал жавоб бўлмади. Кейинроқ боғланарман, деб ижтимоий тармоқларга кирдим ва даъфатан Рустам аканинг вафоти ҳақидаги машъум хабарга кўзим тушди. Тезда Гўзал Бегимга ва Анвар Намозовга телефон қилдим...

«Аллоҳ мени бу дунёга боғлаб қўйгани йўқ. Ёзган китобларимнинг чиқишини кўрармиканман?» Рустам Обиднинг бу сўзлари менга васиятдек бўлиб қолди...

Мен Рустам аканинг мухлиси сифатида унинг илмий мақолаларидан иборат сайланмаси нашр этилишини истардим. Балки Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бунга бош-қош бўлар? Республика журналистлари уюшмаси эса Рустам Обиддек ўз даврининг машҳур журналистини хотирлаб турса, савоб иш қилган бўларди.

Эътиборсизлик сабаб унутиб қўйган инсонларни эъзозлай олмаган эканмиз, вафотидан кейин хотирлаш, китобларини нашр этишни адо этишимиз керак. Зеро, таниқли адиб Тоҳир Малик «Ҳаёт қайиғи» китобида ёзганидек, «Рустам Обид ғоятда қобилиятли ижодкор эди».

Умид Бекмуҳаммад,
тадқиқотчи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг