Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Россияда оммавий муштлашувлар. Можарога ўзбекистонликлар ҳам аралашиб қолаётганидан хавотир билдирилди

Россияда оммавий муштлашувлар. Можарога ўзбекистонликлар ҳам аралашиб қолаётганидан хавотир билдирилди

Фото: Ижтимоий тармоқ

Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги қуролли зиддият Россия ҳудудига кўчди. Москва ва Подмосковье ҳудудида озарбайжон ва арман миллатига мансуб фуқаролар ўртасида қонли тўқнашувлар кузатилди.

Россия ҳуқуқ идоралари ушбу зиддиятни «ўрик уруши» деб атади. Гап шундаки, можаро Москвадаги йирик савдо марказларидан бири «Фуд Сити»га Арманистондан юборилган ўрикларнинг ўтказилмаганидан бошланган. Бу эса тутаб турган оловга мой сепгандек таъсир кўрсатган. Россия пойтахтида арман ва озарбойжонлар ўртасида оммавий муштлашувлар рўй берган. Икки миллат вакиллари бир-бирига қарашли кафе, ресторан ва дўконлар ҳамда автомобилларга ўт қўйган. Ижтимоий тармоқ орқали тарқатилган гижгижловчи видеоматериаллар миллий низонинг авж олишига сабаб бўлган.

Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўнлаб безорини қўлга олган. Улар Арманистон ва Озарбойжон фуқаролари экани аниқланган. Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг безорилик, босқинчилик каби моддалари билан жиноий ишлар қўзғатилган. Полиция оммавий муштлашувларда қатнашганлар Россиядан депортация қилинишини истисно этмаган. Мамлакатнинг шимолий пойтахти – Санкт-Петербургда ҳам ҳибслар амалга оширилган.

Миллий низо ўз вақтида бартараф этилмаса, ўрмонга ўт кетиб ҳўлу қуруқ ёниши ҳеч гап эмас. Шу боис вазиятга ошиғич равишда Федерал хавфсизлик хизмати аралашган.

Хавфсизлик идораси расмийлари ҳар икки миллат вакилларини суҳбатга чақириб, зиддиятга алоқадор шахслар «жуда қаттиқ жазоланиши», вазият «шахсан мамлакат раҳбарияти назоратида» эканини маълум қилган. Пировардида Россиядаги арман ва озарбойжон жамоалари етакчилари миллатдошларини провокацияга учмасликка чақирган.

Ҳуқуқ идоралари арман ва озарбойжон миллатига мансуб жиноий авторитетлар билан ҳам суҳбатлашган.

Оммавий муштлашувларга Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам аралашиб қолаётгани борасида хавотир билдирилган. Хусусан, Москвада фаолият юритиб келаётган ҳуқуқшунос Зарнигор Омонуллаева ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини соғлом ақлга таянган ҳолда иш тутишга даъват қилган.

«Мендаги маълумотларга кўра, «Фуд Сити»да ва яна бошқа икки миллат вакилларига қарашли объектларда ишлайдиган мигрантлар – ўзбеклар, тожиклар ва ҳ.к. ҳам «дўстлари учун» конфликтларга аралашиб қоляпти экан. Умуман аралашманглар! Муштлашувни тўхтата олсангиз, тўхтатинг. Олдини ололсангиз, олинг. Лекин ҳеч кимнинг тарафини олиб, муштлашиб юрманг. Биринчидан, бу – ноқонуний. Миллатларо тўқнашувни ёқламанг. Иккинчидан, чет эл фуқароси бўлганингиз учун, Россия қонунчилигига кўра депортация қилинасиз. Буни хоҳламасангиз керак», – деб ёзган ҳуқуқшунос З. Омонуллаева.

Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги ҳудудий низо собиқ шўро давлатидан мерос экани сир эмас. Тоғли Қорабоғ Озарбойжондан мустақиллик эълон қилгач, 1991-1994 йилларда Озарбойжон ва Арманистон ўртасида шиддатли жанглар кечди. Расмий Боку амалда Арманистон назоратида бўлган тарихий ҳудудини қайтариш учун салкам 30 йилдан бери курашиб келади. Ўтган вақт давомида томонлар гоҳида сулҳга эришса, гоҳида қонли тўқнашувлар яна авж олади. Жорий йил 12 июль куни давлатлараро қуролли тўқнашув яна бошланди. Ҳар икки томон бир-бирини халқаро меъёрларни бузган ҳолда тажовуз қилишда айблади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг