Республикада илк бор ичимлик ва оқова сув соҳасида давлат-хусусий шериклик бўйича халқаро очиқ тендер ўтказилади
Бугунги кунда республика ҳукумати томонидан давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Республикадаги барча соҳаларга бюджет юкини камайтириш мақсадида йирик лойиҳаларга хусусий секторни жалб этиш ишлари 2018 йилдан жадаллашиб, бу борада алоҳида қонун ва 10 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4040-сон қарори топшириқлари билан сув таъминоти ва канализация соҳасидаги хизматлар сифатини, тармоқ корхоналари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, тўғридан-тўғри, авваламбор, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш асосида ишончли молиялаштириш манбаларини ташкил этиш мақсадида соҳага хусусий секторни жалб қилиш белгиланган.
Ушбуларга кўра Наманган шаҳар оқова сув иншоотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш ва эксплуатация қилиш режалаштирилган. Бу ҳақда «Ўзсувтаъминот» АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бугунги кунда мазкур лойиҳа Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва Осиё тараққиёт банки билан биргаликда амалга оширилмоқда.
Наманган шаҳар оқова сув иншоотининг тизимлари 1960 йилда қурилган бўлиб, бугунги кунда ушбу оқова сув тозалаш иншоотларининг 70 фоизи таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмагани натижасида ишдан чиқиб, тозаланмаган оқова сув Сирдарё дарёсига оқизилмоқда.
Осиё тараққиёт банкининг ёлланган хорижий экспертлари томонидан 2019 йил сентябрь ойидан бугунги кунга қадар ўтказилган тадқиқотлари натижасида ҳозирги вақтда мазкур объект жуда оғир аҳволда ва фойдаланишга яроқсиз экани, оқова сув ифлослантирувчи моддалардан деярли тозаланмаётгани, мавжуд тизимни тиклаб бўлмаслиги ва унинг ўрнига янги иншоот қуриш талаб этилаётгани тўғрисидаги хулосаси олинган.
Иншоотнинг асосий хизмат кўрсатиш ҳудуди Наманган шаҳри бўлиб, аҳолининг атиги 27 фоизи оқова сув тармоғига уланган.
Режалаштирилган лойиҳа амалга оширилиши натижасида:
- «Наманган сув таъминоти» МЧЖ томонидан Наманган шаҳар ва унга туташ 5 туман аҳолиси оқова сув хизматлари билан тўлиқ қамраб олинади ҳамда аҳолининг қамров даражаси 10 фоиздан 70 фоизга етказилади;
- оқова сув тармоқларидан фойдаланиш самарадорлиги оширилади ва аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифати яхшиланади;
- Сирдарё дарёсига оқизилаётган ифлослантирилган сувлар миқдорини сезиларли даражада камайтириш орқали атроф-муҳитни тозалаш сифатини ошириш, экологик вазиятни барқарорлаштириш, аҳоли соғлиғини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги учун қайта фойдаланишга яроқли оқова сув чиқаришга эришилади;
- оқова сувларни тозалаш хизматлари сифати оширилади ва хизмат кўрсатиладиган аҳоли ва саноат корхоналари сони кўпайтирилади;
- соҳага илғор технологик инновацияларни қўллаётган халқаро хусусий компанияларни жалб қилиш орқали хизмат самарадорлиги ва сифати оширилади;
- хусусий компаниялардан оқова сувларни тозалаш иншоотларининг ишлаши бўйича илғор билим ва замонавий технологияларни татбиқ этиш бўйича ўқув машғулоти маркази ташкил этилади;
- «Наманган сув таъминоти» МЧЖ ва ҳудудий сув таъминоти мутахассислари малакаси оширилади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, мазкур лойиҳа бўйича халқаро очиқ тендер ўтказилади.
Манфаатдор ҳамкорлар тендерда қатнашишга таклиф этилади.
Тендер талаблари масъул ташкилотлар веб-сайтларида эълон қилинади.
Тендерда иштирок этиш истагини билдирган ҳамкорлар 2020 йил 11 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 18:00 гача рўйхатга олинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter