Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рашиджон Қодиров хорижга учиб кетмоқчи бўлганида Тошкент аэропортида ушландими?

Рашиджон Қодиров хорижга учиб кетмоқчи бўлганида Тошкент аэропортида ушландими?

Foto: «Xabar.uz»

2018 йилнинг 22 февраль куни Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бугун,  24 февраль куни ушбу маълумотни расман тасдиқлади.

Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори товламачилик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва пора олишда гумон қилинмоқда


Мавзуга доир:
Собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳақида нималарни биламиз?


«Xabar.uz»даги маълумотларга кўра, Рашиджон Қодиров хорижга учиб кетмоқчи бўлганида Тошкент аэропортида ушланган. Бу маълумотни Бош прокуратуранинг расмий сайтида бугун эълон қилинган баёноти ҳам қайсидир маънода тасдиқлайди. Унда «23 февраль куни Р.Х.Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушлангани» қайд этилади.

Жиноят-процессуал кодекси (ЖПК)нинг мазкур моддасида белгиланишича, жиноятни содир этишда гумон қилинган шахс қуйидаги асослар мавжуд бўлганда ушлаб турилиши мумкин:

1) шахс жиноят устида ёки бевосита уни содир этганидан кейин қўлга тушса;
2) жиноят шоҳидлари, шу жумладан жабрланувчилар уни жиноят содир этган шахс тариқасида тўғридан-тўғри кўрсатсалар;
3) унинг ўзида ёки кийимида, ёнида ёки уйида содир этилган жиноятнинг яққол излари топилса;
4) шахсни жиноят содир этишда гумон қилиш учун асос бўладиган маълумотлар мавжуд бўлиб, у қочмоқчи бўлса ёки доимий яшайдиган жойи йўқ ёхуд шахси аниқланмаган бўлса.

Собиқ Бош прокурорга нисбатан ЖПКнинг 221-моддаси 4-банди қўллангани эҳтимоли юқори. Ҳозирча бу борада расмий маълумот берилмади. Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Гулноза Раҳимова «Xabar.uz»нинг сўровига расмий баёнотда келтирилганидан бошқа маълумотни бера олмаслигини айтди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг