Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сабоқ ёхуд қабр ёнида кўнгилдан кечган безовта ўйлар

Сабоқ ёхуд қабр ёнида кўнгилдан кечган безовта ўйлар

Қаршимда бир уюм тупроқ. Бир қучоқ қорамтир, намчил дўнгсак. Тошкент деган шаҳри азимнинг «Тешик қопқоқ» деб аталмиш мозоридаги энг янги бу қабрда таниқли журналист, таржимон ва адиб Рустам Обид ётибди.

…Ҳозир қўйилди. Беш дақиқа ё ўтди, ё йўқ. Эҳтимол, ҳали жони совимагандир, руҳи тургандир орамизда жовдираб, термулиб. Ким билсин…

Қуръон тиловат қилаётган домланинг босиқ, вазмин овози бир зайлда қабрлар оралаб сузаётир. Кетмон орқаси билан қабрни шиббалаб текислаётган гўрковлардан бўлак ҳамманинг боши хам, ҳамма оғир, зил-замбил ўйларга ботган.

Бундай лаҳзаларда, кимдир умрнинг омонатлигини, кимдир ўз сулоласидан ўтганларни, кимдир ота-онаси, бобо-момоси, қариндош-қондошлари, таниш-билишларини эслайди. Кимдир хатолари, гуноҳлари эсига тушиб, афсусланади. Энди ҳеч кимнинг дилини оғритмайман, ранжитмайман, ғанимлик, мунофиқлик, айёрлик, фитнакорлик қилмайман, бари-барисидан воз кечаман, капалаккаям озор етказмайман, дея унсиз тавба-тазарру қилаётганлар ҳам бўлади, албатта.

Булар – инсон зотига хос табиий ҳолатдир. Қабристон шундай маконки, унинг остонасига қадам босган заҳоти илкис ҳушёр тортасан, дунё, ҳаёт тўғрисида ўйлайсан, ¬бошқача бўлиб кетасан, руҳингда аллақандай ҳалимлик пайдо бўлади, кўнглинг тозаради. Эҳ, дунё ҳам, ҳаёт ҳам ўткинчи, дейсан чуқур уҳлар тортиб, чексиз армонлар ичида.

Лекин ростдан ҳам шундаймикан? Ростмикан бу дунёнинг, ҳаётнинг ўткинчилиги? Ахир, дунё ҳам, ҳаёт ҳам ўз жойида турибди-ку! Биз эмасми аслида ўткинчи – йўловчилар?

Биз! Буниям қабристон сукунати англатгандек бўлади, айнан шу манзилда ҳис қиламиз мана шу оддий ва бешафқат ҳақиқатни. Аммо, қабристон дарвозасидан чиққан ҳамоно…

Ё, алҳазар!

Унутамиз.

Унутамиз ва яна шиддатли, сершовқин, серғалва ҳаёт дарёсига қўшилиб, оқиб кетаверамиз; кундалик ташвишлар, катта-кичик муаммолар қоп-қора булутдай босиб-¬қоплаб олади дунёю дунимизни; зумда сийрак тумандек тарқаб кетади қабристондаги тавба-тазаррулар – қумурсқадай тиниб-тинчимас, ҳамишаги одамга айланиб қоламиз яна.

Рустам Обид ҳам икки кун аввал омон-омон лаҳзалар оғушида эди. Эски йилнинг энг охирги кунида, кечпешинда, думоғи чоғ эди, ҳаётдан мамнун эди, атрофда яхши инсонларнинг мўллигидан боши осмонда эди, дуолар ёғдирувди тўлиб-тошиб уларнинг шаънига.

«Ishonch» газетасидагилар табрикномаю бир дунё совға-саломлар юборганини, яна кимлардир, Янги йил баҳона, йўқлаганини, Яратган Эгамга минг шукурлар айтаман, дея тилидан боллар томиб гапирган эди телефонда.

Орадан атиги икки кун ўтиб-ўтмай, Яратган Эгамнинг Ўзи Рустам Обидга атаган ҳаёт неъматларини қайтиб олди, уни мангуликлар мамлакати сари абадий сафарга жўнатди.

Рустам Обид энди жисман орамизда бўлмайди. Ёқа йиртиб, фарёд урсак ҳам, ер тирнаб ялиниб-ёлворсак ҳам, баланд чўққиларга чиқиб ҳайқирсак ҳам бефойда. Энди йўқ. Ҳеч қачон давраларимизга келмайди, абадул-абад келмайди. Кетди. Кетди – борса келмас ўлкаларининг мангу фуқаролари сафига. Кетди – чин дунё, деб аталмиш боқий ¬дунёларга.

…Рустам Обиднинг ўтиб қолганини шоира синглимиз Гўзал Бегимдан эшитганда, сираям ишонгим келмади. Бир неча дақиқа, нотўғри эшитгандирман, Гўзал Бегим бошқа бировга адаштираётгандир, деган хаёлларда ўзимни овутмоқчи, чалғитмоқчи бўлдим.

Лекин унга Рустам Обид истиқомат қилиб турган пансионат яқинидаги кўп қаватли уйда турадиган таниши айтгани ва яна фалончига тез етказ, бошқаларгаям хабар қилсин, деб тайинлаганини билгач, ичим тўкилиб кетди. Нима қиларимни билмай серрайиб қолдим анчагача. Сўнгра ўзимни аранг қўлга олиб, атоқли адиб ва адабиётшунос олим Хуршид Дўстмуҳаммадга қўнғироқ қилдим. Хуршид ака билан Рустам Обид узоқ йиллар «Фан ва турмуш» журналида бирга ишлаган, бир хонада ёнма-ён ўтирган, ҳаммаслак, ҳамфикр, қалин дўст эдилар.

– Хуршид ака, – дедим. Дедиму, томоғимга муштдай бир нарса қадалгандек бўғилиб қолдим. – Рустам…

– Рустам? Рустамга нима бўлди? – безовта, шошилинч савол берди у.

Хуршид аканинг қаттиқ шамоллаб, камида тўшакда ётганини овозининг хириллаб чиқаётганидан сездим.

– Ака, Рустамдан айрилиб қолдик.

– Воҳ! – инграб юборди Хуршид ака. Чидаш қийин эди унинг аламли фарёдига. – Рустамдан-а?! Рустамдан ажраб қолдикми?

– Оллоҳнинг иродаси…

– Мен… ҳозир, ҳозир етиб бораман.

– Чиқманг, қимирламанг, ўзингизни авайланг. Худойим шифо берсин… – Шу сўзларни айтасолиб, телефонни ўчирдим.

Қарасам, бармоқларим сезилар-сезилмас титраяпти, ўзимни ўнглаб олгунча орадан бир муддат вақт ўтди. Шундан кейин бошқа дўстга сим қоқдим. Шум хабар буниям йиғлатади, фарёди Хуршид аканикига ўхшаб яна юрак-бағримни эзади, деган ўйлар ичида безовталаниб тургандим, лекин, ё фалак, ҳеч кутилмаган жавоб келди:

– Аёлим билан бир жойга бормоқчи эдик. Иложини қилсам, бораман.

Беҳис, бепарво сўзларни эшитган қулоқларимга ишонгим келмасди. Институтда бирга ўқиган, қанча серзавқ дамларни бирга ўтказган жўрамиз, жўражонимиз…

Яна бир дўстимизни хабардор қилмоқчи эдим, бу гаплардан сўнг юрагим бетламади, иккиландим. Буям шунақа бир баҳона топса-я… Кейинги вақтларда эчки соқолчани қўйволиб, муллоликка ўтган, қўлидан тасбеҳ тушмайдиган бўлиб қолган бу оғайнимизнинг шунга ўхшаш йўл тутишига негадир ишонгим келарди. Аммо, нима дегандаям, хабар Худойимнинг қарзи. Телефон қилдим. Олмади. Енгил тортдим.

Бу жўрамиз тўғрисидаги гапларим туҳматга ўхшаб қолмаслиги учун бир мисол келтирай. Рустам пансионатга келиб қолганидан сўнг, бир-икки йил ўтмасидан ижара пулини тўлолмай, қарздор бўлиб қолди. Бехабар қолмасин деган хаёлда, Рустамнинг ташвишларини унга айтдим. Жавобини эшитгандан кейин эса кўнглим тамомила совиб кетди. Нимамиш, ёрдамлашсак, ўрганиб қолиб, елкамизга миниб олар эмиш…

Себзор даҳасига, жанозага – Рустам яшаган кўп қаватли уйга бораётиб, шулар ўтди хаёлимдан. Келиб қолар, дедим ичимда. Кимдандир эшитар, интернетга қарар, тез-тез ижтимоий тармоқларни чуқалаб туради-ку. Кутдим, ҳеч кимга билдирмай кутдим. ¬Қабристондаям илҳақ бўлиб турдим. Йўқ, келмади. Унисиям, бунисиям келмади.

Албатта, тирик жон, бир-биридан зарур юмушлар оз эмас, ўта муҳим ташвишлар билан оворадир. Билмай туриб, бировни айблаш гуноҳ. Ҳеч кимни айбламоқчи эмасман мен ҳам. Фақат жўраю, жўрачиликнинг эмас, одамнинг, одамгарчилик, меҳр-оқибат деган муаззам дарёларнинг қадри ҳам камайиб кетмаяптимикан, деган гумон анчагача шууримни тарк этмади. Тарк этмаслигининг яна бир сабаби маросимда қаламкаш-ижодкорларнинг камлигида эди. Таниқли журналист Ҳусан Эрматов, фотограф Абдуғани Жума, кекса журналист Ҳамид Султонов, яна бир киши, ўзини танийман, исми эсимда йўқ…

Ваҳоланки, неча юзлаб журналистлар, адиблар, блогерлар бор Тошкентнинг ўзида. Яхшиямки, маҳалла-кўй бор – яхши-ёмон кунингга ярайди, иссиқ-совуқда бошингга соябон бўлади, йиқилганда суяйди.

Шу ерда давлатимиз, давлат раҳбаримиз не боис маҳалла институтига бунчалар катта эътибор қаратаётганлари беҳуда эмаслигига яна бир карра иқрор бўлдим. Президентимиз Янги йил табригида 2022 йилни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилиши замирида қандай улуғ мақсадлар мужассамлигини фаҳмладим…

Институтда жиззахлик Маъмур Носир, сирдарёлик Равшан Шоди ва ҳалиги икки ўртоқ ҳамиша бирга юрардик. Ҳозирги Бобур, Ғафур Ғулом номидаги боғларнинг кўкаламларида чордона қуриб бошланган баҳсу мунозараларимиз узоқ-узоқ чўзилиб кетарди. Даврабоши эди Рустам Обид ҳамиша. Ҳамманинг, ҳатто, муаллимларимизнинг ҳаваси келарди унга. Она тилимиздан ташқари, рус, араб, форс тиллариниям мукаммал эгаллаган эди у. Адабиёт эса жону жаҳони эди. Адабиёт, деса, томдан ташлайдиганлар сирасидан эди Рустам.

Биз у билан бор-йўғи бир йил, биринчи курсда бирга ўқидик холос. Иккинчи курсда бизлар кундузги бўлимга ўтдик, энг аълочи, энг фикрли талаба – Рустам эса армияга кетди.

Аммо ана шу арзимас бир йил бизга – турли вилоятларнинг турли қишлоқларидан келган студентларга бир умрлик дарс, бир умрлик сабоқ бўлди. Домлалардан, дарслик¬лардан эмас, Рустам Обиддан олдик бизлар энг кучли сабоқни. Тубсиз хазина, сеҳрли зот эди Рустам биз учун.

Биз «Гулливернинг саёҳати»ни ўқиб, ўзимизча адабиётчи бўламан, дея ғурурланиб юрганда, у аллақачонлар жаҳон адабиёти дурдоналарини мутолаа қилиб бўлган; биз туман газетида чиққан шаппотдай мақоламиз билан ҳовлиқиб-гердайганда, унинг қатор ҳикояю қиссаси республика матбуотида эълон қилинган, ёзганлари ўқувчилар, адабий жамоа эътиборига тушган, Тоҳир Малик, Сафар Барно, Маҳмуд Саъдий, Мурод Хидир, Маҳкам Маҳмудов, Чўлпон Эргаш каби таниқли ижодкорлар эътирофига сазовор бўлган; биз газет-журналлардаги суратларига қараб, ўзларини кўриш орзусида бўлган ёзувчи-шоирларнинг кўпи билан эса ака-ука бўлиб улгурган эди у. Ғайратий, Қуддус Муҳаммадий, Рауф Парфи, Носир Фозилов, Гулчеҳра Нуриллаева, эҳ-ҳе, яна қанча эъзозли устозлари бор эди унинг. Абдулла Қаҳҳорнинг гурунгларида қатнашган, неча марталаб Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовдек улуғлар билан суҳбатдош бўлган эди, ҳатто!

Билмаган соҳаси йўқ эди: антик адабиёт дейсизми, Ўрхун – Энасой битигларию, Сўғд ёзувлари дейсизми, «Девону луғотит турк», «Қутадғу билиг» ёхуд «Ҳибат-ул-ҳақойиқ» дейсизми – билар эди ҳаммасини.

Бедил, Навоий, Бобур, Машраб, Ҳувайдо ғазалларини домлаларимиздан ҳам тушунарлироқ таҳлил қиларди. Чернишевский, Беленьский, Добролюбов деган рус адабиётшунос-танқидчиларининг асарларини чуқур ўзлаштирган; Бальзак, Дюма, Конан Дойл, Жюль Вернларнинг бутун-бутун китобларини ёдлаб олган эди гўё.

Ўқимаган китоби, билмаган ёзувчиси йўқ эди. Жони-дили эди фантастика. Фантастик-саргузашт жанридаги ҳикояларини ўқиб, лолу ҳайрон қолар эдик. Муаллим – устозларимиз Рустамни келажакда атоқли олим бўлади, деб эъзозлашса, биз – дўстлари, курсдошлари, институтнинг «Чашмалар» тўгараги аъзолари дунёга машҳур ёзувчи бўлади, дея фахрланар эдик.

Бандаларига қобилият тарқатаётиб тангри-таоло навбат Рустамга келганда, саховати жўшиб, қўшқўллаб талант бергандек эди гўё унга. Дўстимизнинг камтарлиги, одамохунлиги ва киришимлилиги эса биз тугул устоз-муаллимларимизниям ажаб¬лантирар, ҳайратлантирарди. Сочлари қордек оппоқ Натан Маллаев, Теша Салимов, Абдураҳмон Алимуҳамедовдек донишманд домлаларимизнинг ҳиди келарди ўн тўқкиз ёшли жўрамизнинг сўзларидан.

Ҳеч кимдан ёрдамини аямайдиган, ҳаммага самимий, ҳамдард, куюнчак, кўнгли тоза, бегидир бундай йигит ер юзида йўқ эди, назаримизда. «Шаҳарликка ўхшамайдиган шаҳарлик», деб таърифлар эдик орқаваротдан. Айрим «городской» тенг-тўшларига мансуб олифтагарчиликлардан асар ҳам йўқ эди унинг табиатида.

Самимияти шу қадар салим эдики, қишлоғимизга биринчи боришидаёқ, синфдошу қариндошларимнинг ҳаммасини мафтун-маҳлиё қилиб қўйди. Улар мендан кўра ўн карра кўпроқ яхши кўриб қолишди уни. Қачон қишлоққа борсам, ҳатто меҳрибонликда тенги йўқ энам ҳам ўзимдан аввал Рустамни сўрар, соғ-саломат юрибдими, нега оп келмадинг, деб ўпкаланарди.

Аммо инсон тақдирини олдиндан башорат қилиш кўп қийин савдо экан.

Рустам ҳарбий хизматдан қайтганидан сўнг бир ёнда эски дўстлардан узоқлашув, бир ёнда оилавий шароит сабаб бўлди, чамаси, кўнгли ўқишдан бироз совиди. Бир йил, биз институтни тамомлагунча кечқурунги ўқишларга чала-чулпа қатнаб турди, кейин ўқишни сиртқига кўчирди ва умрининг охирига довур талаба бўлиб қолди ҳамда талабалигича бу ёруғ оламни тарк этди.

«Мени Геннес китобига ёзишларинг керак, – деб ҳазиллашарди шу мавзудан сўз кетганда ҳамиша ясама ғурур билан жилмайиб. – Ер юзида мендек узоқ ўқиган студент йўқ. Мен ҳалиям пединститут талабасиман».

Отаси ҳам, онаси ҳам оддий ишчи, Рустам оиланинг тўнғичи, рўзғор катта, ёрдам бериш керак эди. Рустам шундай қилди: ҳарбий хизматдан келибоқ, қароргоҳи Бешёғочда жойлашган «Янги техника» номли журналга ишга кирди. «Меҳнат дафтар»часи шу даргоҳда очилди. Кейин «Ўзбекистон физкультурачиси», «Фан ва турмуш» нашрларида журналистлик фаолиятни давом эттирди.

Ундан кейин журналда ишлаш баробарида, кўп йиллар телевидениедаги «Оламга саёҳат» кўрсатувини олиб борди, «Қалб кўзи», «Сирли олам» нашрларида ишлади. Дунёга машҳур адибларнинг бир неча асарларини маҳорат билан ўзбекчага ўгирди. Ҳикоялар, қиссалар ёзди. Илмий журналист, мистика ва парапсихология тадқиқотчиси сифатида танилди. Кўп ишлади, ишлаб роҳатланди. Аммо ҳеч қачон, ҳеч қаерда пул, бойлик орттиришни ўйламади, бирон марта бўлса ҳамки, маошининг қанчалиги билан қизиқмади. Вақти-соати келиб, нафақага чиқаётганида билдики, қаерда ишлаган бўлса, ҳамиша энг кам ойлик маош белгиланган экан унга.

Кейинчалик бошига тушган савдоларнинг биринчи сабабкори ҳам аслида айнан шу – чўнтакнинг қуруқлиги эди. Шу сабаб, азиз маконидан чиқиб кетди. Шу сабаб, неча йиллар уйсиз, жойсиз юрди. Шу сабаб, қариялар пансионатидан паноҳ излашга мажбур бўлди.

Фожианинг бошланиши мана бундай.

Қўқондан қадрдон дўсти кепқолди кунларнинг бирида. Табиий, уйга таклиф қилди. Йўл-йўлакай яна икки қадрдон қўшилди. Уйда эса бир бўлак гўшт тугул, бир тўғрам нон ҳам йўқ эди ўша куни. Доимо иш билан овора бўлиб, рўзғорга аҳамият бермаслик шу куни ўз «кучи»ни кўрсатди. Неча вақтдан бери қора қозонни қайнатиш ташвишида, асабийлашиб юрган Адибахон илкис портлади. «Меҳмон бошлаб келадиган бойвачча аввал дастурхонни тўкис қилиб қўймайдими?!», дея йиғлаб юборди.

Мулзам бўлган меҳмонлар, бўсағадан орқага қайтдилар. Рустам ҳай-ҳайлаб бешинчи қаватдан кўчагача эргашиб борди уларнинг орқасидан.

Меҳмонлар қайтишмади.

Рустам тепага қайтиб чиқди-да, уч-тўрт китоб ва бир-иккита кийим-кечагини қўлтиққа қисиб, мен энди бу уйга бошқа қадамимни босмайман, деганча чиқди-кетди. Кетди ва шу кетганча худдики қасам ичгандай, умрининг охиригача қасамини бузмади.

Рўзғорда, эр-хотин ўртасида бошқа гаплар ҳам бўлгандир, эҳтимол. У ёғи ўзларига аён, бизга қоронғи. Маълуми шуки, ўша куни икки дилни боғлаб турган муҳаббат иплари узилди.

…Рустам Обид гўзал Адибахонни илк марта у Алишер Навоий номидаги адабиёт музейида ишлаётганида кўрган, кейинроқ адабиёт тўгараги машғулотларида кўнгил қўйган эди унга. Муҳаббат ришталарининг боғланишида Адибахоннинг дилбар шеърлари ҳам муҳим роль ўйнаганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Ҳам сиртдан ўқиб, ҳам ишлаётган Адибахонимнинг машқлари тез-тез чиқиб турар эди газеталарда. Афсуски, севишиб қурилган турмуш довулга учради. Оилавий иморат деразаларига теккан тош биллурдек ойналарни чил-чил синдирди.

Одамлар эса… Ғиди-бидига, деди-дедига ўч одамлар турли-туман миш-мишлар тарқатдилар. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Биров «айб аёлда», деса, биров «Рустамнинг ўзида», деди. «Эр-хотиннинг уруши – дока рўмолнинг қуриши», вақти келиб ярашиб кетади», дейдиганлар ҳам бўлди. Лекин ундай бўлмади.

Уч фарзанд – бир ўғил, икки қиз онанинг қўлида қолди. Адибахон балконида гул ўстириб, мактабларга, боғчаларга сотиб, едириб-ичирди болаларни. Рустам ҳам қўли маблағ кўрганда ёрдам бериб турди, баҳоли қудрат, албатта.

Шу зайлда болалар вояга етди, бири узатилди, бири уйланди. Фақат кенжа қизнинг уйда ўтириб қолгани яхши бўлмади… Янаям аянчлиси, она-бола иккинчи марта коронавирусга чалиниб, оғир аҳволда тўшакда михланиб ётгани учун жанозада иштирок этишолмади.

Мен бу аччиқ қисматни айтаётиб, кимнидир оқлаш ёхуд қоралаш фикридан жуда узоқман. Одамзоднинг умр йўллари нақадар ўйдим-чуқур, тақдири нақадар чигал ва бешафқат эканидан эзиляпман, холос.

Хуллас, йигирма йил аввал уйдан чиқиб кетган Рустам гоҳ дўстларининг, гоҳ таниш-билишларининг уйларида, дала ҳовлиларида ётиб юрди. Вокзалларнинг ёғоч ўриндиқларида ғужанак-кулча бўлиб тонг оттирган оқшомлари ҳам кўп бўлди.

Кейин, бир неча йиллик сарсонликлардан кейин, тақдир уни шоир Қадам Саид Муродга (жойи жаннатдан бўлсин) рўпара қилди. Қадам Саид Муроднинг кўмаги ва маслаҳати билан бир амаллаб пансионатга жойлашди.

Бу даргоҳдан паноҳ топишнинг икки хил қоидаси – йўли бор эди. Биринчиси – давлат бюджети ҳисобидан, иккинчиси – ўз ҳисобидан. Ҳеч кими йўқ, ёлғиз қариялар биринчи йўлга мансуб эдилар. Ейиш-ичиш, ётиш-туриш – барчаси текин эди уларга. ¬Рустамга ўхшаб уйи, хотини, бола-чақаси бўлганлар эса ёнидан тўлаши шарт эди харажатларнинг ҳаммасини. Нафақа пули ойлик тўловларга етмас, шу боис пул топишга мажбур эди ¬Рустам.

Биронта газетдами, журналдами ишлай деса, онамерос силла қуриш касали кучайган, автобусларга осилиб ишга бориб келиш мураккаблашган, бир марта икки бекат пиёда юриб бориб, йўл четида йиқилиб қолганидан кейин, айниқса, қўрқиб қолган, эҳтиёт бўлишга мажбур эди. Мардикор бозорига чиқай деса, яна ўша муаммо – куч йўқ, қувват йўқ.

Калаванинг учини тополмай, гангиб турган дамларида Қадам Саид Муроднинг пайдо бўлиши, чин маънода бебаҳо бахт бўлди Рустам учун. Қадам Саид Мурод нашриётлардан таржималар, таҳрир қилинадиган ишлар, гоҳида эса турли мавзулардаги илмий мақолалар топиб келар, Рустам эса тунларни тонгларга улаб, қўлёзмаларни таҳрир қилар, ярамайдиганларини бошқатдан ёзиб, «одам» қиларди.

У ана шу тариқа адабий мардикорчиликни ўрганди ва қарздорлик ташвишидан қутулди. Мавзунинг қандайлигию, буюртмачининг кимлиги қизиқтирмасди Рустамни. Физика ёки математиками, кимё ёки астрономиями, биология ёки фалсафами – буюртма бўлса, кифоя – ҳаммасини кўнгилдагидек адо этарди.

Соҳаларининг энг атоқли арбоблари ҳам қалам текизолмасди унинг ёзганларига. Умрида кўрмаган, танимаган одамлар номидан неча ўнлаб китоблар, рисолалар ёзди. Ким-кимлар унинг машаққатли меҳнати орқасидан номзодлик диссертацияларини ёқлаб, олим бўлиб кетдилар. Не-не бойваччалар оталари, боболари, момолари ҳақидаги семиз-семиз китобларнинг «муаллифи» бўлди.

Шу тахлит ҳаёт бир меъёрда давом ¬этаётган эди. Рустам тинч, хотиржам эди. Ора-орада китоб ўқишга, ҳикоялар ёзишга ҳам вақт топилиб қоларди. Тақдирнинг номардлигини кўрингки, унинг мана шу яримта бахтигаям кўз тегди. 2013 йили, сира кутилмаганда, шоир Қадам Саид Мурод оламдан ўтди.

Рустам яна гўё қўл-оёқсиздай бўлиб қолди. Буюртма йўқ, иш йўқ, мардикорчилик ҳам барҳам топди.

Қариялар қароргоҳининг ўзига хос темир қоидалари бор: ижара ҳақини ўз вақтида тўламаганлар ҳайдаб юборилади. Ўзининг ибратли саъй-ҳаракатлари билан алоҳида ҳурмат-эътибор қозонгани туфайли, албатта, Рустам Обидни неча бор авайладилар, қоидага хилоф эса-да, тўлов муддати ўтиб кетганда ҳам огоҳлантирдилару кўчага қувмадилар.

Дунёда яхши одамлар кўп экан. Ўшаларнинг кўмаги билан кечикиб бўлса ҳамки, қарзлардан қутулиб юрди. Бироқ вақт ўтган сари тўлов ҳақи кўпайиб, қарзлар болалаб кетаверди. Ҳамиша хавотирда яшаш азоби эса сурункали силла қуриш касалини яна жунбушга келтирди. Ётиб қолди. «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» деган фахрий унвон шундай оғир кунларда жонига оро кирди. Унвонда белгиланган имтиёз бўйича иккинчи рақамли ҳукумат шифохонасида ётиб, даволанди.

Бу орада дўстлар, қариндош-уруғлар неча марталаб уйга қайтишга, болалари ёнида яшашга ундадилар Рустамни. Ўғли Дилшод пансионатга келди, ада, маҳаллада бош кўтариб юролмаяпман, ҳамма отасини боқолмай, қариялар уйига ташлаб қўйибди, деб лаънатлагандай бўляпти, юринг, уйга борайлик, бирга яшайлик, дея оёғига йиқилди, ялинди-ёлворди.

У кўнмади. Менга шу ер қулай, ўрганиб қолдим, ўзимга ўхшаш кекса суҳбатдошлар бор, дўхтирлар ёнимда, сал мазам қочса, аста йўталиб қўйсам, кифоя, чопиб келишади, дори-дармон беришади, қарашади, тузатишади. Уйга кетсам, касалимни биласан, дўхтир келгунча йиқилиб қолсам, ўлиб-нетиб қолсам, нима бўлади, болам, деди ўғлига. Сен одамларнинг сўзларига парво қилма, мен сендан ҳам, опанг Азизадан ҳам розиман, сен онангга қара, онангни эҳтиёт қил, деб юпатди Дилшодини. Юпатди, лекин унга эргашиб уйига қайтмади, яшайверди чолу кампирлар салтанатида.

Биламан, бугун ёки эртага, яна турли-туман миш-мишлар тарқалади. Кимлардир ёлғон-тўқима гап-сўзлар чиқарадилар, кимлардир шоша-пиша уларга эргашадилар, маломатлар қиладилар. Ижтимоий тармоқларда бундай «деди-деди»ларнинг ишқивозлари, айниқса, сероб. Бировнинг фожиаси тўйга айланиб кетади улар учун гўё.

Ҳей, биродарлар, биродару азизлар, билмай туриб хулоса қилишга шошилмайлик, ёлғон миш-мишларнинг орқасидан от қўймайлик, битта ёлғон гоҳида неча-неча чин сўзларнинг терисини шилиши, қанча бегуноҳ кишиларни ёмонотлиқ қилиши мумкинлигини унутмайлик. Ҳеч бўлмаса, Саъдий Шерозий ҳазратларининг:

Шошиб ҳар кишики қилич ушлагай,

Пушаймон била ўз қўлин тишлагай,

деган ҳикматларини эсга олайлик.

Яна Рустам Обид айтган мана бу сўзларга ҳам эътибор бериб, мағзини чақишга интилишларингизни илтимос қиламан: «Беайб Парвардигор. Гуноҳларим, хатоларим оз эмас. Мен ўзимни ўзим жазолаяпман. Ўзимга маҳрумият эълон қилганман. Биласиз, моддий дунёга азалдан қизиқиш йўқ. Яратган Эгам дунёдаги барча моддий неъматларни сизлар учун яратдим, деган бўлса ҳам, мен шуларнинг баридан воз кечганман. Ягона суянчим – илм қилсам, одамларга ёрдамим тегса, дейман. Бошқаларни бахтли қилиш – бу ¬дунёда бахтли бўлишнинг энг тўғри йўлидир, деган Пол Гольбах деган файласуф. Жаҳонга машҳур ўнта фантаст ёзувчининг сара асарларини танлаб, тўплаб қўйибман, таржима қилишим керак. Иккита қиссам чала ётибди. Катта романни каллада пишитиб қўйганман. Ҳаммасига улгуришим керак».

Рустам Обиднинг сўнгги йиллардаги энг муҳташам орзу-армони мана шулар эди. На оиласидан, на аёлидан, на болаларидан, на дўстларидан – ҳеч кимдан хафа ёки норози жойи йўқ эди. Қўли калта бўлишига қарамай, ўғли Дилшод, укалари Адҳам билан Ҳикмат, набиралари Ҳабибулла, Ҳамидулла мунтазам хабар олиб турар эдилар. Акаси хонимни яхши кўргани учун Азиза синглиси катта товоқда буғи буруқсиб турган лаззатли хоним пишириб келганини неча марталаб гапириб берган эди Рустамнинг ўзи.

Ягона ташвиши – тобора кўпайиб кетаётган қарз эди. «Жўра, дардинг бўлса бўлсин, қарзинг бўлмасин экан. Гуржу мақолида айтилганидай, қарз товуш чиқармайди, аммо ухлашгаям қўймайди. Бир неча миллиёндан ошиб кетди, менинг қарзларим. Энди қўйишмайди, тугади бу ердагиларнинг сабри, охирига етди менинг иззатим ҳам. Ҳайдаб юборишади. Кўчада қоламан… Ўйласам, ваҳима босади, ухлолмайман. Энг даҳшатлиси, ҳамма режаларим ҳавода муаллақ осилиб қоляпти. Қани энди ҳештимани ўйламай, одамга ўхшаб хотиржам ёзсанг, ижод қилсанг…»

Яратганнинг карами кенг экан. Боши берк кўчадан қандай чиқиб кетишни билолмай турганида, унинг ҳолидан хабар олгани Миллий массмедиани қўллаб-қувватлаш ва ривож¬лантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ва унинг ўринбосари Саида Мирзиёева Қорақамишдаги уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатига келишди. Нафақат барча қарзлар тўлаб берилди, балки Рустам қарз деган балодан бутунлай озод бўлди – Массмедиа фонди уни ўз оталиғига олди.

«Абдисайит, жўражон, худди ширин туш кўраётгандай эдим, ишонгим келмасди, – дея тўлқинланиб, ҳаяжонланиб сўзлаб берган эди ўша воқеани Рустамнинг ўзи. – Улардаги самимият, куюнчаклик… Айниқса, Саидахоннинг кўзларидаги меҳр, домла, аввалроқ билмабмиз-да, энди хотиржам ижод қиласиз Худо хоҳласа, дея афсус аралаш айтган илиқ сўзлари юрагимни қалқитиб юборди. Роса дуо қилдим. Кейин, меҳмонлар кетишганидан кейин, хонамни ичидан беркитволиб, қариганда кўнгил юмшоқ бўлиб қоларканми, боладай йиғладим, севинчимни ичимга сиғдиролмай йиғладим…».

Бироқ кеч келган қувончнинг умри қисқа экан. Камбағалнинг оғзи ошга етганда, боши тошга тегади. Йигирма йил деганда илк марта беташвиш, хотиржам ижод қилишни бошлаган дақиқаларида, яна эски дард бош кўтарди – қон босими тўсатдан пасайиб кетди. Докторлар қанча ҳаракат қилишмасин, чорасини тополмадилар. Бугун, Янги йилнинг иккинчи куни не-не синовларга чидаган, не-не довонлардан эсон-омон ўтган заҳматкаш юрак уришдан тўхтади…

Биродарлар, азизлар, ҳозир ўқиганларингиз марсия ҳам, мадҳия ҳам, тобут олдида марҳум шаънига айтиладиган сўнгсўз ҳам эмас. Бир инсоннинг пешонасига битилган ёруғ ва туманли кунлар, аччиқ-чучук, узуқ-юлуқ воқеаларнинг чала-чулпа ҳикояси холос. — Қадрдон жўрамнинг ҳаёти нега бундай кечди? Нима бу куйга солди? Тақдирми, кўргуликми, ғурурми, ор-номусми? Ўйлайман, ўйлайман, ўйлаб адоғига етолмайман…

Қаршимда бир уюм тупроқ. Таниқли журналист, таржимон ва ёзувчи Рустам Обид ётибди шу тупроқ уюми остида. Қуръон тиловат қилаётган домланинг босиқ, вазмин овози бир зайлда қабрлар оралаб сузаётир…

Абдусаид КЎЧИМОВ, 
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг