Рўзадорлик одоби
Рўза ва унинг саломатлик, хулқ ва одобга таъсири борасида илмий тасдиқланган маълумотларни келтиришда давом этамиз.
Таҳлилларга кўра, рўзадорлик вақтидаги мунтазам, аммо жиддий куч сарфланмаган ҳаракат ва очлик соғлиқни тиклашга ва мустаҳкамлашга икки карра ҳисса қўшади. Ҳаракат қилмасдан вақтни фақат ётиб ўтказиш эса секин-аста юракнинг кам уриши ва организмнинг шунга кўникиб қолишига, ҳолсизланиш ҳолатларига олиб келади.
Суткасига камида 7 соат ухлаб олиш керак, лекин кундузи ухлашга шароитингиз бўлса, бу уйқуни камида иккига кўпайтириб, ҳисоб-китоб қилиш тавсия этилади. Зеро, кундузги 1.5–2 соатлик уйқу тунги 4–5 соатнинг ўрнини босади, бунинг сабаби бизни ошқозонимиз тоза ҳолатда эканлигидадир.
Саҳарликда меъёридан ортиқ ва тартибсиз овқатланиш ўта нотўғридир. Бу ошқозонда муаммолар келтириб чиқаради ҳамда кун давомида оч ва чанқаб юришга сабаб бўлиши мумкин. Ортиқча вазнга эга одамлар саҳарликда номига мевалардан еб олиб, сувдан тўйиб олишса, шунинг ўзи кун давомида енгил юришларига етарлидир.
Саҳарликда яхши овқатланиб туриб шартта чўзилиб ётиш жудаям зарарли. Бу ҳолат ошқозон-ичакларимизнинг иш фаолиятини бузиб, кун давомида беҳол юриш ёки шу билан ошқозонда муаммолар келтириб чиқариб, қийналиб қолишимизга сабаб бўлиши мумкин. Камида саҳарликдан 2 соат ўтказиб кейин ухлаш тавсия қилинади.
Оғиз очганда яхдек ичимлик билан чанқоқни босиш зарарли. Кун давомида ошқозон ва ички аъзолар ўзини ўзи даволаш билан банд бўлади ва ички ҳарорат иссиқ турган пайтда муздек ичимликни ичиш бу худди қизиб турган ёғга сув сачратишдек гап. Бу нафақат рўзанинг шифобахшлик хусусиятини пасайтиради, балки ифторликда ейилган овқатнинг тез ҳазм бўлишига ҳам тўсқинлик қилади.
Оғиз очган пайтда жуда ҳам кўп сув ичиш ҳам иштаҳани бўғиб қўяди. Натижада, яхши овқатланолмай қоласиз ёки мажбуран овқатланиш натижасида эрталабгача еган нарсангиз ҳазм бўлмасдан қийналиб юрасиз.
Овқат пайти мева, ширинликлар, торт, шоколад, газланган ичимликлар қўшиб истеъмол қилиш мумкин эмас. Булар бирга аралашса, ҳазм жараёнини секинлаштириб, рўзадорни қийнаб қўяди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter