«Қўйинг, интернетга чиқарманг» – бир қўл билан ишлаб юрган боғбон
Уни дастлаб ер чопаётган пайти кўрдим. Белкуракни биқинига тираб, ерга босар ва ягона қўли билан тупроқ ағдарарди. Кейин гулзорларни кетмон билан тозалашига кўзим тушди. Болаларим ўқийдиган мактаб деворларини бўяб юрганида тушундимки, навбатдаги қаҳрамоним қаршимда.
Ёш журналистлар мақолалар учун қаҳрамонларни қандай топиш ҳақида кўп сўрашади. Бунинг ҳеч қандай сири йўқ, улар орамизда, ҳар қадамда учрайди. Фақат очиб бериш керак холос.
Бир қўлидан айрилганига қарамай мактабда боғбон бўлиб ишлаётган Абдувоҳид ака билан суҳбатимиз жуда қисқа бўлди. Энг қизиғи, ҳар қанча сўрашимга қарамай на фамилиясини, на ёшини била олдим.
– Қўлни қаерда йўқотгансиз?
– Темирйўлда ишлаганман. Бир бахтсиз ҳодиса бўлиб, қўлимдан айрилганман.
– Мактабда штат асосида ишлайсизми, қийналмайсизми?
– Йўқ, ўрганиб қолганман. Тонг саҳар 5-6 бўлмай тураман ва шу билан кечгача ҳаракатдаман. Иш жуда кўп. Мактабни ўқув йилига тайёрлашда қатнашдим. Ҳозир охирги бўёқ ишларини бажаряпман. Ишламасам, касал бўлиб қоламан.
– Қўлингиздан айрилганда тушкунликка тушгандирсиз?
– Ҳа, 5-6 ой ётиб қолганман. Фақат илтимос, мени интернетга чиқариб юборманг.
– Нега энди? Соппа-соғ одамлар иш йўқ деб, боқиманда бўлиб, ёрдам сўраб ётишади. Сиз каби инсонлар уларга ўрнак бўлиши керак.
– Раҳмат. Энди шу ерларни обод қилайлик, деб юрибмизда биз ҳам. Давлат пенсия ҳам беради, лекин камроқ. Шу камини тўлдирайлик деб қимир-қимирда...
Абдувоҳид ака шу мактабда ишлаётганидан жуда хурсанд бўлдим. Чунки ҳаётга жуда енгил қарайдиган болалар унинг қиёфасида иродасини кучайтирсалар ажаб эмас.
Аброр Зоҳидов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter