Қуръони карим мусобақаси давом этмоқда
Хабарингиз бор, 2017 йилнинг 1 сентябрь куни «Ҳазрати Имом» мажмуасига ташриф буюрган Ўзбекистон Президенти Қуръони карим мусобақасини ўтказиш ҳақида кўрсатма берган эди.
Шу вақтгача мусобақанинг туман-шаҳар ва вилоят босқичлари ўтказилди.
Ғолиб деб топилган 139 нафар (89 нафар йигит ва 50 нафар аёл-қиз) иштирокчи мусобақанинг республика босқичида иштирок этиш имконига эга бўлишди.
Қувонарлиси, мусобақанинг илк йилидаёқ иштирокчилар сони беш ярим мингга етди. Бу эса халқимизнинг Қуръонга бўлган юксак муҳаббати ва ихлосини кўрсатади.
Ниҳоят, бугун Тошкент шаҳар Талабалар шаҳарчасидаги «Ёшлар маркази» биносида Қуръони карим мусобақасининг республика босқичи бошланди.
Мусобақани Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари очиб берди. Ҳазрат маърузасининг бошида Қуръони карим мусобақаси мўмин-мусулмонларимиз кўпдан бери интиқиб кутган шодликларни олиб келгани, қалбда мамнунлик, кўзда ёш ила қилинган дуолар, ҳузурбахш тиловатлар сабаб юртимизга файзу барака ёғилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, Қуръон ўқиш фойдалари ҳақида оятлардан ва ҳадислардан намуналар келтирди.
— Зеро, Қуръон ўқилганда мўмин-мусулмон банда бутун вужуди билан Каломуллоҳга соме бўлади. Ўқилаётган оятлар ҳақида тафаккур қилади. Ана шунда улуғ ажру савобларга эришади. Бу ҳақида Аъроф сурасининг 204-оятида бундай дейилади: «Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд шунда раҳм қилингайсиз!», — дея сўзлади муфтий ҳазратлари.
Шунингдек, мусобақада ҳамкорлик қилганлиги ва уни ташкиллаштиришда яқиндан ёрдам берганлиги учун Ёшлар иттифоқи ҳақида илиқ фикрлар билдирди:
— Айниқса, диний идорамизнинг доимий ҳамкори бўлган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мусобақани ўтказишда яқиндан ҳамкорлик қилиш таклифи билан чиққани бизни қувонтирди. Биз ушбу таклифни мамнуният билан қабул қилдик. Ёшлар иттифоқи ғолибларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш каби энг улуғ савобли ишларни ўз зиммасига олди, бунинг учун албатта ташаккур айтамиз.
Эслатиб ўтамиз, мусобақа йигитлар ва аёл-қизлар ўртасида икки ёш тоифаси(18-25 ёш ҳамда 26-40 ёш)да ўтказилади. Йигитлар ўртасида 21-24 апрель кунлари, аёл-қизлар ўртасида эса 25-26 апрель кунлари бўлиб ўтади.
Мусобақа иштирокчилари ҳифз (Қуръони каримни тўлиқ ёд олган мураттаб қори ва қориялар) ва тиловат (Қуръони каримни чиройли ўқийдиган, муважжад қори ва қориялар) йўналишида баҳслашадилар.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жараённи онлайн намойиш этиш учун катта ҳажмдаги мониторлар ўрнатилган.
Мусобақа сўнгида жами 36 нафар ғолиб аниқланади.
Ҳифз йўналишида 1-ўрин соҳиблари ота-онаси билан, тиловат йўналишида 1-ўринга сазовор бўлганлар эса ҳамроҳи билан умра сафарига бориш имконига эга бўладилар.
Мусобақанинг ҳифз йўналишида энг юқори балл тўплаган ғолибга олий соврин — Ўзбекистон Президенти совғаси — автомобиль тақдим этилади.
Шунингдек, иштирокчилар орасидан «Энг хушовоз Қуръон қорияси», «Энг ёш Қуръон қорияси» ва «Матонатли қори» номинациялари ғолиблари ҳам аниқланади.
Мусобақа давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter