Қорақалпоғистоннинг қатор туманлари аҳолиси стоматологик кўрикдан ўтказилди
Жорий йил 19-26 ноябрь кунлари Тошкент давлат стоматология институти ва Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорликда “Бор меҳримиз шу халқ учун, шу Ватан учун!” шиори остида хайрия ҳафталиги ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ, Тахиатош, Қораўзак, Нукус ва бошқа ҳудудларида чуқурлаштирилган стоматологик кўриклар ўтказилди.
Тиш касалликларининг статистик кўрсаткичларини ўрганиш, сурункали беморларни клиник кўрикдан ўтказиш, тиш касалликлари олдини олиш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш мақсадида ташкил этилган ушбу хайрия тадбирида маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда, мазкур институтнинг йигирмадан ортиқ тажрибали мутахассислари (терапевтик стоматология, болалар стоматологияси, ортодонтия, жарроҳлик стоматологияси) ҳам иштирок этди.
Тадбир жараёнида эпидемиологик ҳолат тўғрисидаги маълумотлар натижалари, хусусан, аҳоли ўртасида тиш патологиясининг тарқалиш даражаси, минтақанинг иқлим ва географик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда стоматологик хизматни ташкил этиш, бошқариш ва фаолиятини тизимли таҳлил қилиш, стоматологик ёрдам кўрсатишни яхшилаш моделлари учун тавсиялар ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, хайрия тадбири доирасида тишлар ва пародонт касалликларининг бирламчи профилактикаси, шунингдек, болалар, ўспиринлар, ҳомиладор аёллар ва барча аҳоли қатлами ўртасида тишлар ва оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг санитария-гигиена тадбирларини кенг миқёсда амалга ошириш учун ўқув семинарлари ва маҳорат дарслари ўтказилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter