Раҳбарлик лавозимида қанча аёл бор? Сенатор ва депутатларчи?
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси томонидан «Журналист аёлларнинг миллий медиамуҳитдаги ўрни» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи хизматчиларнинг 45 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400га яқин аёллар раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда. Улардан 24 нафари сенатор, 48 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлиб фаолият юритмоқда. Парламент аъзолари орасида журналист аёлларнинг ҳам борлиги бу касб соҳибаларининг сиёсат соҳасидаги фаоллигидан далолат беради.
Мустақиллик йилларида 2 минг 180 нафардан ортиқ хотин-қизлар юксак давлат мукофотларига сазовар бўлган. Шу ўринда 30 нафар аёл «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» унвонига эга экани, ўнлаб аёлларнинг «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони, орден ва медаллари билан тақдирлангани ҳам уларнинг хизматларига бўлган эътиборнинг далилидир. Журналистлар ижодий уюшмаси томонидан ўтказиб келинаётган «Олтин қалам» Миллий мукофоти ва халқаро танлов ғолибларининг 90 нафари, «Йилнинг энг фаол журналисти» ва «Энг улуғ ва энг азиз» республика танловларининг 160 нафари журналист аёллар эканини ҳам қайд этиш жоиз.
Тадбир сўнгида журналист аёлларга баҳорий гулдаста ва эсдалик совғалари топширилди.
Гулноза Турғунбоева
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter