Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қўйлиқдан Сергелига метро орқали 15 дақиқада етиб олиш мумкин бўлади

Қўйлиқдан Сергелига метро орқали 15 дақиқада етиб олиш мумкин бўлади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни Тошкент метрополитенидаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.

2020 йил августда Тошкент ерусти метросининг биринчи босқичи ишга туширилган эди. Ўша йил декабрда Сергели йўналиши очилди. Бугунги кундаги йўловчилар оқимидан билиш мумкинки, бу лойиҳалар ўзини тўла оқлади.

Бу ишлар изчил давом эттирилиб, мазкур икки йўналишни боғловчи Қўйлиқдан Сергелигача бўлган метрополитен барпо этилмоқда. Қарийб 12 километрлик бу қисмда 7 та бекат бўлади. Айни кунларда унинг Қурувчилар даҳасигача борган 5 та бекати қуриб битказилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу транспорт иншоотини бориб кўрди. Нуронийлар ва фаоллар билан суҳбатда лойиҳанинг аҳамияти ҳақида сўз борди.

— Охирги йилларда бу борада ҳам тажриба тўпладик. Қўйлиқ йўналишида 7 та, Сергелида 5 бекатли ерусти метролари қурилди. Олдин Тошкент метрополитенидан 240 минг йўловчи фойдаланган бўлса, бугунги кунда 600 мингдан ошди. Режамиз — 1 миллион йўловчи. Агар ўз вақтида буни бошламаганимизда, шаҳар транспортида коллапс бўлиши мумкин эди. Энди муқобил энергетикани ҳам ўрганмасак бўлмайди, — деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз жамоатчилик вакиллари билан бирга метрода юрди.

Қурувчилар даҳасидан Қипчоқ бекатигача бўлган қарийб 4 километрлик метро йўли ҳам яқин ойларда ишга туширилади. Шу тариқа, Қўйлиқ ва Сергели орасидаги қатнов вақти 15 дақиқани ташкил этади. Мазкур йўналиш бир кунда 40 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.

Бунинг эвазига шахсий транспортларга эҳтиёж камайиб, тирбандлик бартараф этилади. Хусусан, Қўйлиқ – Сергели йўналишида ҳаракатланадиган кунлик автомобиллар сони 40 мингтагача қисқариб, транспорт оқими 12 фоиз камайиши мумкин.

Умуман, ушбу босқич қуриб битказилиши билан Тошкент метрополитенининг жами узунлиги 70 километрдан зиёд, бекатлар сони 50 та бўлади. Метрода юрувчи кунлик йўловчилар сони 650 минггача етади. 245 та янги иш ўрни яратилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг