Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Раҳбарингизнинг қиёфадоши борми?

Раҳбарингизнинг қиёфадоши борми?

Ўзбекистондаги катта ташкилот раҳбарларининг ҳаммаси «аппаратда» ишлайдими?! Куннинг қайси пайтида қўнғироқ қилсанг ёки (ҳатто қабул кунларида) сўроқлаб борсанг ҳам, силлиққина қилиб «Аппаратга кетувдилар» дейишади. Кимлигинг ва нима мақсадда келганинг ҳақида аниқ маълумот қолдирасан, керак бўлса, масалани бошқа масъулларга тушунтирасан. Йўқ, раҳбар жаноблари на жавоб қилади, на эътибор!

Ўша – уззукун «аппаратда» бўладиганларнинг бир нечтасини «Муносабат» кўрсатувида сайраётганини кўриб қоламан. Уларнинг гапини эшитган одам «Бу шўрлик эрта-кеч халқнинг ғамида, халқ орасида юрибди экан», деб ўйлайди.

Бир куни «Муносабат» кўрсатуви тўғридан-тўғри олиб берилаётган вақтда — айни шу кўрсатувда қатнашаётган раҳбарнинг қабулхонасига қўнғироқ қилдим. Котиб тўтиқушдай доимги гапини такрорлади:

- Узр, раҳбаримиз «аппарат»га кетгандилар.

- Раҳбарингизнинг «двойниги» борми?

- Тушунмадим, узр.

- Айни пайтда «Муносабат» кўрсатувида раҳбарингиз ўзи қатнашяптими ёки қиёфадошими, деяпман. Хонангизда телевизор борми?

- ...

Котиб гап нимадалигини барибир тушунмади. У шўрлик ҳам раҳбарининг «аппаратга кетяпман» деганига ишонса керак-да...

Дилфуза Комил

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг