Рамазон ҳайитини нишонлаш ва Ҳайит намозини ўқиш тартиби эълон қилинди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг 2020 йилги Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёноти эълон қилди.
– Бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги кенг тарқалди. Ҳозир инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Юртимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Юртимизда бу касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин ва бир қатор чекловлар жорий этилди.
Қатъий карантин чораларини қўллаш билан мамлакатда касалликнинг қайд этилган ҳолатларига нисбатан ҳам, кунлик янги ҳолатлар ҳам паст даражада сақланиб турибди. Юртимиз ушбу офатдан ортиқча талафотларсиз чиқишга эришмоқда ва вазият барқарорлашгани сари карантин чоралари секин-аста юмшатилмоқда. Лекин, бутун дунёнинг кўплаб мамлакатларида янги турдаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда.
Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси ва Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда жума намози ўрнига уйда пешин намозини, беш вақт намоз ва Рамазон ойидаги таровиҳ намозини уйда ўқиш ҳақидаги тавсиялар айни Рамазон ҳайити намозига ҳам тегишлидир.
Рамазон ҳайити кунлари эпидемик ҳолат мавжудлиги ва одамларнинг ҳаётига хавф сақланиб қолиши сабабли жума ва бошқа намозлар каби Ийд намозини ҳам жамоат бўлиб ўқишнинг иложи бўлмайди.
Шаръий далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши карантин шароитида Рамазон ҳайитини нишонлаш бўйича қуйидаги тавсияларни тақдим этади:
- Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвоси асосида масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилганини инобатга олган ҳолда Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини ўқиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлади.
Юртдошларимизга ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилади.
- Уламолар ва имом-хатиблар томонидан бугунги вақтинчалик қийинчиликларга қарамасдан, Рамазон ҳайити ҳар доимгидек хонадонларимизга, дилларимизга қувонч, юртимизга файз-у барака кириши, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизни янада зиёда бўлишига сабаб экани тўғрисида, оммавий ахборот воситалари, теле, радиоканаллар, босма ва электрон нашрларда кенг кўламли тарғибот ишлари амалга оширилсин.
- Ҳайит арафасида ва байрам кунлари ёши улуғ кексаларимиз ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳамда ҳайит билан табриклаш ва бошқа миллий урф-одатларимиз билан боғлиқ анъаналаримизни карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш тавсия этилсин.
- Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкенг шаҳри ва вилоятларнинг марказларида «Рамазон ҳайити – хайру саховат айёми», «Рамазон ҳайити – хурсандчилик мавсуми», «Ийдул фитр – катта шодиёна» мазмунидаги ёзувлар пешлавҳалари жойлаштирилсин.
- 2020 йил 24 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Рамазон ҳайити табриги юртимиз аҳлига етказилсин. Ушбу табрикдан сўнг энг табаррук уламолар томонидан Рамазон ҳайити фазилатлари тўғрисида телевидения орқали интервьюлар тизимли равишда давом эттирилсин.
- Рамазон ҳайити арафасида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, ҳомийларни жалб этган ҳолда «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати кенг қамровли амалга оширилсин.
- Рамазон ҳайити арафасида барча телеканаллар орқали эфирга узатилиши режалаштирилган кўрсатувлар Медиа-режаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари ҳамда халқимиз орасида обрўли диний уламоларимиз томонидан ташкил қилинсин ва кенг ёритилсин.
- Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари томонидан ижтимоий тармоқлар орқали, «Рамазон ҳайити муборак бўлсин!» мавзусидаги маърузаларни Рамазон ҳайити куни онлайн тарзда бериб бориш ташкил этилсин.
Азиз юртдошлар, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу дамда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Халқимизни, жонажон Ватанимизни офат-у кулфатлардан, бало-ю қазолардан Ўзи сақлаб, ҳаётимизни бундан-да фаровон қилсин, дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши баёнотида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter